Имом Шаҳристоний (548 ҳ.й. вафот этган) ўзларининг “Алмилал ван-ниҳал” номли китобларида: “Карромийлар – Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Карромнинг асҳобларидир. Биз уларни сифатия (яъни Аллоҳ таолога оят ва ҳадисларда келган сифатларнинг зоҳирий маъносини нисбат берадиганлар) гуруҳи деб санадик, чунки уларнинг Аллоҳ таоло сифатлари борасидаги эътиқодлари мужассималик ва мушаббиҳалик даражасигача етиб борди. Бу оқимнинг пайдо бўлиш ва уларнинг аҳли суннага нисбат берилиши ҳақидаги гапларни юқорида келтирдик”.
Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Карром очиқчасига “Аллоҳ аршнинг устига қарор топган ва У ўз зоти билан унинг уст тарафида” деб ҳужжат келтирган. Ундан ташқари у Аллоҳга нисбатан “жавҳар” сўзини ишлатган. Абу Абдуллоҳ (Ибн Карром) ўзининг “Қабр азоби” номли китобида “Аллоҳнинг зоти ва “жавҳар” иккиси бир нарса ва Аллоҳ Ўз зоти билан юқори тарафдан аршга тегинади”, деб айтган. Ундан ташқари ибн Карром Аллоҳ таоло ҳаракатланади, ўзгаради ва (юқоридан пастга) тушади, деб эътиқод қилган.
Шу жиҳатдан уларнинг эътиқодлари “Аллоҳни зоти билан осмонда, аршни устида” дейдиган сохта салафийларнинг эътиқодига монанддир.
Аллоҳ барчамизни карромий ва сохта салафийларнинг ботил эътиқодида бўлишдан Ўзи сақласин!
Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти Матбуот котиби Р.Охунжонов






