Қиём намозда тик туришдир. Намозда тик туришга қодир инсонга фарздир. Бу ҳукмнинг далиллари:
“Аллоҳга бўйин сунган ҳолатда (камтарлик билан) турингиз!” (Бақара сураси, 238-оят).
Намозда қиёмни фарзлигига кўра тик туришга қодир инсонлар фарз ва вожиб намозларни ўтириб ўқиши жоиз бўлмайди. Аммо, тик туришдан ожиз инсонлар ўтирган ёки ётган ҳоларида боши билан имо-ишора қилиб намозни адо қилади. Бошни қимирлатиб имо-ишора қилган ҳолда намозни адо қилишдан ҳам ожиз қолган инсонлар намозни кечиктириб туради. Қодир бўлган вақтда намознинг қазосини ўқийди. Нафл намозларда эса қиём фарз эмас. Тик туришга қодир инсонлар ҳам нафл намозларни ўтириб ўқишлари жоиз бўлади. Тик туриб ўқилган нафл намознинг савоби ўтириб ўқилган нафл намознинг савобидан кўпроқ бўлади.
Қиём ҳолатида бир неча суннат амаллар бор. Аввало, ўнг қўлни чап қўл устига қилиб, киндик остига қўйиш суннатдир.
Мазҳаблар ўртасида икки қўлни қаерга қўйиш тўғрисида турли ихтилофлар бор. Ҳанафий мазҳабида, Шофиъй мазҳабидан Абу Исҳоқ Марвазий наздида ва имом Аҳмад ибн Ҳанбалдан бир ривоятда икки қўлни киндик остига қўйиш суннатдир. Имом Шофиъй мазҳабида икки ривоят бор. Бири кўкрагини тагига қўяди, иккинчиси кўкрагини устига қўяди. Ҳанбалий мазҳабида учта ривоят бор. Бири бизнинг мазҳабимизга мувофиқ киндик тагига қўяди, иккинчиси кўкрак тагига қўяди ва учинчиси ихтиёрли яъни, ҳоҳласа киндик тагига, ҳоҳласа кўкрак тагига қўяди.
Бу ихтилофлдарни сабаби Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисларни лафзлари турли келганлигидир. Мана шу ихтилофли суратларнинг ҳаммаси Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
Ҳанафий мазҳабининг далиллари ҳамасидан мўтабардир.
عَنْ وَائِلِ بْنِ حُجْرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: رَأَيْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَضَعَ يَمِينَهُ عَلَى شِمَالِهِ فِي الصَّلاَةِ تَحْتَ السُّرَّةِ. رَوَاهُ ابْنُ أَبِي شَيْبَةَ.
Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “У: “Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни намозда ўнг қўлларини чап қўллари устига қилиб, киндик тагига қўйганлигини кўрдим”, деди”. Ибн Абу Шайба ривоят қилган.
Бошқа бир ҳадисда шундай дейилган:
عَنْ عَلِيٍّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: إنَّ مِنَ السُّنَّةِ فِي الصَّلَاةِ وَضْعُ الْأَكُفِّ عَلَى الْأَكُفِّ تَحْتَ السُّرَّةِ . رَوَاهُ أَحْمَدُ وَأَبُو دَاوُد.
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “У: “Ўнг қўлни чап қўлнинг устига қилиб, киндик тагига қўйиш суннатдандир”, деди”. Абу Довуд ривоят қилган.
Муҳаддислар бир саҳобий қайсидир амални суннат деб номланса, ундан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари тушинилади ва унинг ҳукми марфуъ ҳадис ҳукмидадир – дейдилар.
Ҳанафий уламолар намозда қўлни боғлаб киндик остига қўйиш ҳақида ақлий далил ҳам келтирадилар. Намоз Аллоҳни улуғлаш учун адо қилинади. Одатда катта кишилар олдида туриш одоби қўлни боғлаб киндик остига қўйишдир. Модомики, банданинг олдида шундоқ турилгандан кейин, Аллоҳнинг ҳузурида одоб билан туриш жуда ҳам зарур, дейдилар.
Хулоса, эркаклар ўнг қўлининг бошбармоқ ва жимжилоқни ҳалқа қилиб чап қўлни бўғинидан ушлаб, ўнг қўлнинг кафтини чап қўлнинг устига қилиб, киндик остига қўйиш суннатдир. Аёллар эса ўнг қўлларини ўнг қўлни чап қўлни устига ҳалқа қилмасдан кўкрак устига қўйиши суннатдир.
Қиём ҳолатида бизнинг ҳанафий мазҳабимизда икки оёқ орасини тўрт бармоқ миқдорида бўлиши суннат, чунки бу хушуъга яқиндир, дейдилар. Лекин, бу ўлчов миқдори оёқларини кенг қилишга узри йўқ кишилар учун белгиланган ўлчовдир. Аммо гавдаси катта, семиз кишилар каби мўътадил мувозанатни сақлашда оёқлар орасини кенгроқ қўйишга эҳтиёжи бор кишиларга одатдаги ҳолатида туришга рухсат берилган. Чунки бундан мақсад узоқ вақт қиём ҳолатида турганда ҳам хушуъни йўқотмасдан туришга имкон яратиб берадиган даражада бўлишдир.
Жалолиддин Холмўминов, “Кўкалдош” ўрта махсус билим юрти мударриси






