SIGN IN YOUR ACCOUNT TO HAVE ACCESS TO DIFFERENT FEATURES

FORGOT YOUR PASSWORD?

FORGOT YOUR DETAILS?

AAH, WAIT, I REMEMBER NOW!
KUKALDOSH.UZ
  • LOGIN

KUKALDOSH.UZ

  • Bosh sahifa
  • Madrasa
    • Madrasa tarixi
    • Rahbariyat
    • Yotoqxona
    • Axborot-resurs markazi
  • Yangiliklar
  • Maqolalar
    • Qurʼon ilmlari
    • Aqida
    • Fiqh
    • Tafsir
    • Hadis
    • Arab tili
    • Yurtimiz allomalari
    • Islom tarixi
    • Raddiyalar
    • Axloq va tarbiya
    • Bagʼrikenglik va jamiyat
    • Elektron kitoblar
  • Taʼlim
    • 4 yillik öquv dasturi
    • Ilm talab qilish odoblari
  • Kurslar
    • Qurʼoni Karim va tajvid kursi
    • Tayyorlov kursi
  • Qabul
    • Qabul tartibi
    • Kiriş imtihonlari 2027-2028
    • Ötiş ballari
    • Topşirganlar soni
    • Imtihon duolari
  • Boğlaniş
26.03.2018 / Bo‘limda Islom tarixi, Maqolalar, Yangiliklar

Аллоҳ таолонинг юлдузлар ва бошқа нарсалар билан қасам ичиши (Шамоилул Мустафо)

Бутун башариятга нозил қилинган Қуръони каримда юлдузлар ва бошқа улкан мавжудотлар номи билан қасам ичилган. Бунинг мазмун-моҳиятида Набий алайҳиссаломнинг шарафини мушрикларга билдириш, ростгўйликларини таъкидлаш, рисолатига иймон келтиришга ундаш ётади. Афсуски, мушриклар шундай улуғ қасамни эшитиб, кўра туриб ҳам ҳидоятга келмаган. Қуръони каримда Пайғамбаримизнинг беназир шамойиллари ва ўзига хос сифатлари ҳақида оятлар тушганининг ўзи ҳар бир ақл эгаси учун тўғри хулоса чиқаришга кифоя қилади. Қуёш нури ва тун ана шундай қасам ичилган мавжудотлардан биридир. Аллоҳ таолонинг: «Чоштгоҳ билан қасам. Сукунатга чўмган тун билан қасам»,[1] деган сўзи ҳам бу иккиси улуғ мавжудот эканини тасдиқлайди. Аллоҳ таоло бу иккиси билан бежиз қасам ичмайди. Мазкур ояти каримада қуёш нури ёки кун аввалида қуёш кўтарилган пайт – чашгоҳ вақти ҳамда одамлар тирикчилик ташвишидан тўхтаган ва зулмат чўккан тун билан қасам ичилган. Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарини ҳеч қачон ўзидан узоқлаштирмади, ҳеч қачон ўз ҳолига ташлаб қўймади, ҳеч қачон эътиборсиз қолдирмади ва ҳеч қачон у зотга қаҳр-ғазаб ҳам қилмади. Мазкур оятлар Пайғамбаримизга ваҳий тушмай турган қалтис вақтда мушриклар даъвоси пучлигини исботлаш учун нозил қилинган. Чунки мушриклар Роббиси Муҳаммадни бутунлай тарк этди, уни ўз ҳолига ташлаб қўйди, деган миш-мишни тарқатиб, оммани чалғитмоқчи бўлади. Аллоҳ таоло кеча ва кундузнинг қай даражада катта ҳодиса эканига эътиборни тортиш учун чоштгоҳ ва тунни зикр этди. Агар аҳамият берилса, тун чоғида кўпроқ сукунат ва жимлик ҳукм суради, кундуз эса бақир-чақир, ташвиш, жўшқинлик ва ўзгаришлар палласидир. Пайғамбарлар инсониятни ислоҳ қилиш йўлидаги даъватларини кўпроқ кундуз пайтлари амалга оширишган. Қози Иёз роҳматуллоҳи алайҳ: «Зуҳо сураси» да Аллоҳ таолонинг Ўз Набийсини эъзозлаши, қадрини кўтариши ва улуғлашига боғлиқ олти асос келтирилган», дейди. Булар:

Биринчиси, мазкур сура Набийимизга хабар берилган нарсалар, яъни у зотнинг ҳолати, улуғ неъматлар ва кўрсатилган фазл-марҳамат қасам билан бошланиб унда шундай дейилган: «Чоштгоҳ билан қасам. Сукунатга чўмган тун билан қасам». Яъни, чоштгоҳ Роббиси билан қасам. Пайғамбар ҳақидаги сўзнинг қасам билан бошланишининг ўзи у зотга ато этилган энг улуғ яхшиликлардан биридир.

Иккинчиси, Аллоҳ таоло Ўз ҳузурида Пайғамбарининг мақоми қанчалик юксаклигини хабар бериб: «Роббинг сени ташлаб қўйгани йўқ, сенга ғазаб ҳам қилгани йўқ», дейди. Яъни, сени тарк қилиб қўйгани йўқ, сендан ғазаблангани ҳам йўқ.

Учинчиси, «Ва охират сен учун бу дунёдан яхшироқдир». Яъни, охират диёри сенга дунёдан яхшидир. Охиратда берилажак туҳфалар дунёдагисидан афзал ва устун туради. Роббинг сенга берадиган шафоат, мақоми маҳмуд, кавсар, олий даража ва бошқалар бу дунёда берилганларидан афзалроқдир.

Тўртинчиси, «Ва яқинда Роббинг сенга ато қилур ва сен рози бўласан». Мазкур оят иззат-икромнинг барча-барча турини, бекаму кўст бахт-саодат, икки дунёдаги анвойи неъматлар ва бу дунёда ато этилганидан кўра яхшироғини ўзида жамлайди. Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу: «Қуръонда бу оятдан кўра умидбахш оят йўқ. Чунки Росулуллоҳ ўз умматларидан биронтасининг дўзахга киришига ҳеч қачон рози бўлмайдилар», дейди.

Бешинчиси, суюкли Пайғамбарга ато этилган зоҳирий ва ботиний неъматларни бирма-бир санаб ўтилади. Булар тўғри йўлга даъват этиш, инсонларни ҳидоятга бошлаш, камбағалликдан кейин бойликка мушарраф этиш, дунёга келмасдан олдин оталари вафот этиб, етим қолганда амакиси Абу Толибникидан бошпана бериш ҳамда олдин билмаган шариат ва Қуръон ҳукмларини билдириш кабилардан иборат. Аллоҳ таоло бу неъматларни унутиб қўйгани учун эмас, балки кўрсатган Ўз фазлу карамини эслатиб қўйиш маъносида зикр этган. Ёш пайтидан етим қолиб, ҳали Роббисини тўлиқ ва мукаммал танимаган чоғларда ҳам Пайғамбаримизни ўз ҳолига ташлаб қўйилмаган бўлса, алоқани узиб, қаҳр-ғазаб қилинмаган бўлсаю қандай қилиб олий шарафларга лойиқ кўрилиб, юксак мақомларга мушарраф этилганидан кейин ташлаб қўйилсин?!

Олтинчиси, «Ва аммо Роббингнинг берган неъмати ҳақида сўзла».[2] Бу буйруқ Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун хос, умматлари учун умумий маъно касб этади. Шу орқали ато этилган неъматларни билдириш, даъватларини ёйиш ва номларини юксакка кўтаришга мушарраф этгани учун у зотни шукр қилишга даъват этилган. Чунки берилган неъматни тилда зикр этиш ҳам ўша неъматга шукр қилишга киради. Шунга биноан, ояти каримада зикр этилган неъмат сўзи каттаю кичик барча неъматларни ўз ичига қамраб олади.  Аслида одамлар ўрнак олишлари учун бу ҳақда сўз борган. Шунинг учун баъзи солиҳ зотлар қолганлар ҳам эргашиб, баҳраманд бўлсин деган мақсадда ўзларининг тоат-ибодатлари ва ибратли амалларидан бошқаларни воқиф этишган.

Яна қасам турларига Аллоҳ таолонинг Нажм сурасидаги оятларни ҳам мисол келтирса бўлади: Ботаётган юлдуз билан қасам. Сизнинг Биродарингиз адашгани ҳам йўқ, йўлдан озгани ҳам йўқ. У ҳаводан нутқ қилмас. У (Қуръон) ваҳийдан ўзга нарса эмас. Уни Унга (Муҳаммадга) шиддатли қувват эгаси таълим берди. Миррат эгаси кўтарилди. Ва у олий уфқда эди. Сўнгра яқинлашди ва жуда ҳам яқин бўлди. Бас, икки камон миқдоридай жой бўлди. Балки ундан ҳам яқинроқ келди. Ва У зот бандасига нимани ваҳий қилган бўлса, етказди. Қалб (кўз) кўрганини ёлғонга чиқармади. У билан ўзи кўрган нарса устида тортишасизларми?! Ва, батаҳқиқ уни бошқа сафар кўрди. Сидратул мунтаҳо(тугаш дарахти) олдида. Унинг ҳузурида маъво жаннати бор. Ўшанда, у (дарахт) ни ўрайдиган нарса ўраб турибди. Нигоҳ бурилмади ҳам, ҳаддидан ошмади ҳам. Дарҳақиқат, ўз Роббисининг улкан белгиларидан кўрди.[3]

Аллоҳ таоло Қиёмат кунида нури сўниб, пастга учиб тушгани боис барча юлдузлар ёки «нажм» – юлдуз деганда кўпроқ сурайё юлдузи тушунилгани учун шу юлдуз номи билан қасам ичади. Жаъфар ибн Муҳаммад Содиқ раҳматуллоҳи алайҳ: «Юлдуздан мақсад Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдир», дейди. Бу Аллоҳ таоло у зотни нур, деб атаганига ҳам мувофиқдир. Шу билан бирга, унда Пайғамбар алайҳиссалом ваҳийни ҳақиқатан Роббисидан қабул қилиб олганини, у зотнинг ўз ҳоҳиш-истаги ва ҳавои-нафси тарафидан эмаслигини таъкидлаб қўйиш маъноси ҳам йўқ эмас. Расулуллоҳ алайҳиссалом Жаброил алайҳиссаломни осмонда ва бир марта ерда ҳақиқий ўз қиёфасида кўрганлар. Аллоҳ таоло Росулининг тўғри йўлдалиги, ҳавои-нафсига эргашмаслиги ва тиловат қилаётганлари ҳаққи рост ва ваҳий қилиб юборилган ваҳий бўлиб, уни улуғ фариштаси Жаброил алайҳиссалом воситасида илоҳий даргоҳдан етказилгани билан қасам ичади. Демак, бу оддий қасам эмас. Шундан кейин Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарини Меърож билан шарафлаши, Сидратул мунтаҳогача етиб бориши, қалб кўзлари кўрганини тасдиқлаши ва Роббисининг кўплаб оят-мўъжизаларига гувоҳ бўлишини хабар беради ва яна Росулини улуғлашга далолат қиладиган мана бу сўзини қисқа тарзда келтиради: «Ва У зот бандасига нимани ваҳий қилган бўлса, етказди». Бу мухтасар баён этиш турларининг энг балоғатли шаклидир. Зеро, бу каби баёнда қисқа ибора орқали кўп маънони ифодалаш маҳорати мавжуд.

Юқорида айтиб ўтилган мисолларга ўхшаш яна бир мисол: «Осмон билан қасам ва ториқ билан қасам. Ториқ нималигини сенга не билдирди. У нур сочиб турувчи юлдуздир»[4]. Бу ояти каримада Аллоҳ таоло осмонда ва тун пайтида кўринадиган юлдуз билан қасам ичган. Баъзи муфассирлар мазкур оятдаги юлдуз Муҳаммад алайҳиссалом бўлади, деган фикрни билдиради. Аллоҳ таоло Ўз Росулини олдинига умумий сифат билан тавсифлаб, ундан кейин қадрини кўтариш, келтираётган ҳужжатини таъкидлаш учун хос нарса билан сифатлайди. Бошқа оятларда Аллоҳ таоло қуёш нури остида кўринмай сузиб юрадиган юлдузлар билан очиқ ва аниқ қасам ичганига шоҳид бўламиз. Ана ўша юлдузлар «алжаварил куннас» – тунда юрувчи, беркинувчи юлдузлар деб номланади. Аллоҳ таоло: «(Кечалари) юрувчи, беркинувчи юлдузлар билан қасам» деган мазмундаги оятдан бошлаб, то «Ва (Қуръон) тошбўрон қилинган шайтоннинг сўзи эмасдир»[5] оятигача қасам ичади. Аллоҳ таолонинг «Фалаа уқсиму» сўзи зикр этилган нарсалар билан қасам ичаман, маъносини билдиради. Бу қавлга кўра, «ла» зоида (маъно англатмайдиган) сўздир. «Албатта У (Қуръон) карамли элчининг сўзидир». Яъни, Қуръон элчи юборувчи Зот – Аллоҳнинг ҳузурида улуғланган ва муҳтарам элчининг орқали одамларга етказилгандир. Али ибн Исо ва бошқалар бу ўринда «карамли элчи» деганда Муҳаммад алайҳиссалом назарда тутилганини келтиради. Шу фикрга асосланиб айтадиган бўлсак, мазкур сифатларнинг барчаси Пайғамбаримизга тегишли экани келиб чиқади.

Муборак Пайғамбаримизнинг улуғлигига далолат қиладиган нарсалар билан қасамёд этишга мисол тариқасида: «Нуун. Қалам билан ва сатрларга ёзилган нарсалар билан қасам.»[6], деган оятни келтириш мумкин. Мазкур суранинг 1-7- оятларида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал фазилат ва ҳолатлари таърифи ўрин олган. Бу оятларда Аллоҳ таоло нима билан қасам ичган бўлса, у зотни улуғлаш, эъзозлаш, кофирлар айб тақиб, ёлғончига чиқаришга уринган туҳмат ва бўҳтонлардан мутлақо пок эканини билдириш мақсадида қасам ичганига гувоҳ бўламиз. Шулар қаторида у зотга: «Сен Роббинг неъмати ила мажнун эмассан» дея тасалли бериши у зотни яхши кўришга ишорадир. Қасамнинг жавоби: Сен ўзингга пайғамбарлик ва бошқа фазилатлар берилгани туфайли мажнун эмассан. Аксинча, мажнун дегувчиларнинг ўзлари мажнун. Аслида, сен орифлар ичида энг ақллиси, уларнинг энг афзали, комили, пайғамбарлар саййиди, авлиёлар ва танланган зотларнинг таянчидирсан.  Аллоҳ таолонинг Пайғамбар алайҳиссалом ҳақида: «Ва албатта, сен улкан хулқдасан», деб айтган сўзи ҳам фахр-ифтихор қилишга етарлидир. Бундай мақтовга ўз-ўзидан эмас, балки қавми томонидан етган қаттиқ озорларга: «Эй Аллоҳ, қавмимни кечир. Албатта, улар билмайдилар», дея сабр қилишлари, оғир машаққатларни кўтаришлари эвазига сазовар бўлганлар. Ўтган мисолларда келган қасам турлари асосан Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни улуғлаш ва номларини юксакка кўтаришга далолат қилади. Улар Пайғамбаримиз шаънларига айтилган беназир, бемисл мақтовлардир.

(Давоми бор)


[1] Зуҳо сураси, 1-2-оятлар.

[2] Зуҳо сураси, 11-оят.

[3] 1-18- оятлар.

[4] Ториқ сураси, 1-3-оятлар.

[5] Таквир сураси, 16-25-оятлар.

[6] Қалам сураси, 1-оят.

What you can read next

2 rb
“Энг фаол китобхон”
Имом-домлалар иштирокида илк видео-анжуман
Имом-домлалар иштирокида илк видео-анжуман
Билим юртида Хотира турнири ўтказилди
Билим юртида Хотира турнири ўтказилди

СЎНГИ МАҚОЛАЛАР

  • Mustaqillik — uluğ ne’mat

  • Kitoblar bilan muomala qiliş odoblari va ularni qölga kiritişga tarğib

  • ILM AMAL BILAN KAMOLGA YETADI

  • Ustoz va şogirdga umumiy bölgan odoblar

  • Kökaldoş madrasasida Xalqaro bağrikenglik kuniga bağışlangan “Zakovat” intellektual öyini taşkil etildi

ҚИДИРУВ ХИЗМАТИ

БЎЛИМЛАР

  • Bosh sahifa
  • Madrasa
  • Yangiliklar
  • Maqolalar
  • Taʼlim
  • Kurslar
  • Qabul
  • Boğlaniş

Тезкор ҳаволалар

  • Qabul tartibi
  • Kiriş imtihonlari 2027-2028
  • Ötiş ballari
  • Topşirganlar soni
  • Qurʼoni Karim va tajvid kursi
  • Tayyorlov kursi
  • 4 yillik öquv dasturi
  • Imtihon duolari

АЛОҚА

Тошкент 100208, Чилонзор тумани, Гулистон кўчаси, 37/1

+998 94 988 23 43

info@kukaldosh.uz

ХАРИТА

KökaldoşKökaldoş

Yandex xarita →Google xarita →

© 2018 - 2026. kukaldosh.uz | Ўзбекистон Мусулмонлари идораси "Кўкалдош" ўрта махсус ислом билим юрти.
Барча хуқуқлар химояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
АОКА интернет-ОАВ гувоҳномаси рақами: 1221

TOP