Мусулмон киши фирибгарлик, ёлғончилик ва хиёнат қилмайди, чунки ростгўйликнинг зарур шартлари ихлос, адолат, ботиний поклик ва садоқатни намоён қилиш ҳисобланади.
Ростгўй мусулмоннинг виждони ёлғон гапиришга ва ёлғонни кўрса, унга сабр-тоқат қилишга йўл қўймайди, ҳатто бундай гуноҳни хаёлидан ўтказганида, ҳақиқий мусулмоннинг эти қўрқувдан жунжикиб кетади. Зеро, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларида :
مَنْ غَشَّ فَلَيْسَ مِنِّي
«Ким алдаса, мендан эмас!», деб марҳамат қилдилар. (Имом Муслим ривояти)
Афсуски, Аллоҳдан қўйрқмай ёлғон гапираётган ва ўзларининг ғаразли мақсадларига эришиш учун оддий мусулмонларни алдаётганлар ҳам орамизда топилади. Имом Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳнинг “Васия” асарларидан айтган сўзларини мисол қилиб келтиришни хоҳлар эдик:
نُقِرُّ بأنَّ اللهَ تعالى على العرشِ استوى من غيرِ أن يكونَ له حاجةٌ إليه واستقرار عليه
«Биз Аллоҳ таоло аршга унга ҳожати тушмасдан ва унга (устига) (استقرار) ўрнашмасдан истиво қилди деб тасдиқлаймиз.»
“Дору ибн Ҳазм” матбасидан чоп этилган китоб нусҳасида жумла орасига ортиқча вергул қўйилиб, استقرار (истиқрор) сўзидан икки ҳарф олиб ташланган (ر ва ا) [ «Ро» ва «Алиф»], натижада استقر (истақорро-унга ўрнашди) деган маъно келиб чиқди. Имом Абу Ҳанифа айтган ва Аҳли сунна валжамоа эътиқодига мувофиқ келадиган маънодан умуман бошқа, тескари маъно келиб чиқди.
Суратда ўзгартириб нашр қилинган ўша китоб ҳамда салафийлар ўзлари мурожаат қиладиган қўлёзма асарининг нусхасини кўришингиз мумкин. Энг ажабланарлиси сохта салафийлар ўзлари энг ишончли ва яхши деб ҳисоблайдиган қўлёзмадан фойдаланиб келишмоқда.

Бу иш худди яҳудийларнинг Тавротда келган Пайғамбаримиз ҳақидаги оятларни таҳриф қилганлари, яъни ўзгартирганлари ёки йўқ қилиб юборишларига ўхшайди.
Биз бидъат аҳлининг фитнасидан, уларнинг аҳли сунна вал жамоага қиладиган ёмонликларидан Аллоҳ таолодан паноҳ сўраймиз ҳамда илм толибларидан китоб танлашда ўша китоб қайси нашриётда ва ким томонидан нашр қилинганига эътибор беришларини сўраб қоламиз!
✍️Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти Матбуот котиби Рустам домла Охунжонов тайёрлади






