Маълумки, экстремизм ва терроризм ҳозирги кунда дунёдаги энг глобал муаммога айланди. Уларнинг амалга ошираётган хунрезлик ва қабиҳ ишларини бутун инсоният қаттиқ қораламоқда. Янада қабиҳроқ томони шундаки, улар қилаётган ишларини дин ниқоби остида, муқаддас ислом динини асл моҳиятларини бузган ҳолатда амалга оширмоқда. Улар ўз тарғиботларини кенгайтириш учун оммавий ахборот воситалари, замонавий техналогиялар, интернет каби глобал тармоқлардан максимал даражада фойдаланаётганлиги кишини ўйга толдиради. Чунки, ҳозирги кунда интернет тармоғи инсонлар, айниқса, ёшлар ҳаётининг асосий қисмига айланиб улгурган. Шу ва бошқа жиҳатларни эътиборга олиб, бу глобал муаммога қарши маънавий кураш билан бир қаторда унинг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқишни талаб қилади. Бу соҳада бутун дунёда, жумладан Ўзбекистонда салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Бундан мақсад фуқароларимизнинг бундай нобакорлар сафига билиб-билмай қўшилиб қолишнинг олдини олишдан иборат.
Экстремистик ва террористик оқимлар ҳаракати Ўзбекистонда мустақиллик йилларидан сўнг бошланди. Ёш мустақил давлатимиз уларга қарши маънавий жаҳатдан кураш олиб борди. Уларнинг ғоялари ислом таълимотига зид эканлигини диний уламоларимиз Қуръон ва ҳадислар асосида исботлаб бердилар. Шу билан бирга давлатга кириб чиқишнинг халқаро қоидалари тадбиқ қилина бошлади. Натижада халқимизга яхшилар қатори маҳаллий анъаналаримизга зид бўлган турли ёт ғояларнинг ҳам кириб келиши содир бўлди. Бундай ғоялар, даъватчилар тузоғига нафақат саводи йўқлар, балки мактаб мадраса сабоғини олган ёшларнинг ҳам илиниш ҳолатлари юз берди.
XXI аср глобаллашув даврида миссионерлик ҳаракатлари ҳам ўзига хос хусусият касб этмоқда. Энг, аввало, миссионерлар конкрет мамлакатлардаги ижтимоий иқтисодий вазиятдан ўзларининг ғаразли мақсадларига эришишда унумли фойдаланишга ҳаракат қилмоқда. Унда боқувчисини йўқотган болалар, қаровсиз қолган қариялар ҳамда ногиронлар муаммолари билан шуғулланувчи ташкилотлар ва муассасаларга ҳайрия ёрдамларини кўрсатиш, аҳолининг ночор қатламларини моддий қўллаб-қувватлаш ва муҳтожларни озиқ-овқат билан таъминлаш, уларга тиббий ёрдам ташкил этиш орқали ўз қарашлари ва ҳаракатларига хайрихоҳликни уйғотишга интилмоқдалар.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддасида: “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди”, деган қоида мустаҳкамлаб қўйилди. Бу миссионерлик ва прозелитизм ҳаракатлари конституциявий тамойилларга бутунлай зид эканини кўрсатади. Бу ҳаракат учун Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича жиноий жавобгарлик белгиланган.
Юртимизда миссионерликнинг асл моҳиятини очиб ташлаш, унинг олдини олиш бўйича қатор тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда. Биринчи галда Республикамизда фаолият олиб бораётган барча диний конфессиялар вакилларининг учрашувлари, давра суҳбатлари ва бошқа шакллардаги мулоқотларини ўтказишга алоҳида аҳамият берилмоқда. Учрашувларда туб аҳолини ўзга динга жалб этмаслик, диний миссионерлик фаолияти билан шуғулланмаслик юзасидан чора-тадбирлар белгиланмоқда.
Сўзимиз охирида барчамиз огоҳ бўлишимиз, соф ислом динини ўрганиб уни ғаразли ҳуружлардан ҳимоя қилишимиз ва соф ақидани униб-ўсиб келаётган ёш авлодга ўргатиб боришимиз лозим эканини яна бир бор таъкидлаб ўтмоқчимиз. Аллоҳ таоло юртимиздаги тинчлик ва барқарорликни янада мустаҳкам қилсин.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти
3-курс талабаси Эргашев Абдусами






