«Инсонга зарар етганда, ётган ҳолда ё ўтириб ёки тик туриб ҳам Бизга илтижо қилади. Ундан зарарини кетказганимизда эса, гўё етган зараридан Бизга дуо қилмагандек кетаверади. Мана шу тарзда исрофчи (тажовузкор)ларга ўз қилмишлари зийнатли (чиройли) қилиб қўйилди» (Юнус сураси, 12-оят).
Тафсири Қуртубийда бу ояти карима мушрик Абу Ҳузайфа ибн Муғийра ҳақида нозил бўлгани айтилган.
«Инсонга зарар етганда, ётган ҳолда ё ўтириб ёки тик туриб ҳам Бизга илтижо қилади». Яъни, ўзига, молига ё бошқа жиҳатларига зарар етган киши, ўзининг ожиз, нотавонлигини англаб то зарари аримагунча дуодан тўхтамайди. Ўтирса ҳам, турса ҳам, ётса ҳам Аллоҳга ялиниб-ёлворади. «Ундан зарарини кетказганимизда эса, гўё етган зараридан Бизга дуо қилмагандек кетаверади». Аллоҳ таоло унинг дуосини ижобат қилиб зарарини кеткизгач, Парвардигорни унутиб, олдингидек гуноҳ ишларига қайтади. Худди ғам-ташвиши ўз-ўзидан ариб қолганидек, Аллоҳ таолони ёд этмай қуяди. Ахир у кечагина Яратганга ялиниб-ёлвориб ёрдам сўраётган эди… Нақадар ношукр банда у?!.
«Мана шу тарзда исрофчи (тажовузкор)ларга ўз қилмишлари зийнатли қилиб қуйилди». Яъни, Аллоҳ таолонинг зикридан юз ўгириб ва куфрга кетган кишилар қилмишларини шайтон чиройли қилиб қўяди. Улар ўзларини тўғри йўлда ҳисоблаб, залолатларида давом этаверишади.
Инсон зоти дардга, аламга, зарарга камчидамдир, неъматга камшукрдир. Боиси, бу ҳолатдаги инсонлар бошқаларга нисбатан кўпроқ ва қаттиқроқ илтижо қилишади. Сабаби, уларнинг машаққати кучлироқ бўлганидадир. Сўнгра ўтириб қолган ва тик турган киши келтирилди. Ҳақиқатан ҳам зарар кўрган киши бу қийинчиликлар ундан кетмагунича дуодан тўхтамайди.
Баъзилар бошига ташвиш тушган пайтда Аллоҳни эслайди, ташвишлари аригач, яна Аллоҳ таолони унутади. Мўмин киши бошига мусибат келганида сабр, кенгчиликда шукр қилиши, доимо Аллоҳ таолога тавба-тазарру, дуо-илтижо қилиши керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:“Кимни мусибат ва қийинчилик пайтида дуоси ижобат қилиниши севинтирса, кенгчилик пайтида дуони кўпайтирсин», деб марҳамат қилганлар.
Мусулмон киши бирор кулфат қийинчилик билан синалса, қуйидагиларга риоя қилиши лозим:
– аввало, Аллоҳ таолонинг қазо-ю қадарига рози бўлиши, қалби ё тили билан унга эътироз қилмаслиги керак. Чунки Аллоҳ таоло молики мутлақдир. У мулкини хоҳлаганича ва хоҳлаганидек тасарруф қилади. Унинг ҳар бир иши тўғридир. Бандани синаши Аллоҳ таолонинг адолати, ундан фориғ қилиш Унинг фазли ҳисобланади. Шунинг учун банда синовларга сабр қилиши, сокин бўлиши, изтиробга тушмаслиги лозим;
– кейингиси, синов пайтида зикр, истиғфор, тавба-тазарру билан машғул бўлиш афзалдир. Ҳадиси қудсийда: «Кимни Менинг зикрим Мендан сўрашдан машғул қилиб қўйса. унга сўровчиларга берган нарсамнинг энг афзалини бераман», деб марҳамат қилинади. Зикр қилиш Ҳақ билан машғул бўлиш, дуо қилиш эса нафс улушини сўрашдир. Шунинг учун Ҳақ таолонинг зикри билан банд бўлиш афзалдир. Агар мусибатни аритиш учун дуо қилса, у билан динининг ислоҳини кўзласин;
– сўнгиси, Аллоҳ таоло кишининг мусибатини аритса, у шукрни кўпайтириши, яхши-ю ёмон, қийинчилигу кенгчилик кунларида ҳам Яратган Зотни ёд этиши лозим. Мусибат пайтида қилинадиган энг тўғри йўл мана шудир. Муҳаққиқ уламолар айтадилар:«Кенгчиликда неъмат билан машғул бўлиб неъмат берувчини унутган киши бало етган вақтда синов юборган Зотни унутиб, бало билан машғул бўлиб қолади. Ундай кишиларнинг боши ҳеч қачон балодан чиқмайди. Улар фароғат пайтида неъматлари завол топиш хавфи балосига учрайдилар. Неъмат қанчалик комил, лаззатли ва тотли бўлса, ундан маҳрум бўлиш шу даражада оғир ва қийин кечади. Шунинг учун неъматлар билан машғул бўлган киши доимо балолар гирдобида бўлади».
Агар одам фароғатда неъмат берган Зотни унутмаса, синов вақтида хам Уни унутмайди. Неъмат берувчи ҳам, синов қилувчи ҳам Аллоҳ таолодир. Шунинг учун банданинг талаби Аллоҳ таолонинг розилиги бўлиши лозим.
Тафсири Розий асосида Кўкалдош ЎМИБЮ мударриси Авазбек ЖУМАБОЕВ тайёрлади






