Эслатиб ўтамиз, қуйидаги сатрлар “Ёшлар масалалари Ислом нигоҳида” деб номланган туркум мақолаларнинг навбатдагисидир. Ёшлар деганда одатда балоғат ёшидан бошлаб ўттиз беш-қирқ ёшлар орасидаги инсонлар назарда тутилади.
ЁШЛАР ВА ИФФАТ
“Биз сенга уларнинг хабарларини ҳақ ила қисса этиб берамиз. Албатта, улар Роббиларига иймон келтирган йигитлардир. Ва уларга янада зиёда ҳидоят бердик” (Каҳф сураси 13-оят).
Маълумки, дунё халқлари доимо илм билан юксалиб, меҳнат билан тараққий этиб келган. Лекин, уларни чин маънода барҳаёт этадиган ягона омил – гўзал хулқлар экани ҳам айни ҳақиқатдир.
Шоир Аҳмад Шавқий ўз шеърларидан бирида шундай дейди:
Гўзал ахлоқлар ила боқийдир миллат,
Номлари ўчгайдир авж олса иллат.
Аксинча, халқлар ўз жоҳилликлари, дангасаликлари туфайли эгилиб-букиладилар, разил ва бешарм ишлари сабабли таназзулга юз тутадилар.
Айни шу сабабли ҳам ушбу туркум мақолаларимиздан бирида ёшларимиз илм-у маърифатли бўлсин деб, ёшлар ва илм ҳақида, бошқасида эса ёшларимиз ҳалол касблар билан машғул бўлишсин учун ёшлар ва меҳнат ҳақида сўз юритгандик. Энди эса, ёшлар ва иффат мавзусида сўзламоқни жоиз деб топдик. Шояд, ёшларимиз учун келгуси сатрлар манфаатли бўлса, деб умид қиламиз.
Машҳур жамиятшунос, Америка собиқ президенти Ричард Никсоннинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Роберт Диксон Крейн (Ислом динини қабул қилган) ўз нутқларининг бирида бугунги кунда Америкадаги маънавий ва ахлоқий вазият ўта аянчли ҳолатда эканини таъкидлаб ўтганди. Унинг айтишича, Америкада илм ва технология соҳаларида катта ўсиш кузатиляпти, бироқ, жамиятнинг ахлоқий ва маънавий савияси тобора пасайиб бормоқда. Давлат маслаҳатчисининг фикрича, Америка халқи бундай оғир вазиятдан фақат муқаддас Ислом дини воситасида чиқиб кетиши мумкин.
Статистика бўйича, америкалик болаларнинг учдан бир қисми қонуний никоҳсиз дунёга келган экан. Бундан уларнинг ота-онаси ҳам иффатсиз, зинокор экани келиб чиқади.
Хўш, аҳвол шу зайлда экан, улар ҳалокатга юз тутмай, ким ҳалок бўлсин?!
Бу ердаги ҳалокат деяётганимиз маънавий ҳалокат бўлиб, у моддий ҳалокатдан-да аянчлироқ!
Тарихчи олим Ибн Халдун ўзининг машҳур “Муқаддима” асарида жамиятдаги ривожланиш (цивилизация)ни инсонга ўхшатади: цивилизация ҳам инсон каби туғилади, улғаяди, катта бўлади, қарийди, сўнг вафот этади. Ахлоқсизлик, беномуслик, ҳашамат ва дабдабабозликнинг пайдо бўлиши, одоб, иффат, маънан поклик ва олийжанобликнинг йўқолиши жамиятни заифликка, бора-бора ҳалокатга дучор этади.
Шунинг учун ҳам бугун жамият ёш ва илмига амал қиладиган олимларга, иффатли, маънан пок ёшларга муҳтождир.
Инсон илми билан юксалади, меҳнати билан улуғликка етади, иффат ва гўзал ахлоқлари билан ҳақиқий маънода тирик инсонга айланади. Зеро, илм жасад, одоб эса унинг жонидир. Илмли, лекин, одобсиз инсон худди жонсиз ҳайкалга ўхшайди.
Ислом душманлари фикрича, шароб ва аёллар уммати муҳаммадийяда минглаб замбараклар қилолмаган бузғунчиликларни қила олади.
Ҳа, агар кишилар илмда, меҳнатда юксалсалару, иймон ва иффат қалқони билан ҳимояланмасалар, алалоқибат ҳаром-ҳариш, гуноҳ ишларга мубтало бўладилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳаё ва иффатли бўлиш иймондандир”, деганлар (Имом Доримий ривояти).
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: ”Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сенда тўрт нарса бор бўлса, сен эриша олмаган мол-дунё сенга зарар қилмайди: омонатдорлик, ростгўйлик, гўзал хулқ ва ризқ топишда иффат”, дедилар” (Имом Аҳмад ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Менга ўзингиздаги олти нарсанинг кафолатини беринг, мен сизларга жаннатнинг кафолатини берурман: агар сўзласангиз, рост сўзланг, ваъда берсангиз, вафо қилинг, бирон омонат ишониб топширилса, омонатни адо этинг, фаржларингизни (ҳаромдан) муҳофаза қилинг, кўзларингизни тўсинг ва қўлларингизни (зулмдан) тийинг” (Имом Аҳмад ривояти).
Қуръони каримда гўзал ва хушсурат бир йигит ҳақида ғоятда гўзал қисса келтирилади. Ушбу йигитни чиройли, бой ва аслзода аёл ҳаром ишни қилиш учун ўзи томон чорлайди. Бу ҳам етмагандек, агар йигит унинг бу бузуқ таклифини рад этадиган бўлса, уни қамоққа ташлаттиришини айтиб, таҳдид ҳам қилади. Аммо бу солиҳ йигит аёлга қатъиян рад жавобини бериб, гуноҳ ишга яқинлашмайди ҳам.
Бу солиҳ ва тақволи йигит Юсуф алайҳиссалом эдилар. Аллоҳ таоло у зотнинг исмларини Қуръони карим сураларидан бирининг номига айланиб, то қиёматга қадар боқий қолишини тақдир қилган экан! Бу нақадар буюк шараф!
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Юсуф алайҳиссалом ҳақида шундай деганлар: ”Юсуф ибн Яъқуб ибн Исҳоқ ибн Иброҳим алайҳимуссалом карим кишининг ўғли карим кишининг ўғли карим кишининг ўғли карим кишидир” (Имом Бухорий ривояти).
Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда айтилишича, Аллоҳ таоло Қиёмат кунида, Ўз аршининг соясидан бошқа соя бўлмайдиган бир пайтда етти тоифа инсонларни соялантирар экан. Ана шу етти тоифадан бири аслзода ва гўзал аёл (ҳаром ишга) чорлаганида, “Мен оламларнинг Робби Аллоҳдан қўрқаман” деб жавоб берган йигитдир.
Катта ёшли мусулмонлар ёш мусулмон йигитлар сабабли эҳтиромга сазовор бўлишса, ўз навбатида, ёшлар ҳам иффатли бўлишлари орқали улуғликка эришишади. Модомики, ёш мўмина-муслима қизлар ўзларидаги ҳаё, поклик ва иффат билан фахрлана олгудек бўлишса, мўмин эркаклар ҳам бундай аёллар билан ҳақли равишда фаҳрланса арзийди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки, иффатли бўлишни истар экан, Аллоҳ ҳам уни иффатли қилиб қўяди”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Аллоҳ таоло ҳам Қуръони каримда шундай деб марҳамат қилади: “Никоҳ (учун лозим бўлган мол-давлатни) топа олмаган кишилар то Аллоҳ уларни Ўз фазлу-карами билан бой-бадавлат қилгунича ўзларини (ҳаромдан, зинокорликдан) пок тутсинлар!” (Нур сураси 33-оят).
Аёллар учун ҳам Қуръони каримда махсус кўрсатмалар бор: “Ўз уйларингизда барқарор бўлинглар (яъни бесабаб уйларингиздан ташқарига чиқманглар, магар бирон ҳожат учун чиққанларингизда эса) илгариги динсизлик (даври)даги ясан-тусан каби ясан-тусан қилманглар! Намозни тўкис адо қилинглар, закотни (ҳақдорларга) ато этинглар ҳамда (барча ишларда) Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига итоат этинглар! (Аҳзоб сураси 33-оят).
Ҳадиси шарифларнинг бирида эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Эй Муҳаммад уммати! Аллоҳга қасамки, ҳеч ким ўзининг қули ёки чўриси зино қилиб қўйишидан Аллоҳ рашк қилгани каби рашк қила олмайди. Аллоҳга қасамки, агар сизлар мен билган нарсаларни билганларингизда эди, оз кулиб, кўп йиғлаган бўлар эдингиз” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Хўш, бугунги кунда ёшлар иффатнинг сақланиши ва муҳофазаси учун нималар қила оладилар? Фикримизча, бунинг учун қуйидаги тўртта асосий нарсага амал қилиш керак бўлади:
1) Яхши ва солиҳ инсонлар даврасида бўлишга интилинг!
Албатта, ҳаром йўлга қадам босган кишини бу йўлга унинг шериклари етаклаши айни рост гапдир. Яхши тарафга ўзгаришни хоҳлаган киши ҳам, ўз навбатида, яхши ва солиҳ инсонлар даврасида бўлиш билан бу мақсадига ета олади. Бекорга кишилар орасида “Менга дўстинг кимлигини айт, мен сенга сенинг кимлигингни айтиб бераман” деган ибора тарқалмаган.
2) Эркаклар бегона аёл-қизлар билан аралашиб юришдан четланишсин!
Бегона эркак ва аёлларнинг жамланиши, ўзаро учрашиб, гапни кўпайтириши, турли йўллар билан бир-бирига хат-хабар йўллаши, ҳадеб назар солишга уриниши – бу ишларнинг бари ҳаром йўлга етакловчи омиллар ҳисобланади.
Барча гуноҳларнинг аввали назар,
Гуноҳни кичик санаш – бу улкан хатар!
Қалбда камон ўқи қила олмаган ишни
Битта назар қилмоғига лаҳза ҳам етар!
3) Аёллар бегона эркаклар олдида пардоз ва ясан-тусан қилган ҳолда юришдан тийилсинлар!
Бугун ҳатто расмий идораларда, таълим муассасаларида ҳам аёлларнинг ҳолати чимилдиқда маҳрами билан ёлғиз қолган келинчакдек юрганини қандай тушунтириш мумкин? Албатта, бу каби ясан-тусанлар фитналарни келтириб чиқаради. Устига устак, бегоналар қаршисида пардоз қилиб юриш ва шариатда аврат саналадиган аъзоларни уялмай очиб юриш ҳақиқий солиҳа ва мўмина аёлга алсо муносиб иш эмас! Шариат наздида аёл кишиларнинг юзи, икки кафтидан ташқари барча баданлари ёпиб юрилиши шарт бўлган аврат аъзолардир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларнинг бегона эркаклар олдида хушбўйланган, атир сепган ҳолатда юришларидан ҳам қаттиқ қайтарганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалам: “Қайси бир аёл (аврат ҳисобланадиган жойларини тўсиб турадиган) кийимларини эрининг уйидан бошқа ерда ечадиган бўлса, ўзи ва Роббиси ўртасидаги пардани йиртган бўлади”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
4) Муносиб шароит ва имкон туғилган заҳоти оила қуринг!
Кимки, бир ёшнинг турмуш қуришига молиявий жиҳатдан ёрдам бера олса, шундай қилсин!
Ким обрў-мансаби билан ёрдам бера олса, шундай қилсин!
Ким тўғри маслаҳати билан ёрдам қила олса, шундай қилсин!
Ҳеч бир ишга қодир бўлмаган кишилар ўз дуолари воситасида ёрдам қилсинлар!
Мавзуни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга энг биринчи бўлиб жаннатга кириши билдирилган уч тоифа инсонларни зикр қилиш билан ниҳояламоқчимиз:
1) Аллоҳ йўлида жон берган шаҳид;
2) Ўта иффатли киши, яъни ўзига лойиқ бўлмаган ишлардан четлашиб, нафсининг ҳавойи истакларига қарши бора оладиган киши;
3) Аллоҳ таолога ибодатини гўзал қилиб, хожасига яхшиликни раво кўриб, унинг ҳақларига риоя қилган қул.
Аллоҳ таоло барчамизни ҳаё ва иффат соҳиблари бўлишимизни муваффақ айласин!
Муҳаммад Хойр Шаъолнинг “Ёшлар масалалари” номли мақолалар
туркуми асосида Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти мударриси
Баратов Ғиёсиддин ва 3-курс талабалари томонидан тайёрланди.





