Набий ﷺ айтадилар: “Умматим борасида фақатгина адаштирувчи имомлардан қўрқаман”. Термизий ривояти
Сиз ҳам интернетда шу ҳадисни катта эҳтимол ўқигансиз.
Одатда бу ҳадисни бирон бир имом ёки домла диндан, шариатдан гапирганда биров ўзи қилиб юрган ишига, ҳавои-нафсига ёки ўз тушунчасига зид келиб қолса, ўша имомга “адаштирувчи” тамғасини босиб, шу ҳадисни келтиради. Эътибор берсангиз бу ҳадисни ўзларига дастури амал қилиб олганларнинг ўзлари ёки: бидъат-хурофотни тарқатиб юрадиганлар бўлади, имомларни ғийбатини, уларни монтаж қилиб истеҳзо қилишни ҳалоллаб олганлар бўлади. Ёки ўзи фисқ-у фужурга берилган блогерлар, диндан умуман хабари йўқ, ҳеч қандай илм олмаган жоҳил-жоҳилалар бўлади. Ҳайрон қоласиз, шунча йил илм ўқиган имом адаштирувчи-ю, диндан илми мутлақо йўқ жоҳил ҳақ йўлда эмиш…
Расулуллоҳ ﷺ айтадилар:
“Бир фақиҳ – шайтонга 1000та обид (кўп ибодат қилувчи)дан (душманлиги) ашаддийроқдир” Термизий ва Ибн Можа ривояти.
“Биладиганлар билмайдиганлар билан тенг бўлармиди?” (Зумар 9-оят)
Илмсизлик, жаҳолат кенг тарқалиб, жоҳиллар ўзларини олим деб санай бошлашлари қиёмат аломатларидандир! Набий ﷺ айтадилар: “Қиёматга яқин қолганда шундай кунлар бўлади-ки: унда жаҳолат (ерга) тушади, илм эса кўтарилади” Бухорий ривояти.
Бошқа бир ҳадисда қиёматга яқин илм кўтарилгач одамлар жоҳилларни ўзларига йўлбошчи қилиб олишлари ва улардан фатво сўрашлари айтилади. Ана ўшалар илмсиз фатво бериб ўзлари ҳам залолатга кетадилар ва бошқаларни ҳам адаштирадилар.
Энди шу ҳадисни сиз тарқатаётган ҳадис билан жамласак, аслида “адаштирувчи имомлар” деб “илмсиз одамларга гапирувчи ва фатво берувчи жоҳиллар” назарда тутилмаганмикин? Яъни, имомларни ёмонлаб айтган ҳадисингиз аслида ўзингиз ҳақингизда эмасми?!
Абдураҳмон Эргашев
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом таълим муассасаси 4-курс талабаси






