Ойларнинг саййиди ва энг фазилатлиси бўлган Рамазон ойи файзу баракага тўла ойдир. Бу ойда қилинган ҳар бир яхши амал, хайр-эҳсон қилиш, инсонларга ёрдам бериш ва ибодат билан ўтқазишнинг бошқа ойлардан кўра савоби кўпроқ бўлади.




Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Амалларнинг энг яхшиси мўмин биродаринг қалбига ҳурсандчилик киргизиш ёки унинг қарзини узишда кўмаклашиш, унга бирор яхши таом беришлигингдир”. Бошимизга соябон бўлиб турган Рамазон ойини шу ва бошқа солиҳ амаллар билан зийнатлаш ҳар бир мусулмоннинг вазифасидир. Зеро, бу ой бизлар учун меҳмон, меҳмонни эса қадрламоқ олий фазилатдир.



Рамазон ойининг биринчи куниданоқ билим юртимизда бу файз ўз аксини топмоқда. Мадрасамиз устоз ва ходимларини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида бугун билим юрти мудири Абдулҳаким қори Матқулов ташаббуслари билан ҳомийлар жалб қилиниб, мадрасамизда хизмат қилувчи барча ходим ва устозларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. Жумладан ҳар бир кишига ун, гуруч, шакар ёғ, гўшт, новвот каби маҳсулотлар, шунингдек тухум, қуруқ чой каби 90 миллион сўмлик маҳсулотлар тарқатилди. Аллоҳ таоло ушбу эҳсонларни мукофотларини Ўз фазли карами ила зиёда қилиб берсин.
А. ҒАНИЕВ
«Кўкалдош» ЎМИБЙ Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи






