Инсоният янги минг йилликка қадам қўяр экан, унинг хоҳиш-истаклари, мақсад ва маслаклари ҳам ундаги тафаккур тарзи каби янгича тарзда тараккий этиб, ҳудудлар, чегараларни «глобаллашув» деб аталмиш никоб ортидан кесиб Ўтди. ХХ асрда йирик сиёсий кучларнинг дунёга ҳукмронлик қилиши, ер юзида ўз таъсир доираларини ошириб бориш сиёсати, бугун бу борадаги услуб ва воситаларнинг янгича такомиллашувига сабаб, ғоявий таъсир ўтказишга каратилган ахборот, мафкура хуружи кўринишида қайтадан намоён бўляпти.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртида соҳа мутахассисларини жалб этиб “Ёт ғояларга қарши иммунитетни шакллантириш ҳамда адашган оқимларга раддия бериш кўникмалари ва услублари” номли махсус курс доирасида семинар-тренинг машғулотлари олиб бориш йўлга қўйилган. Юқоридаги омилларни ҳисобга олган ҳолда бугун, 29 май куни мазкур махсус курсни билим юрти мударриси Ж.Аҳмедов “Мафкуравий ҳуружларга қарши курашишда имом-ҳатибларнинг ўрни” мавзусида олиб борди.


Ж.Аҳмедов ўз маърузаси давомида қуйидагиларни алоҳида таъкидлаб ўтди:


“Динимиз жамиятда барча шароит ва ҳар қандай ҳолатда ҳам кишиларга тасалли берувчи, кишиларни ўз эътиқоди доирасида бирлаштириб, уларнинг ҳаётини бошкариб турувчи вазифасини бажариши бизга маълум. Айни мана шундай энг нозик ва муқаддас туйғулар номидан инсониятни ўз йўлидан чалғитиш, эътикод асосига йўғрилган бузуқ ва асоссиз (ақидапараст оқимларнинг даъво килаётган “ҳақиқий ислом арконлари» ҳеч қандай илмий ва шаръий асос ва далилларга эга эмаслиги, балки ислом дини таълимотига бутунлай зид эканлигини дунё уламолари исботлаб бўлди) ақидаларни инсонлар онгига «жойлаштириш» бу энг катта хавф-хатардир. Шукрки, экстремистик тўдаларнинг «такфир», «жиҳод», «шаҳидлик”, “ҳижрат” каби олға сураётган даъволарининг нечоғлик ўз мақсадлари йўлидаги “ҳақиқат томон» қўйилган тузоқ эканлиги, бу тушунчаларнинг асл моҳияти, тарихи ҳақидаги аниқ билимларни етказиб бераётган адабиётлар, қўлланмалар сони ортмоқда. Халқ пешвоси, маърифат Маёги саналувчи имом-хатибларимиздан энди ана шу билимларни пухта ўзлаштириб, кенг жамоатчиликка батафсил етказиш, уларни бу каби фитна-фасод, бузғунчилик мафкурасига йўғрилган таълимотлардан саломат сақлай олишдек улкан масъулият талаб этилади”.
Давра суҳбати шу ва шу каби бўлажак имом-ҳатибларимизнинг ҳаёти ва фаолияти давомида сув ва ҳаводек зарур бўлган маълумотларга бой бўлди. Талабалар керакли маълумотларни олиш билан бирга мавзу доирасида ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар олдилар ва ўз фикрлари билан ўртоқлашдилар.
Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими мутахассиси И.Комилов





