Жорий йилнинг 31-октябр куни «Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юртида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг «Олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида куз-қиш мавсумига тайёргарчилик кўриш тўғрисидаги» 01А/166-сонли буйруғини ижроси таъминлаш мақсадида тадбир ташкил этилди.
Тадбирга Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани ЁХБ инспектори сержант С.Рахмонбердиев ҳамда Шайхонтоҳур тумани ЁХБ инспектори лейтенант С.Обидхўжаев таклиф этилди.
Тадбирни билим юрти мудири ўринбосари А.Ганиев кириш сўзи билан очиб берди ва мавзу юзасидан ўзининг фикр-мулоҳазаларини билдириб қуйидагича маъруза қилди: барчамизга маълумки, олов-қадимдан инсоннинг дўсти, унинг ёрдамида кўплаб яхши ишлар амалга оширилган. У инсонлар хаётида беминнат хизмат олиб бормоқда. Шу билан бирга олов вафодор дўстдан, саноқли дақиқаларда қўлларингиз билан яратилган бойликларни йўқ қилиб ташлайдиган шавқатсиз душманга айланади.
Аждодларимиздан мерос бўлиб қолган маданий бойликларни, эришилган ютуқларимиз мевасини асраш, уларни янада кўпайтиришга хисса қўшиш, шу юртда яшаб турган барча фуқароларнинг муқаддас бурчи деб хисоблаймиз. Бунда албатта, ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимларининг зиммасига катта масъулият ётади.
Бугунги йиғилишимизнинг асосий мақсади «Ёнғин хавфсизлигини таъминлашда барчамиз бирдай масъул эканлигимиз. Шунингдек, фуқаролар томонидан йўл қўйилаётган камчиликлар, қоида бузилиши холатлари тўғрисида, ушбу нуқсонлар қанчалик зарар келтириши хусусида сизларга маълумотлар бериш.
Сўз навбати таклиф этилган мутахассисга берилди. ЁХБ инспектори сержант С.Рахмонбердиев ҳамда Шайхонтоҳур тумани ЁХБ инспектори лейтенант С.Обидхўжаев ўз нутқларида очиқ оловдан фойдаланиш, қўлбола ясалган электр иситиш ускуналаридан фойдаланиш қандай бахтсиз ҳодисаларга олиб келиши мумкинлиги тўғрисида кенг қамровли тушунтириш ишларини олиб борди. Асосан ёнғинларнинг нимадан келиб чиқиши ва энг ачинарлиси ёнғинлар оқибатида фуқароларнинг ҳалок бўлган ҳолатлари ҳақида маълумотлар бериб ўтди. Билим юрти талабалари, мударрис ва ишчи-ходимларининг ёнғин хавфсизлиги борасидаги бирламчи билим ва кўникмаларини янада оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, йиғилганларга қуйидаги кўрсатмалар эслатиб ўтилди:
- Ёнғин содир бўлганида «101» рақамига телефон қилиш ва ўз манзилини аниқ тушунтириш;
- Йўлаклар ва чиқиб кетиш эшик олдилари, зинапоялар хар хил нарсалар билан тўсиб кўйиш мумкин эмаслиги;
- Ёнгин хавфсизлиги хизмати телефон рақамини барча билиши лозимлиги
Давра суҳбати қизғин баҳс-мунозаралар билан давом этди. Давра суҳбат тингловчиларининг мавзуга доир ва ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан берган саволларига маърузачилар аниқ ва кенг қамровли тушунчалар беришди.
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юрти
Ахунджанов Рустам