Албоний ўзини ақидада ажратиб олган нарсалардан яна бир ақидавий масала: “Аллоҳ таоло худди тахтадан ясалган идиш (баъзи таржималарда қоп деб таржима қилинган) каби ўз ичида нарсаларни қамраб олгандек бутун оламни қамраб олади деган гапи”.
Бу гап бирон бир Аҳли сунна уламоларидан ҳам ва на мушаббиҳалар томонидан ҳам айтилмаган бўлиб, Албоний бу гапни ўзининг “Саҳиҳу тарғиб ват тарҳиб” номли китобида зикр қилиб ўтган. Ўз ўзидан бир савол туғилади: Албоний бу гапини қандай қилиб Аллоҳ таоло Ўз зоти билан Арш устида, деган гапи билан жамлади. Бу нарсада очиқдан очиқ таноқуз (қарама қаршилик, зиддият) бор. Албонийнинг бу гапида замонавий мужассима, мушаббиҳа ваҳҳобийлар тоифасининг ақидасига зиддият бор (улар Аллоҳ таоло фақат Аршнинг устида, деб айтишади). Бу гап Албонийнинг ваҳҳобий тоифасидан ажралишига сабаб бўлган гапларидан бири бўлиб, у “Аллоҳ ҳамма нарсани иҳота қилгувчи бўлган Зотдир” деган оятини тўғри фаҳмламаслигидан келиб чиққан. Оятнинг маъноси “Аллоҳ ҳамма нарсани илм жиҳатидан иҳота қилгувчидир”, деб тафсир қилинади (Тафсирул Қуртубий (5/402) ва Табарий (7/530)). Бу киши эса жаҳолати кучлилигидан ўзи билмаган ҳолда ўзига ўзи қарши чиқмоқда. Аслида ушбу масалада унинг тоифаси нима дейди, у эса ўзи уларнинг ақидасига зид гап айтиб, улардан “пок” бўлдими!? Ёки у тоифа унга хушомад қилиб сукут сақлаяптими?! Чунки ваҳҳобийлик тоифаси Албонийни ўзлари учун йўлбошчи ва буюк раҳбар, ўзларининг аср мужаддиди деб ҳисоблашади. Албоний бўлса, “Саҳиҳу тарғиб ва тарҳиб” номли машҳур китобида ёзганидек, Аллоҳ таолони ҳар томонлама ўз ичидаги нарсаларни ўраб турувчи қопга ўҳшатди (наъузу биллаҳи мин залик) ва У Зотни Олам остида, устида ўнг ва чап ҳамда унинг олди ва орқасида экан деб таърифлайди. Албоний машҳур қилган бу гапни шу давргача на бир мусулмон киши ва на бир дахрий айтмаган. Баъзи бир ўзи ёзган асарларининг кўп жойларида эса у Аллоҳ таолони Аршнинг устида Ўз зоти билан жойлашган деб айтган. Албоний бу ва ундан олдин айтиб ўтган гапи билан аҳкомларни ва ақидани бузиб кўрсатишда барқарорлиги бўлмаган бир залолатдан бошқа бир залолатга кўчиб юрмоқда.
(Давоми бор)
Рустам Охунжонов
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом таълим муассасаси Матбуот котиби






