Аввал хабар берганимиздек, бугун, 25 февраль куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари раҳбарлари семинари бўлиб ўтди.


Ушбу семинарда Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти мудири Маъмуржон домла Эркаев қатнашди.
Семинарни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, с.ф.д., профессор M.Муҳаммадсиддиқов очиб берди.

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари, т.ф.д., профессор Д.Maxсудoв сўзга чиқиб, Диний-маърифий соҳада кадрлар тайёрлаш сифатини янги босқичга кўтариш, диний таълим тизимидаги мавжуд муаммолар, уларнинг ечимлари ва истиқболдаги режалар ҳақида сўз юритди.

Семинар давомида M.Муҳаммадсиддиқов сўзга чиқиб Диний таълим муассасаларида ўтказилган аттестация натижалари, ижтимоий-гуманитар фанларнинг ўқитилиш улушини ошириш, таълим сифатини янада такомиллаштириш ҳамда ўқув режа ва дастурларини янгилаш хусусида сўзлаб, давлат томонидан яратиб берилаётган имкониятлардан фойдаланган ҳолда олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларида диний таълимни янги босқичга олиб чиқиш бугунги кун давр талаби экани таъкидланди. Мазкур мақсадни амалга ошириш ва таълим сифатини янги босқичга олиб чиқиш мақсадида диний таълим муассасаларида олдин 25 фоизни ташкил қилган ижтимоий-гуманитар фанлар улуши 40 фоизга етказилганини қайд этди.Йиғилганлардан таклиф ва мулоҳазлар тингланиб, семинарнинг асосий қисми якунига етди.



Семинарга ташриф буюрган Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари раҳбарлари Олий маъҳад талабалари билан учрашдилар.



Кўкалдош ўрта махсу ислом билим юртини сўнгги тўрт йил ичида битириб, айни пайтда 1-4 курсда таҳсил олаётган талабалар билан учрашув бўлиб ўтди.



Талабаларнинг илм олиш билан бирга келажакда халқимизга соф исломий билимларни етказиш, аҳолининг маънавий ҳаётини янада юксалтириш ҳамда аждодларимизни бой-маънавий меросини етказиш каби бир қатор масалаларда маъруза қилинди.
Кўкалдош ЎМИБЮ матбуот хизмати






