Баъзида Қуръони карим оятларидаги калиманинг бир ҳарфи туширилганига гувоҳ бўламиз. Албатта бу маълум бир мақсад сабабли бўлиб, бунинг сабабини бизга “Балоғат илми” баён қилиб беради.
Феълдан бир ҳарф туширилган бўлиши мумкин. Бунда ҳарфи камроқ бўлган феълда ҳарфи туширилмаганига нисбатан иш-ҳаракат озроқ эканлигига ёки замони қисқароқ эканлигига далолат қилиш мақсад бўлади. Мисол учун “Қадр” сурасининг 4-оятида Аллоҳ таоло:
تَنَزَّلُ ٱلۡمَلَـٰۤىِٕكَةُ وَٱلرُّوحُ فِیهَا بِإِذۡنِ رَبِّهِم مِّن كُلِّ أَمۡرࣲ
“У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (яъни, Жаброил алайҳиссалом) Парвардигорларининг изни-ихтиёри ила (йил давомида қилинадиган) барча ишлар билан (осмондан заминга) тушурлар”.
Ҳамда “Шуаро” сурасининг 221-223 оятларида:
هَلۡ أُنَبِّئُكُمۡ عَلَىٰ مَن تَنَزَّلُ ٱلشَّیَـٰطِینُ تَنَزَّلُ عَلَىٰ كُلِّ أَفَّاكٍ أَثِیمࣲ
“(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Мен сизларга шайтонлар кимларга тушиши ҳақида хабар берайми? Улар ўта уйдирмачи ва ўта гуноҳкорларга тушурлар”, деб марҳамат қилган.
Ушбу икки оятда تَنَزَّلُ лафзинининг битта ҳарфи تَ – “та”ни тушириб зикр қилинди. Аслида бу феъл تَتَنَزَّلُ кўринишида бўлиши керак эди. “Фуссилат” сурасининг 30-оятида эса мазкур лафзнинг ҳарфларини туширмасдан иккита تَ – “та”си ҳам айтилди:
إِنَّ ٱلَّذِینَ قَالُوا۟ رَبُّنَا ٱللَّهُ ثُمَّ ٱسۡتَقَـٰمُوا۟ تَتَنَزَّلُ عَلَیۡهِمُ ٱلۡمَلَـٰۤىِٕكَةُ أَلَّا تَخَافُوا۟ وَلَا تَحۡزَنُوا۟ وَأَبۡشِرُوا۟ بِٱلۡجَنَّةِ ٱلَّتِی كُنتُمۡ تُوعَدُونَ
Албатта: «Парвардигоримиз Аллоҳдир», деб, сўнгра (ёлғиз Аллоҳга тоат-ибодат қилишда) тўғри — устивор бўлган зотларнинг олдиларига (ўлим пайтида) фаришталар тушиб, (дерлар): «Қўрқманглар ва ғамгин бўлманглар. Сизларга ваъда қилинган жаннат хушхабари билан шодланинглар!
Бунинг сабаби “Фуссилат” сурасидаги фаришталарнинг тушиши олдинги икки оятдаги тушишдан кўра кўпроқ бўлишидир. Чунки ўлим вақтида фаришталарнинг мўминларга тушиши ҳар лаҳзада содир бўлади. Ҳар лаҳзада тўғри йўлдаги бир мўмин вафот этади. Бу вақтда фаришталар унга Жаннат башоратини бериш учун тушишади. Оятда шу муносабат билан “тушиш” маъносидаги تَتَنَزَّلُ калимаси тўлиқ шаклда биронта ҳам ҳарфи туширилмасдан келтирилди.
“Шуаро” сурасидаги “Улар ўта уйдирмачи ва ўта гуноҳкорларга тушурлар” оятида эса шайтонлар ҳамма кофирларга ҳам тушавермайди балки, уларнинг баъзисига ёки коҳинларига тушади. Маълумки коҳинлар бошқаларга нисбатан камдирлар. Шайтонларнинг тушиши нисбатан оз бўлгани боис оятдаги تَنَزَّلُ лафзидан ҳам битта “та”ни тушириб келтирилди.
Шунингдек “Қадр” сурасидаги фаришталарнинг Рамазон ойидаги тушиши ҳам йилда бир марта содир бўлгани учун оятдаги تَنَزَّلُ сўзини қисқартириб битта تَ – “та”сиз зикр қилинди.
Кўриб турганимиздек иш-ҳаракат кўп содир бўлса феъл шакли тўлиқ ҳолатда, иш-ҳаракат оз бўлган ҳолда эса калимани қисқартириб келтирилди.
Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Сухроб Умаров






