ЎЗБЕКИСТОН МУСУЛМОНЛАРИ ИДОРАСИ
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юртида Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг ёрқин хотирасига бағишлаб ўтказилган тадбир
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртида 29 январ куни Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллудининг 80 йиллигига бағишлаб “Ислом Каримов – буюк жасорат соҳиби” мавзусида тадбир ўтказилди. Тадбирга фахрий устозлардан тарих фанлари доктори, профессор, Имом Термизий халқаро илмий тадқиқод маркази директори “Шуҳрат” медали ва “Ёшлар мураббийси” унвонлари билан тақдирланган, марҳум Президентимиз билан узоқ йиллар бирга фаолият кўрсатган Убайдулла Уватов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мудири Жалолиддин Нуриддинов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мудири ўринбосари Акбар Дўсматовлар таклиф этилди.
Тадбирни билим юрти маънавий-маърифий ишлари бўйича мудир муовини А. Ғаниев очиб берди. Шундан сўнг марҳум Биринчи Президентимизнинг хотирасига бағишланган видеолавҳа иштирокчиларга намойиш этилди.
Сўнг сўз навбати устоз Убайдулла Уватовга берилди. У киши истиқлолга эришган илк даврларда юртимиз бошига тушган иқтисодий, сиёсий ва маънавий қийинчиликларни бартараф этиш учун Марҳум Юртбошимизнинг олиб борган одилона сиёсатлари ва тўғри қарорлари сабабли шу кунгача юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, динимиз ривож топганини айтиб ўтдилар. Марҳум Президентимизнинг юртимиздан етишиб чиққан алломаларга бўлган эътиборлари, динимиз ривожи йўлидаги хизматлари ҳақида батафсил маълумотлар бериб ўтилди.
Кейин сўз навбати устоз Жалолиддин Нуриддиновга берилди. Устоз ўз нутқларида Биринчи Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов чин маънода Мустақил Ўзбекистон Республикаси давлатининг асосчиси, буюк давлат ва сиёсат арбоби, ўзбек халқининг улуғ ва ардоқли фарзанди эди. Шўролар даврининг тазйиқларидан халқни қутқариб, неча йиллар давом этган қарамликдан озод қилган, жар ёқасига келиб қолган буюк юртни қайта тиклади. Ўзбекистон Республикасининг мустақиллик куни эълон қилинди. Ҳар томонлама ислоҳотлар ва ижобий ўзгаришлар рўй берди. Мустабид даврида унутилган аждодлар номи тикланди, хурликка орзуманд халқ диний эркинликка эришди. Миллионлаб юртдошларимиз ўз ибодатларини эмин-эркин адо этадиган бўлдилар. Таҳликали вазият ва қийинчиликларга қарамасдан қисқа вақт мобайнида юртимиз ўзлигига эришишига, қадриятлари тикланишига замин яратилди, деб йиғилганларга маълумотлар берди.
Шундан сўнг, билим юрти талабалари ўртасида ўтказилган рефератлар танловида фаол иштирок этган талабалар фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Тадбир сўнгида билим юрти талабалари томонидан тайёрланган Хатми Қуръонлар бағишланди. Устозлар томонидан Юртимизнинг Биринчи Президенти марҳум Ислом Каримовнинг руҳлари шод, ётган жойлари обод бўлишини тилаб дуои хайрлар қилинди.
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юрти мудир муовини
А.Ғаниев






