Рамазон улуғ ой бўлиб, бу ойда барчамиз ибодатларни кўпайтириб, гуноҳлардан тийилишга ҳаракат қилишимиз лозим. Чунки бу ой савобларни кўпайтириб, гуноҳлардан мағфур бўлиш учун биз учун имконият ойидир. Шунга кўра, қилаётган ибодатларимизни суннатга мувофиқ қилсак, ибодатларимиз комил ва савоби кўпроқ бўлади. Жумладан ифторлик пайтидаги суннат амалларни баён қилиб ўтамиз:
1. Ифторликни шошилтириш.
Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:
عَنْ سَهْلِ بْنِ سَعْدٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، قَالَ: لَا يَزَالُ النَّاسُ بِخَيْرٍ مَا عَجَّلُوا الْفِطْرَ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.
Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсонлар оғиз очишни тезлаштирсалар, яхшиликда бардавом бўладилар”, дедилар. Бухорий ривоят қилган.
Яна бошқа бир ҳадисда шундай дейилган:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، قَالَ : « يَقُولُ اللَّهُ عَزَّ وَجَلَّ : إنَّ أَحَبَّ عِبَادِي إلَيَّ أَعْجَلُهُمْ فِطْرًا » . رَوَاهُ أَحْمَدُ وَالتِّرْمِذِيُّ .
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ азза ва жалла шундай деди: “Бандаларимнинг менга энг суюклиси, уларнинг тезроқ оғиз очганларидир”, дедилар. Аҳмад ва Термизий ривоят қилишган.
2. Рўзани хурмо билан очиш, хурмо топилмаса, сув билан очишлик.
Бунга ушбу ҳадислар далил бўлади:
عَنْ سَلْمَانَ بْنِ عَامِرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: » إِذَا أَفْطَرَ أَحَدُكُمْ فَلْيُفْطِرْ عَلَى تَمْرٍ، فَإِنَّهُ بَرَكَةٌ، فَإِنْ لَمْ يَجِدْ فَلْيُفْطِرْ عَلَى مَاءٍ، فَإِنَّهُ طَهُورٌ » . رَوَاهُ أَحْمَدُ وَالتِّرْمِذِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ وَابْنُ مَاجَهْ وَالدَّارِمِيُّ . وَلَمْ يَذْكُرْ : » فَإِنَّهُ بَرَكَةٌ » غَيْرُ التِّرْمِذِيُّ.
Салмон ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон сизлардан бирингиз оғзини очса, хурмо билан ифтор қилсин. Чунки, у баракадир. Агар (хурмони) топа олмаса, сув билан ифтор қилсин. Зеро, у покловчидир”, дедилар. Аҳмад, Термизий, Абу Довуд, Ибн Можа ва Доримий ривоят қилишган. Термизийдан бошқаси, “Чунки, у баракадир”, лафзини зикр қилишмаган.
Ушбу ҳадисда рўзани икки улуғ неъмат билан очишга тарғиб қилиняпти. Биринчиси хурмо бўлиб, унинг баракали экани айтиб ўтилди. Кейингиси сувдир. Сув ҳам Аллоҳ таолонинг бизга берилган неъмати бўлиб, у ҳаёт манбаи ва покловчидир.
3. Рўзадорни ифтор қилдириш савобли амал.
Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:
عَنْ زَيْدِ بْنِ خَالِدٍ الجُهَنِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، قَالَ : « مَنْ فَطَّرَ صَائِماً ، كَانَ لَهُ مِثْلُ أَجْرِهِ ، غَيْرَ أنَّهُ لا يُنْقَصُ مِنْ أجْرِ الصَّائِمِ شَيْءٌ » . رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.
Зайд ибн Холид ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким рўзадорни ифтор қилдирса, у учун рўзадорнинг ажрича ажр бўлади. Лекин, рўзадорнинг ажридан бирор нарса камайтирилмайди”, дедилар. Термизий ривоят қилган.
4. Ифтор пайтида дуо қилиш.
Ифторлик пайтида қилинган дуолар ижобат бўлади. Шунга кўра, Набий алайҳиссалом ифтор пайтида дуо қилганлар. Бу ҳақида ҳадиси шарифларда шундай дейилган:
عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، قَالَ : كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا أَفْطَر،َ قَالَ :« ذَهَبَ الظَّمَأُ وَابْتَلَتِ الْعُرُوقُ وَثَبَتَ الْأَجْرُ إِنْ شَاءَ اللهُ تَعَالَى » . رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ .
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: У киши айтди: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам оғзини очсалар: “Чанқоқ кетди ва томирлар ҳўлланди ва иншааллоҳ ажр собит бўлди”, деб айтардилар”. Абу Довуд ривоят қилган.
Бошқа бир ривоятда шундай дейилган:
عَنْ مُعَاذِ بْنِ زُهْرَةَ، أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَانَ إذَا أَفْطَرَ، قَالَ : « اللَّهُمَّ لَكَ صُمْتُ ، وَعَلَى رِزْقِكَ أَفْطَرْتُ » . رَوَاهُ أَبُو دَاوُد مُرْسَلًا .
Муъоз ибн Зуҳро роҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон ифтор қилсалар: “Эй, Аллоҳ! Сен учун рўза тутдим ва ризқинг билан ифтор қилдим”, дер эдилар”. Абу Довуд мурсал ҳолда ривоят қилган.
Яна бир ҳадисда шундай дейилган:
عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ جَاءَ إِلَى سَعْدِ بْنِ عُبَادَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، فَجَاءَ بِخُبْزٍ وَزَيْتٍ ، فَأكَلَ ، ثُمَّ قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : « أَفْطَرَ عِنْدَكُمُ الصَّائِمُونَ ؛ وَأكَلَ طَعَامَكُمُ الأَبرَارُ ، وَصَلَّتْ عَلَيْكُمُ المَلاَئِكَةُ » . رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳуникига келдилар. У нон ва ёғ олиб келди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам едилар, сўнгра: “Рўзадорлар ҳузурингизда ифторлик қилдилар ва таомларингизни яхшилар едилар ва фаришталар сизларга салавот айтдилар”, дедилар. Абу Довуд ривоят қилган.
Ушбу ҳадисда Набий алайҳиссалом ифторлик учун таом ҳозирлаган киши ҳаққига дуо қиляптилар. Яна бир ҳадисда шундай дейилган:
عَنْ جَابِرِ بْنِ عَبْدِ اللهِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ ، قَالَ :صَنَعَ أَبُو الْهَيْثَمِ بْنُ التَّيْهَانِ لِلنَّبِيِّ طَعَامًا ، فَدَعَا النَّبِيَّ وَأَصْحَابَهُ ، فَلَمَّا فَرَغُوا قَالَ : أَثِيبُوا أَخَاكُمْ ، قَالُوا : يَا رَسُولَ اللهِ ، وَمَا إِثَابَتُهُ ؟ قَالَ : إِنَّ الرَّجُلَ إِذَا دُخِلَ بَيْتُهُ ، فَأُكِلَ طَعَامُهُ ، وَشُرِبَ شَرَابُهُ ، فَدَعَوْا لَهُ ، فَذَلِكَ إِثَابَتُهُ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ.
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтди: “Абул Ҳайсам ибн ат-Тайҳон Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам учун таом тайёралди. Сўнгра, у Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни ва у зотнинг саҳобаларини чақирди. Улар таомдан фориғ бўлишгач (тановул қилиб бўлишгач), у зот: “Биродарингизни тақдирланглар”, дедилар.Улар: “Эй, Расулуллоҳ! Уни тақдирлаш қандай бўлади?”-дейишди. У зот: “Агар кишининг уйига кирилса ва таоми ейилса ва шароби ичилса, у учун дуо қиладилар, мана шу уни тақдирлашдир”, дедилар”. Абу Довуд ривоят қилган.
Демак, бошқа бир инсон уйига ифторлик қилиш ёки зиёфат учун келган киши таом соҳибининг ҳаққига дуо қилиши керак бўлар экан.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, юқоридаги ҳадисларда ифтор пайтида суннат бўлган амаллар айтиб ўтилди. Бу айтилган ҳадисларга амал қиладиган бўлсак, ибодатларимиз комил бўлади ва улкан ажрларга эга бўламиз.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Мадаминов Шокиржон.






