Қуръонни ўқишнинг фазилати нимада? Қуръон ўқишнинг инсонга таъсири қандай? Қуръонўқишнинг фазилатига оид ҳадислардан намуналар.
Қуръон – Ислом диннинг муқаддас китобидир. Қуръонни ўқишнинг муҳимлиги ва фазилатига доимо эътибор қаратилган. Қуръони каримда Аллоҳ таоло уни “зикр” деб атагани, Қуръонни ўқишнинг кенг маънода Аллоҳни эслаш эканлигини кўрсатади. Ибодатларни ўзига хос хусусиятларига кўра «тўғридан-тўғри ибодат» ва «ибодатга восита ибодат» деб иккига ажратган фақиҳлар Қуръон ўргатишни таҳорат, азон ва имомлик каби ибодатлари орасида санаганлар, Қуръонни ўқишни намоз ва рўза каби тўғридан-тўғри ибодатлар қаторига киритган ва уни суннат ибодатларидан бири деб таърифлаганлар.
Қуръон шафоатчи бўлади
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Қуръонни ўқинглар. Чунки Қуръон, қиёмат куни ўзини ўқиб, амал қилганларга шафоат қилувчи бўлиб келади», деб айтганлар. (Муслим ривояти).
Қуръон ўқишнинг савоби
Ибн Мусъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:
«Ким Қуръондан бир ҳарф ўқиса, унинг учун бир яхшилик савоби бор. Ҳар бир яхшиликнинг қаршилиги эса ўн савобдир. Мен, алиф, лом, мим бир ҳарф, демайман; балки алиф бир ҳарф, лом бир ҳарф, мим бир ҳарфдир». (Термизий ривояти)
Қуръон суралари бири-бирлари билан мусобақалашадилар
Наввос ибн Самъон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан:
«Қиёмат куни Қуръон ва дунёда ўз ҳаётларини унга мувофиқ тартиблаган Қуръон аҳли одамлар маҳшарга олиб келинадилар. Бу вақтда Қуръоннинг олдида Бақара ва Оли Имрон суралари бўлади. Ҳар икки сура ўзларини ўқиб, амал қилганларни (дўзахдан) сақлаш учун бири-бирлари билан мусобақалашадилар», деб айтганларини эшитган. (Муслим ривояти).
Энг яхшиларингиз – Қуръонни ўрганган ва ўргатганларингиздир
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:
«Сизларнинг энг яхшиларингиз – Қуръонни ўрганган ва ўргатганларингиздир». (Бухорий ривояти).
Қуръонни тутилиб-тутилиб ўқиганларнинг савоби
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръонни ўқиган ва унга моҳир бўлган қорилар улуғ ва мукаррам фаришталар билан бирга бўлади. Қуръонни тутилиб-тутилиб ўқиган ва қироат унга машаққатли бўлган киши учун икки ажр бордир”, – дедилар” (Бухорий ривояти).
Қуръон ўқувчи мўъмин – апельсин кабидир
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу ривоят қилади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом дедилар: “Қуръон ўқийдиган ва унга амал қиладиган мўминнинг мисоли мазаси ширин, хушбўй утружжа (апельсинга ўхшаш мева)га ўхшайди. Қуръон ўқимайдиган, лекин унга амал қиладиган мўминнинг мисоли таъми ширин, аммо ҳидсиз хурмога ўхшайди. Қуръон ўқийдиган мунофиқнинг мисоли ҳиди ёқимли, мазаси аччиқ райҳонга ўхшайди. Қуръон ўқимайдиган мунофиқнинг мисоли таъми аччиқ ёки ёмон ва ҳиди аччиқ ҳанзала (заққум)га ўхшайди” (Бухорий ривояти).
Аллоҳ таоло Қуръон билан устун қилади
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:
«Аллоҳ шу Қуръон билан баъзи қавмларни устун қилади, баъзиларини эса пастлатади». (Муслим ривояти).
Ҳасад қилишга ҳақли икки киши бор
Ибн Умар розиялоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки нарсадан бошқасида ҳасад йўқ. (Бири) Аллоҳ таоло бир кишига мол-дунё берган ва у кеча-ю кундузи уни инфоқ қилади. (Иккинчиси) Аллоҳ таоло бир кишига Қуръонни берган ва у кеча-ю кундуз уни қоим қилади”, дедилар». (Бухорий ривояти).
Қуръон хотиржамлик беради
Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Бир киши сураи «Каҳф»ни қироат қиларди. Унинг оти олдига икки арқон ила боғлаб қўйилган эди. Уни бир булут ўраб олиб, айланиб унга яқинлаша бошлади. Оти эса чўчиб ундан қоча бошлади. Тонг отгандан сўнг ҳалиги одам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб У зотга бўлган ҳодисани зикр этди. Шунда У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ана ўша сакийнадир. Қуръон учун нозил бўлибдир»,-дедилар». (Бухорий ривояти).
Қуръон ўқилмаган уй харобадир
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:
«Қалбида Қуръондан бирор нарса бўлмаган киши хароб бўлган уйга ўхшайди». (Тирмизий ривояти).
Ўқи ва кўтарил!
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:
«Қиёмат куни Қуръон соҳибига: “Ўқи ва кўтарил, дунёда қандай ўқиган бўлсанг, шундай ўқи. Охирги оятни ўқиган жойинг (жаннатдаги) манзилинг бўлади”, деб айтилади». (Абу Довуд ривояти).
Ёдлаган сураларни унутма
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:
«Қуръонни ёдда сақлашни лозим тутинглар. Муҳаммаднинг жони қудрат қўлида бўлган Аллоҳга қасамки, Қуръоннинг ёддан чиқиб кетиши, боғланган отнинг ипидан узилиб қочишидан тезроқдир». (Бухорий ривояти).
Қуръон эътиборсиз қолмасин
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:
«Қуръон ёдловчиси, боғланган отнинг соҳибига ўхшайди. Агар у ўз отини доимо кузатса, у қочиб кетмайди. Агар унга эътибор бермаса, у қочиб кетади». (Бухорий ривояти).
Қуръонни чиройли ўқиш
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:
«Қиёмат куни Қуръон соҳибига: “Ўқи ва кўтарил, дунёда қандай ўқиган бўлсанг, шундай ўқи. Охирги оятни ўқиган жойинг (жаннатдаги) манзилинг бўлади”, деб айтилади». (Бухорий ривояти).
Давудий овозли саҳоба Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга шундай деганлар: «Албатта, Довудга берилган гўзал овозлардан бири сенга ҳам берилган». (Бухорий ривояти).
Қуръонни Пайғамбаримиздан яна гўзал ўқийдиган одам йўқ
Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хуфтон намозида «Ват-тини ваз-зайтун» сурасини ўқиганларини эшитдим. У зотдан гўзал овозли бир кишини кўрмадим. (Бухорий ривояти).
Қуръонни оҳанг билан ўқиш
Абу Лубоба Башир ибн Абдулмунзир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:
«Қуръонни овозларингиз ила зийнатланглар. Ким Қуръонни оҳанг билан ўқимаса биздан эмас». (Абу Довуд ривояти).
Пайғамбаримиз Қуръон ўқишини айтиган саҳоба
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Менга Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менга Қуръон қироат қилиб бер», дедилар. Мен: «Эй Аллоҳнинг расули, сизга Қуръон ўқиб бераманми? Ваҳоланки, Қуръон ўзингизга нозил қилинган бўлса», десам, у зот: «Мен Қуръонни ўзимдан бошқа кишидан эшитмоқни яхши кўраман», дедилар. Шунда мен «Нисо» сурасининг қуйидаги ояти «(Эй Муҳаммад), Биз ҳар бир умматдан (ўша умматнинг пайғамбарини) гувоҳ келтирганимизда ва сизни ана уларга қарши гувоҳ қилганимизда, уларнинг ҳоли не кечур?» оятига етсам, у зот: «Ҳозирча кифоя қилади», дедилар. Кейин у зотга назар солсам, икки кўзларидан ёш қуйилаётган экан». (Муттафақун алайҳ)
Авазбек қори Давлатов, «Кўкалдош» ЎМИБЮ мударриси






