Ватан – муқаддас даргоҳ. Унинг ҳар қаричи азиз ва қадр қиймати беқиёсдир. Юрт ҳақида қанча кўп сўзламайлик, уни қанча мадҳ этмайлик, шунча кам. Чунки, мўътабар заминнинг қадр-қиммати ҳар қандай тавсифлардан-да устундир.
Бугун диёримиздаги тинч ва осуда ҳаёт, мусаффо осмон остида барқарор тараққиёт йўлидан изчил қадамлар билан бораётган Ўзбекистонимизнинг турли соҳаларда эришаётган ютуқлари барчамизга ғурур ва ифтихор бағишлайди. Тинчлик севар халқимиз “Бизга тинчлик керак, бизга омонлик керак” шиори атрофида табора жипислашиб бормоқда.
Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунда ер юзининг турли бурчакларида нотинчлигу вайронагарчиликлар, айби йўқ одамларни сабабсиз равишда ўлдириш, террор ва хунрезликлар рўй бераётганини эшитиб турибмиз. Маълумки, барча кулфатлар ҳамда кўнгилсизликларнинг замирида том маънода имон-эътиқоднинг йўқлиги ётади. Чунки, бу ишлар у ёки бу диннинг номидан амалга оширилаётган бўлсада, чин эътиқод ва соф иймон тақозасига бу каби қон тўкилиш ва ҳар қандай ёвузликларнинг асло алоқаси йўқ. Энг ачинарлиси эса, ёвуз ғоялар таъсирига тушиб қолган айрим кимсалар ҳаттоки киндик қони тўкилган она юртига ҳам хиёнат қилмоқда. Яратиб берилган шароитлар, очиб берилган кенг имкониятлардан фойдаланмай, бекорчи орзу ҳавасларга берилиб, ёлғон ваъдаларга ишониб залолат тўрига тушиб қолганларини ўзлари ҳам сезмай қолмоқдалар. Натижада, уларнинг кўр-кўрона қилаётган ёвузликлари барчага маълум бўлган террорчи гуруҳлар ва қабих ниятли оқимларнинг баландпарвоз гапларига ишониб қолмоқдалар. Ана шундайларни она Ватан кечирармикан?!
Дарҳақиқат, марҳум юртбошимиз ана шундай кўнгилсиз ҳолатларни олдини олиш мақсадида : “Фарзандларимизга дунёвий ва диний қадриятлар ўртасидаги нозик муносабатларнинг моҳиятини ҳар томонлама тўғри тушунтириб беришимиз лозим”, – дея алоҳида таъкидлаганлар.
Тарих гувоҳки, юртини эъзоз этиб, садоқат билан хизмат кўрсатганлар ўтмиш зарварақларига эҳтиром ила битиб қўйилган. Аммо, хиёнаткор кимсалар эса авлодлар нафратига дучор бўлиб келмоқдалар. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳам она Ватанга муҳаббатли бўлишга чорлаганлар. Ана шундай ҳадисларнинг бирида Маккага юзланиб: “ (Эй Макка!) Агар қавмим мени сендан чиқармаганда, ҳеч ҳам ўз ихтиёрим билан сени ташлаб кетмаган бўлардим” , дейдилар. Ушбу сўзларни Набий (а.с) Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб кетаётганларида, туғилиб ўсган ватанлари Маккаи мукаррамага юзланиб айтган эдилар.
Донишмандлар айтадилар: “Кишининг вафодорлиги ва садоқати унинг ўз Ватани учун қайғуришидан, дўстларини соғиниши ва умрининг зое кетган лаҳзаларига ачиниб, ўкиниб яшашидан билинади”. Чиндан ҳам, ана шундай эъзоз ва эҳтиромга муносиб бўлган табаррук маконга хиёнат қилиш энг оғир гуноҳлардан биридир.
Бир неча асрлар муқаддам, соҳибқирон бобокалонимиз Амир Темур хиёнатни қаттиқ қоралаб, битикларида шундай ёзади: “Қайси бир сипоҳий туз ҳақи ва вафодорликни унутиб, хизмат вақтида ўз соҳибидан юз ўгириб, менинг олдимга келган бўлса, ундай одамни ўзимга энг ёмон душман деб билдим”.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир қалбда иймон билан куфр жамланмайди, ёлғон билан ростгўйлик бирга жамланмайди, хиёнат билан омонатдорлик бирга жамланмайди”, деб марҳамат қилганлар.Ушбу ҳадиси шарифдан маълум бўлиб турибдики, хиёнат омонатдорлик билан жамланмас экан. Демак хоин кишини биз омонатсиз, ишончсиз деб айта олар эканмиз. Омонатдор, ишончли кишиларда эса хиёнат сифати умуман бўлмайди. Ундай одам ўз аҳли оиласига, фарзандларига, қавму қариндошларига, дўсту биродарларига ва табиийки, Она Ватанига ҳаргиз хиёнат қилмайди.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев БМТ Бош ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида “Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз”, дея таъкидладилар.
Она Ватан ўз бағрида яшаётган, нафас олаётган унинг неъматларидан баҳраманд бўлаётган фарзандлари – халқи учун том маънодаги омонат саналади. Бу халқ Она Ватанни кўз қорачиғини сақлаганидек, асрамоғи, ҳар қандай ёмонликлардан, путурликлардан, зарарлардан тоинки, юртнинг барча қисмларини асраб, бу омонатни ўзларидан кейинги авлодга бус-бутун ҳолда етказишлари лозимдир.
Зеро, барча ишларда инсоният учун ўрнак бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз юртларини севиб ардоқлаганлар. Бу ҳақида Ҳофиз Заҳабий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яхши кўрган нарсаларини санаб ўтиб шундай дейди: “Расулулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам Оиша розияллоҳу анҳони, унинг отаси (Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу)ни, Усомани, икки невараларини, ҳалво ва асални ҳамда ўз Ватанларини яхши кўрардилар”.
Мотуридий эса, “Хорлик истасанг, хиёнатчи бўл”, дея хоинларнинг жазоси фақат ва фақат хорлик билан бўлишини таъкидлайди.
Ҳазрат Мир Алишер Навоий айтадиларки:
Ватан таркини бир нафас айлама,
Яна ранжи ғурбат ҳавас айлама.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Ватанга хиёнат кечирилмас ва буюк хатодир. Ана шу заминда туғилиб, вояга етиб, пайти келганида унинг юзига оёқ қўйиш инсонга хос иш эмас ва авф этилмайдиган гуноҳдир. Баъзи бир ёшлар бугунги кунимиздаги турли фитналарга алданиб ўз юрти, Она Ватани ва оила аъзоларини ташлаб юртимизни тарк этиб исломга ёт бўлган ақидапарс оқимларнинг тўрларига илиниб, уларга қўшилиб қолганликларини гувоҳи бўламиз. Бу нақадар ачинарли ва аянчли ҳолатдир. Айниқса, узоқ йиллар ювиб-тараб, тарбиялаб вояга етказиб энди фарзандимнинг роҳатини кўраман деган ота-оналар фарзандининг ватан хоини, сотқин каби номларни олиб, ўз юртига, туғилиб ўсган жойига хиёнат қилишлари ҳеч қайси таълимотга тўғри келмайди. Дини исломни даъво қилиб, уларнинг ўзлари ислом шариати кўрсатмаларига зид амал қилишмоқда. Зеро, фарзандларни комил инсон қилиб тарбиялаш барчамиз учун энг муҳим вазифадир. Чунки жамият аъзоларининг яхши хулқли, ҳалол ва пок бўлишини орзу қиламиз, аммо ўша жамиятнинг келажаги бўлмиш ёшлар тарбияси ҳақида қайғурмасак, ниятларимиз сароблигича қолаверади.
Шундай экан, юқоридаги ўгитлардан хулоса чиқарган ҳолда адашиб қолган тенгдошларимиз, ака-укаларимизга тўғри йўлни кўрсатайлик ҳамда юрт манфаати, халқимиз фаровонлиги учун хизмат қилишдан чарчамайлик.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мудир муовини
А.Ғаниев






