Йигирманчи аср охири ва йигирма биринчи асрнинг кўплаб замондош олимлари, жумладан, Мустафо Зарқо, Доктор Муҳаммад Дариний, Доктор Муҳаммад Саид ибн Мулла Рамазон ал-Бутий, Доктор Ваҳба Зуҳайлий каби олимлар таълиф ҳақини эътиборга молик ҳақ деган фикрни олға сурганлар. Таълиф ҳақининг эвазига бериладиган бадал-тўловнинг ҳалол эканини таъкидлаганлар. Улар мазкур фикрларини Моликий, Шофиъий, Ҳанбалий мазҳабига мансуб аксар фақиҳларнинг «Манфаатлар ҳам мол деб ҳисобланади» деган фикрларига асосланиб: «Булар ҳам маънавий ҳақлардандир. Зеро, инсон зеҳнининг маҳсули ҳам унинг манфаатларидан биридир. Шундай экан, у ҳам шаръан мол ҳисобланади ва унинг ўрнига эваз олиш жоиз бўлади», дейдилар.
Муаллиф рухсатисиз иқтибос олиш ножоизми?
Ҳозирда чоп этилаётган баъзи китобларнинг сўнги саҳифасига «Муаллиф рухсатисиз нусха кўчиришнинг барча турлари, иқтибос олиш ва сотиш шаръан ҳаром, қонунан ман қилинади» деган сатрлар ёзилган ва ёзилмоқда. Бу жуладаги «Муаллиф рухсатисиз нусха кўчириш ва сотиш» деган қисмининг маъноси шуки, бирор киши муаллиф рухсатисиз, ўзбошимчалик билан нусха олиб, шу нусхасини туну-кун не-не машаққатлар билан меҳнат қилган ҳамда барча моддий тўловларни ҳам ўз шахсий маблағидан сарфлаб китоб чоп эттирган муаллифларнинг китобларига қўйган нархларини сохта арзонлаштириб юбориши шаръан ҳаром, қонунан ман этилади, деган маънода экани маълум. «Иқтибос олиш» деган қисмини баъзи кишилар нотўғри тушуниб, «Иқтибос олиш учун ҳам рухсат сўраш керакми?» деган саволлар беришади. Бу жумлани бироз шарҳлар керак: Иқтибос олувчи шахс иқтибос келтирган қисмини қайси муаллифнинг, қайси китобининг қаеридан олганини аниқ кўрсатмай, иқтибос олинган сатр ё саҳифани ўзлаштириб олиши, асл муаллифнинг номи ва китобини қасдан тушириб қолдириши шаръан ҳаром, қонунан ман этилади, деганидир. Китобларига юқоридаги жумлалар ёзилган замондош устоз муаллифларнинг ўзларидан сўралганда ҳам олинган иқтибоснинг асл манбаси кўрсатилса жоиз, асл манбасини аниқ кўрсатмай, ўзлаштириб олиш ножоизлигини таъкидлаганлар. Зеро, Ислом умматининг барча буюк олимлари қадимда ҳам, ҳозирда ҳам асл манбасини кўрсатиб иқтибос олишган. Буни ҳеч ким таъқиқламаган. Чунки ҳар қандай иқтибос учун муаллифдан шахсан рухсат олиш мушкулдир. Бундай қилиш китоб таълиф қилишдан кўзланган асосий мақсад – одамларга илм олишга енгиллик яратиш – га зид иш бўлиб қолади. Машққат ва қийинчилик туғдириш бўлади. Барча диний китобларда кейинги аср олимлари аввалги аср олимларининг исмлари ҳамда китобларининг номини айтган ҳолда улардан кўп нарсаларни нақл қилиб, кўчириб, иқтибос шаклида ўз китобларига киритадилар. Ҳеч бирлари аввалги муаллифлардан рухсат олмаганлар. Уларни кўрмаганликлари ҳам аниқ. Чунки орадан бир неча юз йиллар ўтган.
Келтирилган иқтибоснинг асл манбасини ёзмаслик хиёнатми?
Йигирманчи асрнинг буюк муҳаддис ҳамда фақиҳ олими Абдул Фаттоҳ Абу Ғудда «Қийматуз замани индал уламаи» номли китобида қуйидагича сатрларни келтирган:
«Олимлар: «Илмий жумла ва сўзларни ўз айтувчиси ёки нақл қилувчисига нисбат бериш – омонатдир», деганлар.
… Имом Шофиъий раҳимаҳуллоҳ эса: «Ҳақиқий ҳур-мард киши – бир лаҳзалик муҳаббатнинг ҳам риояси-эҳтиромини қилиб, ўзига биргина лафз-сўз бўлса-да фойда етказган кишига ўша сўзни нисбат бериб: «Менга бу сўзни фалончи олим айтганлар» деб, айтувчисини аниқ шаклда гапирган кишидир», деганлар.
Алломанинг бу сатрларидан юқоридаги саволнинг жавоби маълум бўлмоқда. Демак, келтирилган иқтибосни асл манбасига нисбат бермаслик алдов ва хиёнат экан.
Муаллифлик ҳақи дегани бу якка ҳукмронлик, нимани хоҳласа шуни қилади, қанча нарх хоҳласа шунчага сотади дегани ҳам эмас. Зеро, муаллифнинг қалбига бу омонатни солган Зот уни савдогарнинг даромадини ошириш учун эмас, балки, бандаларининг маърифати зиёда бўлсин учун солган. Бу ҳуқуқни суистемол қилиб, баъзи муаллиф ҳам, китобхон ҳам эмас, лекин Худо буюк муаллифга ворис бўлиш неъматини насиб қилганига қарамай, иши китоб савдоси бўлиб қолган кишиларнинг сохта нарх ошириш учун бу ҳуқуқни дастак қилиб олишлари ҳам инсоф мезонига асло тўғри келмайди.
Муаллифлик ҳақи илм ва ибодатга пул олиш эмасми?
«Муаллифлик ҳақи, қалам ҳақи деб бериладиган тўловлар бу илм ва ибодатга, Аллоҳ таолога яқинлаштирувчи амалнинг эвазига пул олиш эмасми?», деган саволнинг жавоби қуйидагича:
Йўқ. Ундай эмас. Бу эътироз тўғри эмас. Чунки мутааххир фақиҳлар тоат амалларга ҳам, хусусан, имомлик қилиш, азон айтиш, Қуръон таълими каби тоат-ибодат маъносидаги амалларга ҳам ҳақ олиш жоизлигини айтиб, фатво берганлар. Мазкур ишларга ҳақ олишни ҳам мутақаддим фақиҳлар қаттиқ таъқиқлаганлар. Вақт ўтиши, замон аввалгидан буткул ўзгаргани сабабли кейинги давр фақиҳлари, жумладан, ҳанафий мазҳаби фақиҳлари мусулмонларнинг манфаатларини кўзлаб, бу ишларга ҳақ олишга рухсат берганлар.
Имом Абу Муҳаммад ибн Абу Зайд Қайравоний уйларига бир қўриқчи ит олиб, боқаётганларини кўрган кишилар унга: «Ия, сиз ҳам ит боқаяпсизми? Имом Молик буни макруҳ деганлар-ку!», деганлар. У киши уларга жавобан: «Агар Имом Молик бизнинг замонимизда яшаганида эди, йиртқич шер боққан бўлар эди», деган эканлар. Ҳанафий мазҳабига оид машҳур ва мўътабар матнлардан бири «Мухтасарул Виқоя»да мутақаддим фақиҳлар томонидан масжиднинг эшигига қулф солиш макруҳлиги айтилади. Мутааххир фақиҳлардан Мулла Али Қори раҳимаҳуллоҳ айнан шу матннинг шарҳида: «Бугунги кунда макруҳ эмас, балки масжидларни қулфлаб қўйиш вожибдир. Чунки ҳозирги замоннинг одамларининг хулқи фасод бўлиб кетган. Масжид анжомларини ўғирлашдан ҳам тоймайдилар», деган маънодаги фикрни айтганлар. Муаллифлик ҳақи ҳам шу каби амаллар сирасига киради… Кеча ва бугун…
Бу ҳақдан закот бериладими?
Муаллифлик ва ихтиро ҳақларининг ўзларида закотга қўйилган шартлар топилмагани учун улардан закот берилмайди. Лекин улардан фойдаланилса, ишлатилса, масалан шу ҳуқуқни маълум миқдор пул эвазига сотилса, шу пулни ҳам даромадлар қаторига қўшилиб, нисоб(закот бериш фарз бўлиши учун шариат томонидан белгиланган маълум миқдор)га етса, бошқа нақд-пул ва мол-мулклари қаторида унга ҳам закот берилади. Фаразан, камбағал одам муаллифлик ҳуқуқини сотса ва шу пулдан унинг зарурий эҳтиёжлари қондирилганидан ортган қисми шаръий нисобга етиб, шариат назарида бой деб эътиборга олинадиган бойлар қаторига кириб қоладиган бўлса, шу пул қўлига тўлиқ етиб келган кундан тўлиқ бир йил ўтиб, унинг қирқдан бир қисмини закот тарзида фақирларга беради.
Ислом Фиқҳи Академиясининг Қувайт давлатида ҳижрий 1409-йил, Жумодул аввал ойининг 1/6-кунлари, мелодий 1988-йил,10/15-декабрь кунларида ўтказилган бешинчи давра Конферанциясининг «Маънавий ҳақлар тўғрисидаги» қарори:
Аъзо ва экспертларнинг «Маънавий ҳақлар» борасидаги баҳсларини ўрганиб ҳамда у ҳақдаги баҳс-мунозараларни эшитгандан сўнг Мажлис қуйидагича қарор қабул қилади:
…Учинчи банд: Таълиф-муаллифлик, кашфиётчилик ва ихтиро ҳақи шаръий ҳимояланган бўлиб, эгалари (хоҳлаганларидек) тасарруф қилиш ҳақига эга. У ҳақларга тажовуз қилиш жоиз эмасдир! Валлоҳу аълам…
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юрти
мударриси Ахмедов Охунжон