3. Ўзаро нафрат-адоватда бўлмангиз
Мусулмонлар ҳавои нафсларига бўйсуниб биродарларига нафрат ёки истеҳзо назари билан боқмасинлар. Фақат Аллоҳ учун бир кимсадан нафратланиш, уни ёмон кўриш мумкин. Мўминлар ҳеч вақт ўзларининг диндош биродарларидан нафратланмайдилар. “Мўминлар ҳеч шак-шубҳасиз оға-инилардир!” (Ҳужурот сураси, 10-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, то мўмин бўлмас экансизлар, жаннатга кирмайсизлар. Бир-бирингизни яхши кўрмагунингизгача, мўмин бўлмайсизлар”.
Адоват-нафрат икки тарафдан ёки бир тарафдан зоҳир этилади. Аллоҳ таоло учун кимдандир нафратланиш вожиб ёки мандуб амал. Аллоҳдан ўзгани деб бировни ёмон кўриш эса ҳаромдир. “Эй мўминлар, менинг душманим ва сизларнинг душманларингизни дўст тутмангиз!” (Мумтаҳана сураси, 1-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким Аллоҳ учун яхши кўриб, Аллоҳ учун ёмон кўрса ва бериши ҳам, бермаслиги ҳам Аллоҳ учун бўлса, иймонини комил қилибди”. (Абу Довуд ривояти).
Мўмин ҳамиша ўзини-ўзи тергаб турмоғи лозим. Унинг яхши ёки ёмон кўриши ҳавои нафси таъсирида бўлмаслиги керак. Чунки унда мўмин Аллоҳ учун эмас, бошқа нарса учун кимнидир ёмон кўради ва бу нафрат Исломда ҳаром саналади.
Одамлар ўртасига низо-адоват уруғини сочувчи ҳар қандай нарса ҳаромдир. Бинобарин, Аллоҳ таоло мўминларга ароқ ичишни ва қимор ўйнашини ҳаром қилди. “Ичкилик, қимор сабабли шайтон ўрталарингизга буғзу адоват солишни ҳамда сизларни Аллоҳни зикр қилишдан ва намоз ўқишдан тўсишни истайди, холос. Энди тўхтарсизлар!” (Моида, 91-оят).
Бировлар орасига низо-адоват солиш учун туҳмат-бўҳтон гапларни ташиб юриш ҳаром. Икки киши ўртасини ислоҳ қилиш учун ҳатто ёлғон сўзлашга шариат рухсат беради. Бинобарин, доимо ислоҳга ва бирдамликка тарғиб қилинади. “Уларнинг кўп махфий суҳбатларидан – агар садақа беришга ё бирон яхшилик қилишга ёки одамлар ўртасини ислоҳ қилишга буюрган бўлмасалар, – ҳеч қандай фойда йўқдир”. (Нисо, 114-оят).
Аҳиллик, ўзаро тотувлик шарафли неъмат бўлгани боис Аллоҳ таоло мўминларга ҳақли равишда қуйидагича миннат қилди: “Аллоҳнинг сизларга берган нематини эсланг: Бир-бирларингизга душман бўлган пайтларингизда дилларингизни ошно қилиб қўйди ва сизлар Унинг неъмати сабаб биродарларга айландингиз”. (Оли Имрон, 103-оят); “У сизни Ўз ёрдами ва мўминлар билан қувватлантирган ва уларнинг дилларини бирлаштирган Зотдир. Агар ердаги бор нарсани сарфласангиз ҳам, уларнинг дилларини бирлаштира олмаган бўлур эдингиз, лекин Аллоҳ уларни бирлаштирди”. (Анфол, 63-оят).
Асадулло Холмуродов
«Кўкалдош» ўрта-махсус ислом билим юрти мударриси






