Жорий йилнинг 25 ноябр куни “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртида Рабиъул аввал – Мавлуд ойи муносабати билан “Расулуллоҳ – гўзал ахлоқ намунаси” мавзусида талабалар ўртасида мусобақа тадбири бўлиб ўтди. Тадбирга Тошкент ислом институти ижтимоий фанлар кафедраси мудири Обид Тангиров, Халқаро Ислом академияси докторанти Каримуллоҳ Мирзаахмедов, Тошкент ислом институти амалиётчи талабалари ва бошқа меҳмонлар ташриф буюрдилар. Тадбир мударрис Жасур Кулбоевнинг Қуръон тиловати билан бошланди. Мусобақада 2- курс, 3-курс ва 4-курс жамоалари 6 та шарт асосида ўзаро беллашдилар.
Мусобақа бошланишида билим юрти мудири ўринбосари А.Ғаниев ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди ва билим юрти мудирининг табрикларини барчага етказди.
Асосий қисмда жамоа иштирокчилари шартларга яхши тайёргарлик кўрганликларини намойиш қилишди. Ҳар бир гуруҳ ўзларига берилган мавзуларни баён қилиб беришди. Гуруҳлар ўртасига қўйилган мантиқий саволларга ҳам қониқарли жавоблар беришди.
“Эркин ижод” деб номланган шартда талабалар ўзлари тайёрлаган саҳна кўринишлари ва ёзган ўзбек тилидаги шеър, мактуб, манолог ва ҳикояларни айтиб барчани кўнглига хурсандчилик бағишлади.
Мусобақа якунида ҳакамлар ҳайъатининг хулосасига биноан 2 –курс жамоаси биринчи ўринга, 3- курс жамоаси иккинчи ўринга ва 4-курс жамоаси учинчи ўринга муносиб деб топилди. Ҳар бир шарт орасида томошабинлар билан ҳам совринли саволлар ўйналди. 2-курс талабаси Содиқов Бобур “энг фаол иштирокчи” совринига сазовор бўлди. Совриндорлар ва жамоалар эсдалик совғалар билан тақдирландилар.
Маънавият ва маърифат масалалари бўйича
мудир ўринбосари А.Ғаниев