Муҳаммад ибн Абу Ҳотим айтади: “Бухорийнинг шундай деганини эшитдим: “Балхга борганимда мендан кимдан ҳадис эшитган бўлсам, ўшандан биттадан ҳадис ёзиб беришимни сўрашди. Шунда мен уларга мингта кишидан ҳар биридан биттадан умумий мингта ҳадис ривоят қилиб бердим”.
Фирабрий айтади: “Бухорийни шундай деяётганини эшитганман: “Саҳиҳ” китобимга қайси ҳадисни ёзган бўлсам аввал бир ғусл қилиб икки ракъат намоз ўқиб олганман”.
Иброҳим ибн Маъқал айтади: “Бухорийнинг шундай деганини эшитганман: “Китобимга фақат саҳиҳ ҳадисларни ёзганман. Яна бошқа саҳиҳ ҳадислар ҳам бор, лекин китобим чўзилиб кетмасин деб уларни ёзмадим”.
Муҳаммад ибн Абу Ҳотим айтади: Бухорийдан “Китобингизга ёзган ҳамма ҳадисларни ёддан биласизми?” деб сўрадим. Шунда у “Қайси ҳазисни ёзган бўлсам ҳаммасини биламан” деб жавоб берди.
Яна шу кишидан ривоят қилинади: “Бухорийнинг шундай деяётганини эшитганман: “Агар устозларим тирилиб келса, “Тарих” китобимни қандай ёзганимни тушунмай, англолмай қолишарди” у яна шундай деди: “Мен уни уч марта қайта ёзиб чиққанман”.
Бухорий айтадилар: “Исҳоқ ибн Раҳовайҳ “Тарих” китобимни олиб Абдуллоҳ ибн Тоҳирнинг олдига олиб кирди-да “Эй амир, сизга сеҳрни кўрсатайми?” деб китоб амирнинг қўлига тутқазди. Шунда у китобимга кўз югуртириб кўрди-да, ажабланиб “Уни қандай қилиб ёзганига ҳайронман!”, деди.
Муҳаммад ибн Юсуф ал-Бухорий айтади: “Муҳаммад ибн Исмоил билан бирга тунашга тўғри келиб қолди. Тунда ўн саккиз марта туриб, чироқни ёқди ва бир нималарни ёзиб қўйди”.
Муҳаммад ибн Абу Ҳотим ал-Варроқ айтади: “Муҳаммад ибн Исмоил билан бирга сафарга чиқсак, жазирама иссиқ бўлган тунларда бирга ухлардик. Доим кечаси ўн беш мартадан йигирма мартагача туриб лампани ёқиб, ҳадисларни тахриж қилиб, белгилар қўйиб қўярди”.
Қуддус ибн Ҳаммом айтади: Бухорий айтади: “Саҳиҳ” китобимни ўн олти йилда ёзиб тугатдим, мен уни ўзим билан Аллоҳ таоло ўртасида ҳужжат қилиб қолдирдим”.
Нажм Фузайл айтади: “Тушимда Набий алайҳиссаломни кўрдим. Қадам босиб юрардилар. Муҳаммад ибн Исмоил эса орқаларидан юрарди. Набий алайҳиссалом оёқларини ердан кўтарсалар, Муҳаммад ибн Исмоил (яъни Бухорий) у зотнинг оёқ босган изларига оёғини қўярди”.
Пўлат Зийнатуллоҳ
Кўкалдош ЎМИБЮ талабаси






