Юртимиздан чиққан буюк муҳаддислардан бири Имом Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон ибн ал-Фазл ибн Баҳром ибн Абдусамад ат-Тамимий ас-Самарқандий ад-Доримийдир. Имом ад-Доримий ҳақидаги маълумотларни асосан ўрта асрларда яшаган машҳур араб муаллифларининг асарларида учратамиз. Мана шу асарлар жумласидан ал-Хатийб ал-Бағдодийнинг “Тарихи Бағдод” (“Бағдод тарихи”), Шамсуддин аз-Заҳабийнинг “ Сийар аълом ан-Нубало (Олийжаноб алламалар сийратлари)”, Тазкират ал-ҳуффоз (“ҳофизлар ҳақида тазкира”), ибн ал-Имод ал-ҳанбалийнинг “Шазарат аз-заҳаб фи ахбори ман заҳаб (Дунёда ўтиб кетганлар ҳақида олтин парчалар)”, Нажмиддин Умар ан-Насафийнинг “Китоб ал-қанд фи зикри уламои Самарқанд” (Самарқанд олимлари ҳақида қанддек китоб) кабиларни кўрсатиш мумкин. Мана шу асарлардаги маълумотлардан маълум бўладики ад-Доримий ҳижрий 181 (милодий 789) йилда Самарқанднинг қадимий мавзеларидан бири Доримда таваллуд топган. Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон ад-Доримий ёшлик чоғларидан бошлаб фавқулодда ақл-заковати, ўткир зеҳни, айниқса қувваи ҳофизасининг ўта кучлилиги билан барчани ҳайратга солган. Унинг ўз тенгқурларига нисбатан ғайритабиий иқтидори ва алоҳида салоҳияти шу қадар зўр бўлган эканки, ҳатто бу хусусда халқ орасида бир қанча ривоятлар юрганлиги ҳақида ҳам манбаларда қайд қилинади. У диний ва дунёвий фанлар, айниқса, ҳадис илми буйича дастлабки билимини ўз юрти Самарқандда олиб сўнгра ўша даврда илм-фан ва маданият тараққий қилган марказлар Қоҳира, Дамашқ, Бағдод, Макка, Мадина шунингдек, Хуросоннинг турли шаҳарларидаги таниқли олимлардан олади. Бир неча йил давом этган илмий сафарлари давомида Имом ад-Доримий Язид ибн Хорун ал-Воситий, Убайдуллоҳ ибн Мусо Абулмуғийра ал-Фирёбий, Абдусамад ибн Абдулвори, Яҳё ибн ҳасан, ал-Асвад ибн Омир, Бишр ибн Умар аз-Захроний ва бошқа кўпдан-кўп ўз даврининг етук муҳаддисларидан ҳадислар ўрганади. Илм йўлида узоқ йиллар тинимсиз кўрсатган саъйи-ҳаракатлари ва изланишлари натижасида ад-Доримий ҳадис, тафсир ва фиқҳ илмларининг алломаси даражасига кўтарилади. Имом ад-Доримий ҳазратлари айниқса йирик ҳадисшунос олим сифатида катта шуҳрат қозонган. У ҳақда ёзган муаллифларнинг аксарияти Имом ад-Доримийнинг Самарқандда ҳадис ва археология (ал-Осор) илмларининг равнақ топишида улкан ҳиссаси бор”, деб якдиллик билан алоҳида таъкидлаганлар. Ўз даврининг илм аҳллари ўртасида беқиёс обру-эътиборга эга бўлган Имом ад-Доримий бир қанча муддат Самарқандда Шайхул Ислом бўлган. Шунингдек, манбаъларда таъкидланишича табиатан вазмин, адолатпарвар ва ҳақиқатгўй, инсоф ва диёнати баркамол, хар қандай вазиятда ақл-идрок, чуқур тафаккур ва мулоҳаза билан иш юритгани боис Султон томонидан Имом ад-Доримий ҳазратлари Самарқанднинг қози Калони (Бош қози) лавозимига таклиф қилинади. Аллома аввалига рад жавобини берса ҳам, лекин Султон ўз фикрида қатъий туриб олгач, рози бўлади. Бироқ қозихонада атиги битта иш кўрилгач, у ўзини ушбу лавозимдан озод этишларини илтимос қилади ва пировардида унинг илтимоси қондирилади.
301-гуруҳ талабаси Бахтиёров Илҳом






