Фосид савдо, бу – савдонинг асл моҳиятида эмас, балки унинг сифатида бузуқлик содир бўлган савдо тури ҳисобланади. Савдонинг асл моҳияти деганида сотувчи ва харидор олди-берди аҳлидан бўлиши, икки тарафдан алмашилаётган нарса шариат кўрсатмаларига кўра мол бўлиши, сотувчи учун сотилаётган нарса ўзининг мулки бўлиши кераклиги тушунилади. Лекин савдонинг бузилиши бошқа сабаб орқали келади. Бу сабаблар қуйидагича:
Биринчи: Савдонинг бузилиши пулдаги маъно эътиборидан бўлиб, унинг иккита кўриниши бор:
- Пулда жанжалга олиб борадиган номаълумлик бўлиши, номаълумлик пулнинг сифатидами (янги, эски) ёки миқдоридами ёки муддатидами фарқи йўқ.
2.Нархи тайин қилинмаган ёки нархи тафовутли бўлган товарлар борасида пули ҳақида сукут қилинган бўлиши.
Иккинчи: Савдонинг бузилиши товардаги маъно эътиборидан бўлади, унинг қуйида бир нечта суратлари бор.
1.Товарда жанжалга олиб борадиган номаълумлик бўлиши бу номаълумлик товарнинг жинсида, мисол учун, ҳайвон сотдим деса, у нарса от, қўй, мол ҳам бўлиши мумкин ёки товарнинг миқдорида, масалан, сотувчи юз кило сотдим деса, харидор юз эллик кило дейиши мумкин.
2.Товарни харидорга сотувчининг топширишга қодир бўлмаслиги, агар товар сотувчига мулк бўлмаса, савдо ботил бўлди. Масалан: ҳаводаги қушни сотиш, ваҳоланки, қуш унинг мулкига киргани йўқ, аммо қуш сотувчига мулк бўлиб, ҳавода учиб юрган бўлса, одатда қайтиб келадиган қушлардан бўлса савдоси жоиз, қайтмаса савдо фосид бўлган бўлади
3.Сотувчи товарни қўлига олмасдан туриб сотиши. Бу савдо ҳам фосид савдо турига киради.
Учинчи: Савдонинг бузилиши битимдаги маъно эътиборидан бўлади. Бу – савдо битими тақозо қилмайдиган ва унга лойиқ бўлмаган шартни битимга киришидир, мисол учун, машинамни сенга сотаман, шарти бир ой ўзимда қолади, ёки уйимни сенга сотдим, ўзим бир ой яшаш шарти билан, дейди. Бу ҳам фосид савдо турига киради.
Хулоса қиладиган бўлсак, фосидлик савдода уч тарафдан, яъни пул, товар ва битимдаги номаълумлик жиҳатидан бўлар экан.
Кўкалдош ЎМИТМ мударриси Мирзаев Камолиддин





