Ёмонликка ундовчи нафс инсонни гоҳида Аллоҳ таоло рози бўладиган амалга, гоҳида Аллоҳ таоло ғазаб қиладиган амалга ундаш билан алдайди. Диққат билан қарашни талаб қиладиган нозик фарқли бу алдовдан фақат жуда онгли ва Аллоҳ хотиржам нафс берган кишиларгина нажот топиши мумкин. Имом Ибн Қоййим ўзининг “Руҳ” номли китобида бу нозик фарқларни баён қиладиган жуда фойдали сўзларни келтирган. Биз бу ўринда ўзимизга лозим бўлган баъзи қисмларини келтириб ўтамиз.
Ўз қадрини билиш билан ғурурланиш ўртасидаги фарқ.
Ўз қадрини билиш – инсон обрўсини тўкадиган пасткашлик, разиллик ва тамаъгирликлардан ўзини сақлашидир. Ундай ишларни ўзига ор деб билмоғидир. Ғурурланиш – ўзидан ажабланиб, манманлик қилиш ва бошқаларни писанд қилмаслик. Шу икаласидан ғурур пайдо бўлади. Ўз қадрини билиш – иккита юксак хулқдан пайдо бўлади, у икки хулқ:
Ўзини эъзозлаш ва ҳурматини билиш;
Нафси паст ва камтар бўлиши учун ўзининг муҳимлигини ҳис қилмоқ.
Шу икки хулқдан ўз қадрини билиш пайдо бўлади. буларнинг асли нафсни чиниқтириш, жиловлай билиш ва эгаси унга маънавий қувват ва ёрдам бериши билан бўлади. Агар унда чиниқтириш ва қувватлаш бўлмаса яхшилиги қолмайди.
Ўзини эҳтиёт қилиш билан такаббурлик орасидаги фарқ.
Ўзини эҳтиёт қиладиган одамнинг мисоли: бир киши янги, оппоқ ва қимматбаҳо кийим кийган, у кийим билан саройга ва бошқа жойларга боради. Кийимини кир қиладиган барча ифлос, чанг ва лойлардан авайлайди. У одам қаерда кийимига доғ текадиган нарса бўлса, ўша ердан узоқ юради. Оппоқ кийимига бирор нарса тегса тезда уни кеткизишга ва тозалашга ҳаракат қилади. Ўзини, қалби ва динини эҳтиёт қилган одам ҳам худди шунга ўхшайди. Гуноҳнинг ифлослиги ва унинг асаридан ўзини узоқ тутади. Гуноҳнинг қалбдаги доғи ва асари оппоқ кийимдаги кирнинг доғи ва асаридан жуда қаттиқдир. Аммо кўзлар буни кўришликдан маҳрумдир. У қалбини кирлайдиган нарсалардан ва қалбининг бузилишидан қўрқиб ҳар хил одамларга кўп аралашишдан ўзини узоқ тутади. Худди оқ кийимини авайлаш учун терифуруш, қассоб ва ошпазлардан ўзини узоқ тутгани каби.
Баъзи мансабдор одамлар ҳам ўзини шундай эҳтиёт қилади. Аммо улар ўзини баланд олиб бошқаларни оёқ ости қилишади.
Кибр (такаббурлик) – зулм ва нодонликка тўла қалбнинг ахлоқсизлиги ва ўзига ўзи қойил қолиб юришнинг натижасидир. Ундай қалбдан иймон қочади ва унга балолар ёғилади. Кибрли одам бошқаларга нафрат билан қарайди, улар орасида кибр билан кеккайиб юради. Улар билан худди хўжайинлардек муомала қилади. Бировга салом бермайди, бировнинг саломига алик олса ўзини гўё унга яхшилик қилгандай тутади. Уларга табассум қилмайди, улар билан орасида ҳақ-ҳуқуқ борлигини инобатга олмайди. Баъзи нарсаларда бу, баъзи нарсаларда улар афзал эканини тан ололмайди. Бундай одамлар Аллоҳдан узоқлашаверади, одамлар орасида беписанд бўлиб, нафратга учрайверади.
Асадулло Холмуродов
Кўкалдош ЎМИБЮ мударриси






