Хадис илми энг қадрли, улуғ, нафи буюк илмлардандир. Чунки, унинг мавзуи Расул соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатлари, оғзаки ва амалий асарларидир. Кишилар учун яхшилик ва ҳидоят, ютуқлару саодат шундадир. Ҳадис билан шуғулланувчи — ҳаққа чақирувчи даъватчидир, тўғриликка ҳидоят қилувчи чироқдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Биздан бир ҳадисни эшитиб, уни бошқаларга етказиш учун ёд олган кишини Аллоқ ёрлақасин», деганлар. Шунингдек, яна: «Ким менинг умматим учун унинг диний ишидан қирқта ҳадисни муҳофаза қилса, Аллоҳ уни қиёмат куни фақиҳ ва олим ҳолида тирилтирур», деганлар. Бошқа бир ривоятда: «Уламолар зумрасида ёзилур ва шаҳидлар зумрасида маҳшарга келтирилур», деганлар.
Бир аробий Пайғамбаримиздан соллаллоҳу алайҳи васаллам сўради: – Ё Расулуллоҳ, Қиёмат қачон бўлади? Бунга жавобан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
– Қиёматга бирор тайёргарлигинг борми, сўраяпсан? — дедилар.
– Эй Аллоҳнинг Расули, тўғриси ҳеч қандай тайёргарлигим йўқ. Мақтайдиган бирор амалим ҳам йўқ. Бироқ Аллоҳ ва унинг Расулини қаттиқ севаман, – деди аробий.
Кутилмаганда, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деб марҳамат қилдилар: «Сен охиратда севганинг билан бирга бўласан».
Бунга гувоҳ бўлган саҳобалар: «Ҳаётимизда эшитган энг гўзал гап ана шу, энг кўп қувонган пайтимиз ўша пайт бўлди», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мақом мартабалари баланддир. Чунончи, Ул Зот соллаллоҳу алайҳи васалламни жаннатда кўролмасак нима бўлади? У киши соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриш, суҳбатлашиш, нурли чеҳраларига термулиш бизга ҳам насиб қилармикан! Ахир жаннатни исташдан мақсад Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дийдорига етишиш, тўйиб-тўйиб суҳбатлашиш эмасми?
Эй азиз биродарлар, хавотирланмайлик! Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқоридаги сўзлари биз учун буюк бир хушхабардир. Билдикки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни севсак, севганимизни амалда кўрсата олсак, қиёматда у киши билан бирга бўлар эканмиз. Дийдорлашув ҳам амалга ошади, ҳақиқат бўлади.
Шубҳасиз, бу бизлар учун катта бир неъмат ва хушхабардир. Шундай экан, Аллоҳ таолони севайлик, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ва Ул зоти бобаракотнинг йўлидаги солиҳ инсонларни севайлик. Улар билан бирга бўлишга интилайлик. Биз ҳам лоақал у йўлда юришга ҳаракат қилайлик. Табиий, биз улардек бўла олмаймиз. Аммо холис ва самимий, жону дилдан ғайрат қилсак охиратда у солиҳ инсонлар билан бирга бўлиш бахтига эришиш мумкин. Жаннатда улар билан бирга бўлиш нақадар улуғ бахт! Яратувчимиз Аллоҳ таоло лутфи карами билан бу бахтни бизга насиб этсин.
Кўкалдош ЎМИТМ битирувчи курс талабаси Назаров Абдулбосит






