Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Ёшлар билан маърифий ва маънавий ишларни такомиллаштириш тўғрисидаги режага асосан мамлакатимизнинг қадимий ва бой тарихини ёшлар орасида кенг тарғиб этиш, уларда миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини кучайтириш мақсадида диний таълим муассасалари талабалари билан юртимиздаги тарихий обидалар, улуғ аллома аждодларимиз номлари билан боғлиқ муқаддас зиёратгоҳларга ташрифлар уюштириш кўзда тутилган.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасасининг бир гуруҳ талабалари маънавий ва маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари А.Ғаниев бошчилигида пойтахтимиздаги Ҳазрати Имом мажмуасида бўлдилар. Ушбу тарихий маскан йирик фақиҳ олим Абу Бакр Қаффол Шоший шарафига Ҳазрати Имом маҳалласи деб аталган, кейинчалик бу лафз халқ тилида қисқариб “Хастимом” кўринишига келган. Ҳозирги кунда бу ерда Ўзбекистон мусулмонлари идораси, нашриёт, “Ҳазрати Имом” масжиди, Тошкент ислом институти, Абу Бакр Қаффол Шоший мақбараси, “Мўйи муборак” биноси, “Бароқхон” мадрасаси ва янги қурилаётган Ўзбекистон халқаро ислом цивилизацияси маркази жойлашган.
Талабалар Қаффол Шоший мақбараси ва “Бароқхон” мадрасаси билан яқиндан танишдилар.
Бароқхон мадрасаси XVI асрнинг 40-йилларида барпо этилган бўлиб, унинг бунёд этилишида 1533–1554 йилларда Тошкент вилояти ҳокими, 1554–1556 йилларда эса марказлашган шайбонийлар давлати олий ҳукмдори – Наврўз Аҳмадхон (Бароқхон) номи билан боғлиқ. Мазкур мадрасада 1956 йилдан 2006 йилгача Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси фаолият юритган. Ўзбекистон тарихи, хусусан, диний соҳа тарихида алоҳида ўрин тутган бу маскан билан яқиндан танишиш, унинг тарихидан бохабар бўлиш толиби илмларимиз учун аҳамиятли иш ҳисобланади.


“Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси матбуот хизмати






