(ٱلَّذِینَ یَتَّبِعُونَ ٱلرَّسُولَ ٱلنَّبِیَّ ٱلۡأُمِّیَّ ٱلَّذِی یَجِدُونَهُۥ مَكۡتُوبًا عِندَهُمۡ فِی ٱلتَّوۡرَىٰةِ وَٱلۡإِنجِیلِ یَأۡمُرُهُم بِٱلۡمَعۡرُوفِ وَیَنۡهَىٰهُمۡ عَنِ ٱلۡمُنكَرِ وَیُحِلُّ لَهُمُ ٱلطَّیِّبَـٰتِ وَیُحَرِّمُ عَلَیۡهِمُ ٱلۡخَبَـٰۤىِٕثَ وَیَضَعُ عَنۡهُمۡ إِصۡرَهُمۡ وَٱلۡأَغۡلَـٰلَ ٱلَّتِی كَانَتۡ عَلَیۡهِمۡۚ فَٱلَّذِینَ ءَامَنُوا۟ بِهِۦ وَعَزَّرُوهُ وَنَصَرُوهُ وَٱتَّبَعُوا۟ ٱلنُّورَ ٱلَّذِیۤ أُنزِلَ مَعَهُۥۤ أُو۟لَـٰۤىِٕكَ هُمُ ٱلۡمُفۡلِحُونَ)
[Aъроф сураси: 157-оят.]
«Улар сифати ўзларидаги Таврот ва Инжилда ёзилган ўқиш-ёзишни билмайдиган пайғамбарга эргашганлардир. (У пайғамбар) уларни яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади ҳамда уларнинг мушкулларини ва қийинчиликларини кетказади. Унга иймон келтирган, уни улуғлаган, унга ёрдам берган ва унинг рисолатлари билан бирга нозил қилинган нур (Қуръон)га эргашганлар, айнан ўшалар (охиратда) нажот топувчи кишилардир» (Аъроф сураси, 157-оят)
Бу ояти каримада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тўққиз сифат билан сифатланган:
1–2) Расул ва Набий сифати. Аллоҳ таоло Ўзининг амрларини бандаларига етказиш учун танланган бандалари шу сифатлар билан сифатланади;
3) ёзолмайдиган, ўқиёлмайдиган (уммий). Бу сифат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг камчиликлари эмас, балки фазилатларидир. Муҳаққиқ уламолар айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўқиш-ёзишни билганларида, олиб келган рисолатларини, Ислом аҳкомларини аввалги китоблардан ўқиб ёки кимдандир таълим олиб айтаяпти, деб туҳмат қилишган бўлар эди”;
4) Таврот ва Инжилда сифатларининг зикр этилиши;
5) яхшиликка буюришлари;
6) ёмонликдан қайтаришлари;
7) (яҳудийларга ҳаром бўлган асл пок нарсаларни ҳалол (истеъмол қилишга рухсат) қилишлари;
8) нопок нарсаларни ҳаром (баён) қилишлари;
9) қийинчилик ва машаққатларни аритишлари.
Авазбек ЖУМАБОЕВ, “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси






