(Давоми)
Иккинчи омил: Авс ва Хазраж ўртасидаги ўзаро қабилалик урушлари!
Мадина аҳлининг исломни жуда тез суратда қабул қилишига таъсир қилган яна бир муҳим омил, исломдан олдин Ясирб яҳудийларининг фитнаси сабаб амакиваччаларнинг ўғли бўлмиш Авс ва Хазраж ўртасида келиб чиққан жанглардир. Бу жангларда уларнинг буюк сиймолари ва етакчи саркардалари ҳалок бўлиб кетишган эди. Авс ва Хазражнинг ўзига сафларини янгиттан бирлаштирадиган бир кишига эҳтиёж сеза бошладилар. Расулуллоҳ (сав) эса ана ўша ансорларнинг қутқарувчиси бўлдилар.
Учинчи омил: авс ва хазражликларнинг яманликлар уруғидан бўлганлиги!
Балки, Авс ва Хазраж қабиласи аҳолисининг таркибий қисимларидаги хусусиятлар ҳам Ислом даъватини осонлик ила қабул қилишларига ва Расулуллоҳ (сав) уларнинг ерига ҳижрат қилиб келганларида у зотни қаршилаб чиқишларига муҳим аҳамият касб этган. Бу икки қабиладан бўлган ансорлар ҳақида кўпчилик билмайдиган маълумот шуки, улар аслида Ямандан ҳижрат қилиб келган мусофирлар бўлишган. Улар Яманнинг Азд қабиласига мансуб эдилар. Мана шу иш ўзларининг ижтимоий ҳаётларида муҳожирлар ва қувилган инсонлар билан ўзар инсоний меҳр-оқибатда яшашларига туртки бўлган. Улар ота-боболаридан мерос қилиб олган ҳижрат қилиш масаласи ва инсонни ўз ватанидан ҳижрат қилишга ҳамда аҳлидан ажралишга мажбур қиладиган вазиятлар ҳақида сўзловчи ривоятларга эга эканликларида шак йўқ. Шунинг учун Яман аҳлидан бўлган араблар ўзларини меҳрибонликлари билан ажралиб турадилар. Табиатида қаттиққўллик ва дағаллик борлиги билан ажралиб турадиган аднонлик арабларда бу нарса топиб бўлмас ҳислатдир. Лекин бу улар учун айб ҳисобланмайди. Чунки бу Араб ярим оролида яшовчиларнинг иқлими ва географик жойлашуви турли хиллиги сабаб, азалдан меърос бўлиб келган ижтимоий-маданий ҳаётнинг фарқлилигидан ҳосил бўлган бир-биридан ажралиб турадиган хусусиятлардир. Яман аҳли шаҳарларининг иқлимий тақозосига кўра кўпинча қўй боқадилар. Қурайш аҳолиси эса туя боқиши билан бошқалардан ажралиб туради. Туя боқиш қаттиққўлликни талаб қилади. Қўй боқиш эса ҳикмат ва ҳалимликни талаб қилади ҳамда тафаккур ва тадаббур қилишга етарлича вақт ҳам беради. Шу сабабли қўй боқувчи инсон ўзига сакинат ва виқорни касб қилиб олади. Шунинг учун Набий (сав): “Аллоҳ юборган барча пайғамбарлар қўй боқишган”, деганлар. Батаҳқиқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига келган Яман аҳолисини таърифлаб шундай деган эдилар: “Сизларга Яман аҳли келди. Уларнинг бағирлари кенг ва қалблари юмшоқдир. Иймон Ямандир. Ҳикмат Ямонийдир. Фахр ва мағрурлик туя соҳибларидадир. Сакинат ва виқор қўй соҳибларидадир”. Юқоридаги санаб ўтилган омилларнинг барчаси ансорларни тезлик билан исломни қабул қилишларига ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, ҳамда у зотнинг асҳобларини ўз ерларида кутиб олиш учун шайланишларига сабаб бўлган эди!
Раҳматуллоҳ Саиджалолов
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом таълим муассасаси мударриси




