Ислом динига илк чақириқлар бошланганида кофир миллатлари исломга қарши турли йўллар билан унга қарши чиқишди. Уларнинг ниятлари кўзларда аниқ кўриниб турар ва душманликлари очиқ-равшан эди. Асрларнинг мобайнида мақсадлари билиниб турар эди. Шу йўсинда 19-асрнинг охирида исломга қарши бир тоифа чиқишни бошлади. Улар ислом дини либосини кийиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига таъна етказиб, мусулмонларни ўз дини борасида гумонга туширишарди. Суннатларни набий соллаллоҳу алайҳи васалламга боғланишини инкор қилиб, бошқалар фикрларини чалкаштира бошлашди. Ҳатто ўз фикрларини китоб шаклига келтириб, бу китоблар орқали эргашувчиларини ҳақдан тўсишди. Улар ўзларини “Қуръонийлар” деб номлашди. Ўзларини ҳақда даъво қилиб одамларни йўлдан оздирардиллар.
Улар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўжизаларидан бўлган бу тоифанинг чиқиши ҳақида хабар бериб, мусулмонларни бундан огоҳлантирганларини унутдилар.
قال عليه الصلاة والسلام : «ألا إني أوتيت القرآن ومثله معه ، ألا يوشك رجل شبعان على أريكته يقول : عليكم بهذا القرآن ، فما وجدتم فيه من حلال فأحلوه ، وما وجدتم فيه من حرام
فحرموه ألا وإن ماحرم رسول الله مثل ماحرم الله «- رواه أبو داوود والترمذي
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Албатта менга Қуръон берилди ва у билан унинг мисли (суннат) ҳам бор. Огоҳ бўлинг, албатта бир тўқ киши келиб айтади: “Бу Қуръонни маҳкам тутинглар. Ундаги ҳалол нарсаларни ҳалол сананг. Ҳаром нарсаларни ҳаром сананг. Огоҳ бўлинг Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаром қилган нарсалар Аллоҳ ҳаром қилган нарсалар кабидир». Абу Довуд ва Термизий ривояти.
Ҳақиқий мусулмон набавий суннат ислом шариатида иккинчи манбаъ, Қуръоннинг тўлдирувчиси ва шарҳлаб берувчи эканлигини яхши билади. У Қуръон ҳукмларини баён қилиб беради. Агар набавий суннат бўлмаса Қуръон ҳукмларини тўғри татбиқ қилиш имконсиздир. Ислом арконларини адо қилиш ҳам худди шундай. Зеро Қуръоннинг ўзи ҳам набавий суннат Аллоҳ таолонинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга туширга ваҳийси эканини таъкидлайди:
وَما يَنْطقُ عَن الهَوى، إنْ هُوَ إلا وَحْيٌ يوحَى) النجم : 3 – 4(
“У ҳаводан нутқ қилмас. У ваҳйдан ўзга нарса эмас”. (Нажм сураси 3-4 оятлар).
Бу оятларда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шариат ҳукмлари тўғрисида нима деган бўлсалар ўзларидан эмас, балки Аллоҳ таолодан келган ваҳий эканлигига очиқ далил бор. Буни тасдиқлаб, унга амал қилиш комил иймондир белгисидир.
Қуръони каримда суннати набавий зикр қилинган оятлар кўп учрайди.
رَبَّنَا وَابْعَثْ فِيهِمْ رَسُولًا مِّنْهُمْ يَتْلُو عَلَيْهِمْ آيَاتِكَ وَيُعَلِّمُهُمُ الْكِتَابَ وَالْحِكْمَةَ وَيُزَكِّيهِمْ إِنَّكَ أَنتَ الْعَزِيزُ الْحَكِيمُ ) البقرة: 129(
“Роббимиз, уларга ўзларининг ичидан уларга оятларингни тиловат қилиб берадиган, китобни ва ҳикматни ўргатадиган, уларни поклайдиган пайғамбар юбор. Албатта, сенинг ўзинг азиз ва ҳикматли зотсан”. (Бақара сураси 129-оят)
Бу оятдаги китоб Қуръони каримдир. Ҳикматдан мурод эса суннати набавийя эканлигига кўплаб аҳли илмлар иттифоқ қилишган. Имом Шофеий: “Аллоҳ китоб деб айтгани у Қуръондир. Ҳикмат деб айтгани эса мен яшаган юрт уламолари наздида суннати набавийдир”, деганлар.
Аллоҳ таоло Қуръонда бизни Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилишга буюрди:
وَمَا آتَاكُمُ الرَّسُولُ فَخُذُوهُ وَمَا نَهَاكُمْ عَنْهُ فَانتَهُوا وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ شَدِيدُ الْعِقَابِ )الحشر:7 )
“Пайғамбар сизларга келтирган нарсани олинглар ва нимадан қайтагсан бўлса ундан қайтинглар. Аллоҳдан қўрқинглар. Албатта, Аллоҳ азоби шиддатли Зотдир” (Ҳашр сураси 7-оят).
У зот соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат- буйруқларига бўйсуниш ва суннатларини маҳкам тутиш билан бўлади. Кўпинча оятларнинг кўпида Пайғамбар алайҳиссаломга итоат Аллоҳ таолога итоат билан бирга келади. Аллоҳ таоло Қуръони Карим оятларининг бир қанчасида суннати набавийя ва Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоатни тарк қилишнинг оқибатини зикр қилиб ўтган:
مَّن يُطِعِ الرَّسُولَ فَقَدْ أَطَاعَ اللَّهَ وَمَن تَوَلَّىٰ فَمَا أَرْسَلْنَاكَ عَلَيْهِمْ حَفِيظًا) النساء:80)
“Ким Пайғамбарга итоат қилса Аллоҳга итоат қилган бўлади. Ким юз ўгирса, Биз сизни уларга қўриқчи қилиб юборганимиз йўқ”. (Нисо сураси 80-оят);
فلَا وَرَبِّكَ لَا يُؤْمِنُونَ حَتَّىٰ يُحَكِّمُوكَ فِيمَا شَجَرَ بَيْنَهُمْ ثُمَّ لَا يَجِدُوا فِي أَنفُسِهِمْ حَرَجًا مِّمَّا قَضَيْتَ وَيُسَلِّمُوا تَسْلِيمًا) النساء :65)
“Йўқ, Роббингга қасамки, сизни ўз ораларида чиққан келишмовчиликларга ҳакам қилмагунларича, кейин чиқарган ҳукмингизга дилларида танглик топмасдан, бутунлай таслим бўлмагунларича, зинҳор мўмин бўла олмаслар”. (Нисо сураси 65-оят);
وَمَن يُشَاقِقِ الرَّسُولَ مِن بَعْدِ مَا تَبَيَّنَ لَهُ الْهُدَىٰ وَيَتَّبِعْ غَيْرَ سَبِيلِ الْمُؤْمِنِينَ نُوَلِّهِ مَا تَوَلَّىٰ وَنُصْلِهِ جَهَنَّمَ وَسَاءَتْ مَصِيرًا ) النساء:115 (
“Ким ўзига ҳидоят равшан бўлгандан кейин Пайғамбарга хилоф қилса ва мўминларнинг йўлидан бошқа йўлга юрса, кетган томонга қўйиб қўямиз ва жаҳаннамга киритамиз. У қандоқ ҳам ёмон жой!”. (Нисо сураси 115-оят);
Пайғамбар алайҳиссолату вассаломнинг ҳадисларида фасоҳатли адиб, нотиқ ҳатто ҳеч бир саҳобага берилмаган балоғат бордир. Қуйидаги сўзимизнинг яққол далилдир:
فُضِّلْتُ عَلَى الْأَنْبِيَاءِ بِسِتٍّ: أُعْطِيتُ جَوَامِعَ الْكَلِمِ، وَنُصِرْتُ بِالرُّعْبِ، وَأُحِلَّتْ لِيَ الْغَنَائِمُ، وَجُعِلَتْ لِيَ الْأَرْضُ طَهُورًا وَمَسْجِدًا، وَأُرْسِلْتُ إِلَى الْخَلْقِ كَافَّةً، وَخُتِمَ بِيَ النَّبِيُّونَ
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бошқа набийлардан олти фазилат билан афзал қилиндим: менга жавомиул калим берилди, қўрқинч билан нусрат берилди, ўлжа олиш ҳалол қилинди, ер юзи мен учун пок ва сажда қиладиган ўрин қилинди, мен барча махлуқотларга Росул қилиб юборилдим ва мен билан нубувват хотималанади” дедилар.
Юқоридаги оят ҳадислар инсоф билан таҳлил қилинса Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннати мутоҳҳаралари Қуръони каримдан кейинги шаръий асос эканлиги очиқ ва равшан кўринади.
КЎКАЛДОШ ЎРТА МАХСУС ИСЛОМ ТАЪЛИМ МУАССАСАСИ ЎҚУВ ИШЛАРИ БЎЙИЧА МУДИР ЎРИНБОСАРИ НОДИР ЖАЛОЛОВ






