Тўлиқ исми – Абу Юсуф Яъқуб ибн Иброҳим ибн Ҳабиб Ансорий, ҳижрий 113 йилда туғилган. У зот фақиҳ, тафсир илмлари, ғазотлар ва араблар тарихи билимдони эди. Аббосийлар ҳалифаси Ҳорун Рашид у зотни ниҳоятда ҳурмат қилар, иззат-икром кўрсатарди. У ўз замонасида мағрибу машриққа «Қозул қузот (бош қози)» этиб тайинланган эди. Усулул фиқҳ бўйича биринчи китоб ёзган ва фиқҳий масалаларни имло қилдирган зотдир. Ибн Самоа айтади: «Абу Юсуф қозиликка тайинлангач, ҳар куни юз ракат намоз ўқирди».
Абу Юсуф дастлаб, Ибн Абу Лайло (роҳимаҳумуллоҳ)га шогирд тушган. Сўнг Абу Ҳанифа (роҳимаҳумуллоҳ)дан фиқҳни ўрганган. Бу ҳақда унинг ўзи бундай деган: «Мен илм ўрганиш учун Ибн Абу Лайло ҳузурига борардим. У киши мени ҳурмат қиларди. У бирор масалада ҳукм чиқаришга қийналса, Абу Ҳанифанинг сўзини олар эди. Мен Абу Ҳанифа (роҳимаҳумуллоҳ)нинг ҳалқасига боришни жуда истардим. Бир куни у билан ўртамизда кўнгилсиз воқеа содир бўлди. Бу Ибн Абу Абу Лайло оғир ботди. Мен эса, вазиятдан фойдаланиб, Абу Ҳанифа (роҳимаҳумуллоҳ)нинг олдига бориб, у зот этагидан маҳкам тутдим».
У зотнинг китоблари:
- Китобул осор.
- Ихтилофу Аби Ҳанифа ва Ибн Абу Лайло.
- Ал-Харож.
- Ар-радду ала сиярил Авзоий.
Абу Юсуф (роҳимаҳумуллоҳ) ҳанафий мазҳабини ривожлантириш борасида қуйидаги босқичда фаолият олиб борганлар ва ўз ҳиссаларини қўшганлар:
- Тадрис.
- Қозилик.
- Тадвин.
Манбалар асосида “Кўкалдош” ўрта маҳсус
ислом билим юрти 1-курс талабаси
Аббосхонов Муҳриддин тайёрлади






