Бутун мусулмон оламига маълумки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам азон айтмаганлар. Бунинг сабаби нима? Бу савол кўпчиликнинг ҳаёлига келмаса ҳам ажаб эмас! Бунга уламолар турли хил фикрларни келтиришган. Қуйида улар билан танишамиз:
Азон “Намозга шошилинг! Нажотга шошилинг!” деган даъват (чақириш)ни ўз ичига олади. Маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буюрган барча ишларини қилиш вожиб. Бордию ушбу сўзларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтсалар, буни эшитган одам намозга ҳозир бўла олмаса осий бўлиб, гуноҳкор бўлиб қолиши мумкин. Қасддан чиқмаса куфрга ҳам кетиб қолиши мумкин. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида қуйидагича марҳамат қилганлар: “Ҳар бирингиз жаннатга кирасиз. Фақатгина “юз ўгирган” кирмайди”. “Юз ўгирган” ким? деб сўрашди. “Кимки менга итоат қилса жаннатга киради. Кимки менга осий бўлса ана ўша “юз ўгирган”дир” дедилар. (Бухорий ривояти).
Баъзи олимлар айтишадики, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг азон айтмаганлигига сабаб у зот “Ашҳаду анна Муҳаммадар расулуллоҳ” деб, “Ҳайя ъалас солааҳ” десалар гўёйинки у зот ўзларига дуо қилишга чақираётганга ўхшаб қоладилар.
Яна, у зот “Ашҳаду анна Муҳаммадар расулуллоҳ” деб айтсалар, баъзи одамлар яна бошқа пайғамбар бор экан, деб гумон қилиб қолишлари эҳтимоли бўлган дейишади.
Яна бир фикрга кўра азонни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тушларида кўрмаганлар. Балки саҳобаи киромлардан бири кўрган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса уни тасдиқлаганлар.
Азон омонатлардан саналганлиги учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни саҳобаларига омонат қилиб топширганлар, деб эҳтимол қилинади. Хусусан, у зот шундай дейдилар: “Имом жавобгардир. Муаззин эса омонатдор” (Аҳмад, Термизий ва Абу Довуд ривояти).
Буни қарангки, ер юзида шарқда ҳам, ғарбда ҳам одамлар азон эшитмасалар намоз ҳам ўқимайдилар, ифторлик ҳам қилмайдилар.
Аллома Шайх Иззуддин ибн Абдуссалом айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам агар бир марта азон айтганларида уни адо қилишга одатланар эдилар. Қандайинки имоматчилик ва хутба ўқишга одатланганлари каби. Шундай бўлса у зот рисолат ва даъват ишларини қўйиб намоз вақтини пойлаб ўтиришлари керак бўлиб қоларди”.
Баъзи олимлар ўз китобларида азон фазилатлироқми ёки имоматчиликми деган мунозарада шундай деганлар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳам, хулофои рошидинларнинг ҳам азон айтганлари борасида бирор ривоят йўқ. Балки уларнинг барчалари имомлик қилганлар. Шу йўлда у зотларга катта фақиҳлар ва уламолар эргашганлар”.
Бундан маълум бўладики, имоматчилик ва унинг масъулияти катта ва муҳим вазифадир. Бу азоннинг аҳамиятини ва шаънини пастга тушириб юбормайди. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Албатта муаззинлар қиёмат кунида инсонларнинг узун бўйлилари бўлиб тирилтириладилар” (Муслим ривояти). Ушбу ҳадиси шариф бу меҳнат нақадар улуғ эканлигига далил бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Агар одамлар азонда ва биринчи сафда нима борлигини билганларида, сўнг унга етиша олмаганларида унга фақатгина шошилган бўлардилар” (Бухорий ва Муслим ривояти).
Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти
3 курс талабаси Эргашев Абдуссамиъ






