Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасалари ва диний ташкилотларда илмий кадрлар тайёрлаш сифатини янада ошириш, педагок-ўқитувчилар ҳамда илмий ходимларни илм-фан ва илмий-тадқиқот фаолиятига кенг жалб қилиш, уларда илмий-тадқиқот ишлари билан мунтазам шуғулланиш кўникмасини шакллантириш мақсадида диний таълим муассасалари ўқитувчилари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар вакиллари, туман-шаҳар бош имом-хатиблари учун Ўзбекистон халқаро ислом академияси томонидан ҳар ойда бир маротаба ўқув-семинар машғулотларини ўтказиш режаси ишлаб чиқилди.
Кўкалдош ўрта махсус ислом таълим муассасасидан Шокиржон Мадаминов, Жалолиддин Холмуминов, Асадулло Холмуротов, Охунжон Ахмедов, Дилшод Раҳмоналиев, Қобилхон Умаров, Асатуллаев Фарход ва Аваз Жумабоев мазкур онлайн ўқув-семинарида тингловчи сифатида иштирок этмоқдалар.
Бугун 21 январ куни бўлиб ўтган семинарнинг илк ўқув машғулотида Ўзбекистон халқаро ислом академияси илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори, филология фанлари доктори, профессор Зоҳиджон Исломов “Диний соҳа мутахассисларининг илмий тадқиқотлар олиб боришларининг аҳамияти: мўътабар манбаларимизни ўрганиш ва замонавий масалаларга ечимлар топиш” мавзусида ҳамда Тошкент ислом институти Исломшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Соатмурод Примов “Илмий тадқиқот учун зарур бўлган малака ва кўникмалар: тил билиш, илмий ва руҳий тайёргарлик” мавзусида маъруза қилдилар.
Кўкалдош ўрта махсус ислом таълим муассасаси матбуот хизмати






