Иқтидорли – ўз кучи билан бирор нарсага эришган киши.
Насабли – насл насабидаги бировларнинг обрўси билан эришган киши.
Иқтидорли сўзи араб тилида “исомий” дейилади. Исомий – Исом ибн Шаҳирга нисбат берилиб машҳур бўлган. Исом ибн Шаҳир Нуъмон ибн Мунзирнинг дарвозадаги қўриқчиси бўлган. Бир куни Нуъмон касал бўлганида Набиға Зибёний уни кўргани борганида Исом уни йўлини тўсади. Шунда Набиға Исомга қарата қуйидаги шеърни айтади.
Шеър: “Киритмаганинг учун мен сени маломат қилмасман, лекин орқангдаги ким эди, эй Исом? Исомни Исом қилган унинг иқтидоридир. Олға интилишни ўргатган ва уни олийжаноб қилган ҳам унинг иқтидоридир”.
Олий ҳимматли киши ўз иқтидори билан обрўли бўлади. Насл-насаби ва қариндошларининг ёрдами билан обрў орттирмайди. Обрўли хонадондан бўлмаслиги унга тўсиқ бўлолмайди. Унинг олий ҳиммати у учун ҳам хусусият ва ҳам насабдир.
Омир ибн Туфайл Омирий айтади, яъни шеър: Мен Омир қабиласининг бошлиғи, машҳур чавандознинг ўғли бўлсам ҳам, у билан обрў топмасман. Лекин у қабилани ҳимоя қиламан ва кимки унга кўз тикса елкамни тутиб мудофаъа қиламан.
Абюрдий ота-бобосининг обрўси билан қаноатланиб қолмасдан, ўз ҳиммати билан ҳам обрўли бўлишга ҳаракат қилганини айтган. Шеър: “Асли ўзимда мустаҳкам бўлган шуҳрат топдим, бунга насабим шуҳратини ҳам боғлайман”.
Абдуллоҳ ибн Муовия айтади: яъни шеър: “Ота-боболаримиз олий табақадан бўлса ҳам, унга суяниб қолмаймиз. Улар шуҳрат топгани каби биз ҳам ўз кучимиз билан шуҳрат топамиз”.
Инсоннинг ҳиммати олий бўлса, унинг обрўли оиладан бўлиши ёки хасис оиладан бўлиши зарар қилмайди.
Оиша (розияллоҳу анҳо) онамиз айтади: “Ҳар бир олийжаноб (оиладан чиққан) киши разил иш билан шуғулланса, у разил дейилади ва ҳар бир разил (оиладан чиққан) киши олийжаноб иш билан шуғулланса, у олийжаноб дейилади”.
Абдумалик ибн Марвоннинг ҳузурида бир киши гапларини равон ва серқиррали қилиб гапирди. Абдумалик унинг гапидан ҳайратланиб, ундан: “Кимнинг фарзандисан?-деб сўради. У эса: “Эй мўминлар амири! Мени сизнинг ҳузурингизгача келтирган иқтидоримнинг фарзандиман”-деди. Халифа Абдумалик: “Тўғри айтдинг”-деди. Бир шоир буни шеър қилган. Шеър:
“Менинг бойлигим ақлимдир, хислатим олий ҳимматим. Мен мавло ёки асл араб эмасман. Кимдир бирор оилага мансуб бўлса, мен эса одобимга мансубман”.
Олий ҳимматли киши насл-насаби билан фахрланадиган бўлмайди. Шоир айтади: яъни шеър:
Кимнинг фарзанди бўлсанг бўл,
Насабни пеш қилмай одобли бўл.
Йигитдир, ҳамма ҳавасла кўрсатса,
Йигит эмас, отам фалон пистон деб айтса.
Покиза шариатимизда ҳам такаббурлик қилиб, насаб билан фахрланишдан қайтарилади. Аллоҳ таоло айтади: “Эй одамлар! Биз сизларни бир эркак ва аёлдан яратдик ва сизларни ўзаро танишишингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлингиз энг тақводорингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир”. (Ҳужурот сураси, 13-оят). Бу оятда насаб билан фахрланишдан қайтаришга ишора бўляпти. Инсоннинг насаби унинг кучи билан топиладиган нарса эмас. Аллоҳ таоло айтади: “Ҳар бир инсонга ўз қилганидан бошқа нарса йўқ”. (Нажм сураси, 39-оят). Насаби олий билан насаби паст кишининг орасида фарқ йўқ, чунки икаласини ҳам Аллоҳ таоло яратган. Икаласини ҳам тупроқдан яратган. Насаб кишига Аллоҳдан савоб ҳам олиб беролмайди. Фақат тақво билангина Аллоҳнинг ҳузурида ҳурматли бўлиши мумкин. Тақво билангина нафс комил бўлади ва шахслар бир-биридан афзал бўла олади.
Аллоҳ таоло бандаларга бериладиган мукофот ё жазо уларнинг насабларига кўра эмас балки, амалларига кўра бўлишини айтди. “Бас, қачонки сурга пуфланганда, у кунда ораларида на насаб қолур ва на бир-бирларини суриштирурлар”. (Мўъминун сураси, 101-оят). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтади: “Кимнинг амали уни секинлатса, насаби уни тезлаштиролмайди”. Яъни, банданинг амаллари унинг охиратдаги даражаларини белгилайди. Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) айтади: Аллоҳ таоло жаҳаннамнинг устига сирот кўпригини қуради. Инсонлар амалига қараб гуруҳ-гуруҳ бўлиб ўтади. Биринчи гуруҳ яшин тезлигида ўтади. Кейингиси шамол тезлигида, кейингиси қуш каби, кейингиси ҳайвон тезлигида, кейингиси югуриб ўтади, кейингиси юриб ўтади. Охиргиси қорни билан судралиб ўтади ва “Эй Роббим! Нега мени бунча секинлатиб қўйдинг?-дейди. Аллоҳ таоло: “Сени Мен секинлатмадим, амалинг секинлатди”-дейди.
Олимлардан бирига: “Сизга кичик саволим бор эди?!” дейилганида, “Унда саволинга яраша кичик одам топ”-деган экан.
Олийҳиммат ва мардлардан яна бири, сахийликда машҳур Абдуллоҳ ибн Жаъфар ибн АбуТолибдан бир аёл нарса сўради, у жуда кўп нарса берди. Шунда Абдуллоҳга: “У аёл сизни танимаса, озгина нарса берсангиз ҳам рози бўлиб кетаверарди”-дейилганида, у: “У озгинага рози бўлса ҳам, менинг ҳимматим озга рози бўлмайди, у мени билмаса ҳам, мен ўз қадримни биламан”-деб жавоб берди.
Бир куни Абдуллоҳ ибн Жаъфар туясига минаётган вақтда бир тиланчи келиб ундан нарса сўради. Шунда у туясидан тушиб, юкларини ҳам тушириб тиланчига жавоб берди. Юкида тўрт минг дирҳам пул ва Али (розияллоҳу анҳу) нинг бир қиличи ҳам бор эди.
Саид ибн Абдулазиз айтади: Бир куни Ҳасан ибн Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳумо) ёнида бир кишининг Аллоҳ таолога дуо қилиб ўн минг дирҳам беришини сўраётганини эшитди. Уйига қайтиб бориб, ўшанча пулни дуо қилаётган одамга жўнатиб юборди.
Абу Саид устозидан ҳикоя қилиб айтади, устози айтади: Бир куни Абдуллоҳ ибн Муборак хизматкорининг қўлини тишлаб олганини кўрдим ва унга “Нега хизматкорнинг қўлини тишлаяпсиз?”-дедим. У эса: “Унга, садақа сўраб келган одамга бераётган пулни санамасдан, ҳовучлаб қуйиб бер, деб бир-неча марта буюрдим”-деди.
Мардлик ва ўз қадрини яхши билиш ҳақида имом Шофеъий ўз шеърида шундай дейди, яъни шеър: “Устимда кийимим бор, агар уларни сотсам пули кийимдан кўпроқ бўлади. У кийимнинг ичида бир нафс бор, уни бошқаларнинг нафси билан солиштирса, анча кучли ва катта бўлади. Қиннинг эскилиги қиличнинг тиғига зарар беролмас. Қилич ўткир бўлса, қайси томонга йўналтирсанг ҳам кесади”.
Яна бир шеърида айтади: “Мен бирон муаммога дуч келсам, унга қараб ечимини топаман. Тил гапга чечан, қилич каби ўткир. Ким нима деса эргашиб кетавермасман, сўраб суриштираман. Қалбим тирик, тилим равон, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтараман”.
Абу Ҳилол Аскарий айтади, яъни шеър: “Менинг бозорда ўтириб олиб савдо қилишим, бу халойиқнинг маймун эканига далолатдир. Қайси қавмда яхши одамлари хорланиб, пасткашлари бош бўлиб улуғланса, у қавмда яхшилик йўқдир. Менинг кийимим эскилиги улар учун жуда қаттиқ ҳақорат бўлди, бундан ҳам ортиғи бўларми?”.
Баъзи олимлар кўзга ташланмасликни хоҳласалар ҳам, одамлардан сиқилгани сабаб бошқа жойга кўчиб кетишни хоҳламаганлар. Чунки бошқа жойга борса унинг қадрини билмай хорлаб қўйиши мумкин.
Имом Суфён Саврий жуда тавозуъли инсон эди. У киши: “Ҳеч ким танимайдиган ва обрўим тўкилмайдиган ерда яшашни хоҳлаб қолдим”- дер эди. Ибн Маҳдий айтади: мен Суфён Саврийнинг: “Оёқ кийимимни олсам-да, ҳеч ким танимайдиган ерларга бориб яшасам!” деди ва бошини кўтариб: “У ерда қадрим ерга урилмаса?!”-деди.
Хорланишдан жуда эҳтиёткор бўлгани сабабли, у кишини танийдиган ва қадрини биладиган инсонлар орасида яшар эди ва айтар эди: “Агар қадрим ерга урилишидан қўрқмаганимда, мени танимайдиган қавм орасида яшаган бўлар эдим”.
Халифа Маҳдий Мадинага келганида одамлар у билан саломлашишга чиқишди. Ҳамма ўз ўрнини олиб ўтирганидан сўнг имом Молик келди. Одамлар: “Бугун имом Молик ҳаммадан охирида ўтирар экан-да?!”-дейишди. Имом Молик яқин келиб одамларнинг тиғиз ўтирганини кўрди ва туриб қолди-да: “Эй мўминлар амири! Устозингиз Молик қаерга ўтиради?”-деди. Маҳдий: “Эй Абу Абдуллоҳ! Менинг олдимда ўтирасиз”-деди. Имом Молик одамларни оралаб ўтиб, унинг олдига борди. Маҳдий ўнг тиззасини кўтариб ўтирди ва имом Моликни ёнига ўтирғизди.
Муҳаддис олим, кўзи ожиз Абу Муовия Муҳаммад ибн Хозимнинг қўлига халифа Ҳорун ар Рашид сув қуйиб турди. Олим буни ювиб бўлганидан сўнг билди ва: “Эй мўминлар амири! Албатта, сиз илмни ҳурмат қилдингиз”-деди.
Имом Ибн Дақиқ Ийд бир неча марта ўзини қозиликдан олиб қочди. Сўнгра яна қозиликка ўтириш сўралди. Султон Малик Мансур Ложин имом келганида туриб кутиб олди. Имом Ибн Дақиқ секин-секин юра бошлади. Бошқалар: “Султон сиз учун тик турибди”-деса, у киши: “Юришим учун бошлаб боринглар!”-деди. Пастда ўтирмаслик учун султон билан сўри устида ўтирди. Султон имомнинг қўлини ўпди. Имом Ибн Дақиқ Ийд: “Шундан фойдаланмоқчисан-да!”-деди.
Ибн Ҳазм айтади: “Мақтовга арзийдиган ишлардан бири – унга ўхшашини бошқа эшитмадим – Абу Ғолиб Тамам ибн Ғолиб Тайёний лўғат соҳасида бир китоб ёзди. Унга Жазоир ҳокими Абу Жайш Мужоҳид Омирий юзланиб, минг динор пул, улов ва сарпо берди, эвазига китобнинг бошига унинг ҳам исмини киритиб: “Абу Ғолиб Абу Жайш Мужоҳид учун ёзди”-дейилади. Абу Ғолиб ҳамма нарсани қайтариб берди ва: “Мен бу китобни одамлар фойланиши ва унда ҳимматим кўриниб туриши учун ёздим, энди унинг бошига бошқанинг исмини киритиб, унга мақтов олиб беришим керакми?! Аллоҳга қасамки, бутун дунёни берса ҳам бундай қилмайман. Ёлғончи олим бўлмоқчи эмасман. Мен бу китобни фақат у учун эмас, балки, барча илм талабида юрганлар учун ёздим”-деди. Биз бу ҳокимнинг ҳиммати олийлиги ва шу китоб билан машҳур бўлишга рағбат қилганига ва олимнинг ўз қадрини билиб, нафсининг гапига кирмаганига ҳайратда қолдик.
Абу Саъид Бакр ибн Мунир айтади: “Бухоро волийси Холид ибн Аҳмад Зуҳалий имом Бухорийга элчи юбориб, “Жомеъ” ва “Тарих” ва бошқа китобларини олиб келиб бизга ҳам ўқиб берсин,-деди. Имом Бухорий унинг элчисига: “Мен илмни хор қилиб султонларнинг эшигига кўтариб бормайман. Агар илмга эҳтиёжинг бўлса масжидга ё уйимга дарсларга келгин. Агар хоҳламасанг, сен султонсан, дарсларимни таъқиқлаб қўярсан. Бу эса мен учун қиёмат кунида Аллоҳ таолонинг ҳузурида узр бўлади. Чунки мен илмни яшираётганим йўқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бир илм ҳақида сўралганда, билиб туриб яширса, дўзах олови билан оғзига юган солинади”–деганлар”, деди. Бу воқеъа икаласининг орасига совуқлик тушишига сабаб бўлди”.
Абу Бакр ибн Абу Амр айтади: “Имом Бухорийнинг ўз юртидан чиқиб кетишига сабаб, Холид ибн Аҳмад уйига келиб болаларига “Тарих” ва “Жомеъ” китобларидан дарс беришини сўради. Унга имом Бухорий рози бўлмади ва : “Бу ерда катта жамоани ташлаб, хос дарс беролмайман”-деди. Шунда султон Холид ибн Аҳмад Бухоро олимларидан Ҳарис ибн Абу Варқо ва бошқалар билан бирикиб имом Бухорийнинг мазҳаби ҳақида ҳар хил гаплар тарқатишди. Охир оқибат ўз юртидан қувғин қилишди. Имом Бухорий уларни дуоибад қилди”.
Хатиб Боғдодийнинг таржимаи ҳолида айтилади, бир куни у кишининг олдига бир аълавий (шиъаларнинг бир тоифаси) киши кирди, унинг енгида тилла тангалар бор эди. Хатибга қараб: “Фалончи сизга салом айтди, буни эҳтиёжларингизга ишлатар экансиз”-деди. Хатибнинг юзлари буришди. Аълавий унга: “Бу оз демоқчимисан?”-деди ва енгини Хатибнинг тўшаги тагига қилди-да, тангаларни у ерга тўкди. “Бу уч юз динор”-деди. Хатиб жаҳлдан юзлари қизариб турди-да, тўшакни кўтариб тилла тангаларни ерга сочиб юборди ва масжиддан чиқиб кетди.
Хатиб Боғдодийнинг шогирдларидан бири айтади: “Хатиб Боғдодийнинг ўша кунги улуғвор чиқиб кетиши, алавийнинг ерда хор бўлиб ўтириши ва сочилган тангаларни бўйранинг ораларидан териб йиғиши ҳеч кўз ўнгимдан кетмайди”.
Имом Заҳабий имом Али ибн Абу Тоййибнинг таржимаи ҳолида айтади: “Имом Алини султон Маҳмуд ибн Сабактакин ваъз насиҳат эшитиш учун чақиртирди. Имом Али унинг ҳузурига кирганида изн сўрамасдан ўтирди ва ҳадис айта бошлади. Султон бундан жаҳли чиқди ва хизматкорига уни бир дўппослаб эшитмайдиган қилиб қўйишни буюрди. Шу ерда ўтирган баъзилар имомнинг илм ва динда обрўли эканини айтиб таништирди ва унинг учун узр сўрашди. Унга озроқ мол беришни буюрди. У бунга рози бўлмади. Султон имом Алига: “Эй Шайх! Подшонинг ўз ҳурмат эътибори бўлади, унга сиёсат лозим. Сиз ҳозир ўз бурчингизни оёқ ости қилдингиз, унга қонуний чора кўришимиз керак”-деди. Шунда имом Шайх Али: “Аллоҳ таоло бизни кузатиб турувчи зот, сиз мени бу ерга ваъз, Пайғамбар (алайҳиссаломнинг) ҳадисларини эшитиш ва хушуъ пайдо қилиш учун чақиртирдингиз, подшолик қонунларини ижро қилиш учун эмас”-деди. Подшо бундан хижолат бўлди ва шайхни қучоқлади”.
Иброҳим ибн Исҳоқ Ҳарбий айтади: “Ато ибн Абу Рабоҳ ранги қора бўлиб, Маккалик бир аёлнинг қули эди. Бурни ловия каби узун эди. (У киши озод бўлиб, Макка имоми бўлганидан сўнг) бир куни у кишининг ҳузурига мўминлар амири Сулаймон ибн Абдумалик икки ўғли билан келди. Ато ибн Абу Рабоҳ намоз ўқиётган эди. Намоз ўқиб бўлгач, уларга қараб бурилди. Улар ҳаж амаллари ҳақида саволлар берди. Саволларга жавоб бергач, яна бурилиб ибодатида давом этди. Сулаймон ибн Абдумалик ўғлига “туринглар” деди, улар тургач, “Эй ўғилларим, илм ўрганиш йўлида ҳеч бўшашманглар, мен ҳамиша мана шу қора қулнинг олдида ҳақир эканимизни ҳис қиламан”-деди.
Ўз қадрини билиш ва дунё матоҳларидан узоқ тутишда машҳур бўлганлардан бири Шайх Иззуддин. У кишига бирор киши китоб ўқиб берса, бирор бобга келганида тўхтамоқчи бўлса тўхтатмай кейинги бобга ўтиб, озроқ ўқиганидан кейин тўхташга буюрар эди. Ва: “Боб (эшик)ларга келиб тўхтаб қолувчилардан бўлишни хоҳламайман”-дер эди.
Шундай олимлардан бири камбағал ва бировдан бирор нарса сўрамасдан қадри юксак бўлиб яшаган. Бировга қўл чўзиб бир нарса сўраш ва тамагирлик қилишдан ўзини эҳтиёт қилган, агарчи олий мансабдор бўлса ҳам. Олимнинг тама қилиши ва бироларга қўл чўзиб сўраши хорлик ва қадрини синдиришдир. Ҳаққа инсонларни чақирган олимнинг бировлардан нарса сўраб қадрини кеткизиши у чақираётган ҳақни заифлаштиради. Бу ҳақда камбағал бўлиб ҳаёт кечирган Аббий шундай дейди: яъни шеър: “Ўзингдан юқоридагилардан сўраб қолинг чўзилмасин-ки, ҳатто улар қўлингни ўзини бу ёққа бер демасин”.
Ривоят қилинишича, бир подшо бир олим кишига юз динор юборди ва хизматкорига: “Агар шу пулни олса сен қулликдан озодсан”-деди. Хизматкор пулни олимга оборди, аммо олим олмади. Хизматкор: “Буни олинг, олсангиз қулликдан озод бўларканман” деди. Олим: “Сен озод бўлсанг, мен қул бўлиб қоламан”-деб рози бўлмади.
Ўз замонасида Шомнинг улуғ олимларидан бўлган Саъид Ҳалабий бир куни дарсида оёқ узатиб ўтирган эди, у ерга Шомнинг золим ҳокими Иброҳим Пошо кириб қолди. Иброҳим Пошо Мисрнинг ҳокими Муҳаммад Алининг ўғли бўлган. Иброҳим Пошо кирганида Шайх Саъид қимирламади, оёғини ҳам йиғмади ва ўтиришини ҳам ўзгартирмади. Бундан Пошо оғринди, лекин яширди. У ердан чиққач, Шайх Саъидга бир ҳамёнда минг лира тилла танга юборди. Шайх уни олмади ва олиб келган элчига: “Пошога айтинг: Оёғини ўзатган одам қўлини узатмайди”-деди.
Инсон ёш бўлса ҳам мард ва ўз қадрини биладиган бўларкан, шундай воқеъалардан бири: Зиёд ибн Зибён ўзича сахийлик қилмоқчи бўлиб, ўғли Убайдуллоҳга: “Сени амир Зиёдга васият қилиб қолдирайинми?”-деди. Ўғли унга: “Эй отажон, тириклар ҳам ўлик каби васият қилинса, унда тирик бўла туриб ҳам ўлик экан-да!”-деди. Бу ҳақда шоир шундай дейди, яъни шеър: “Агар тириклар ўлганларнинг суяги (обрўси) билан яшаса, демак, суяк тириг-у, яшаётган ўликдир”.
Муовия кичик Амр ибн Саъидга: “Отанг сени кимга васият (ишониб топширди) қилди?”-деди.
Амр ибн Саъид: “Отам менга васият қилди, мени васият қилмади”.
Муовия: “Сенга нимани васият қилди?”
Амр ибн Саъид: “Отамнинг дўстларининг дўстлигини йўқотмаслигимни”-деди.
Шайх Абдуваҳҳоб Форисий бир куни яқин дўсти Шайх Муҳаммад Жарроҳ билан йўлда кетаётса, бир машина келиб иккаласини уриб юборди. Икаласи шу ердаги чуқурга йиқилиб жароҳат олди. Улар шафёрнинг маст эканини билгач, унга даъво қилишдан воз кечишди. Бу эса уларнинг маст киши билан бир жойда туришдан ҳазар қилгани учун эди.
Шеър: “Қасамки, мен ажалимни кўрмоқдаман, лекин унга қадамимни тезлаштирмоқман. Қасамки, бу мардларнинг ўлимидир, ким шарафли ўлимни истаса, мана (шарафли ўлим)!”.
Асадулло Холмуродов
Кўкалдош ЎМИБЮ мударриси






