Пайғамбар алайҳиссалом нутқ майдонида фасоҳат ва балоғатлари билан беназир эдилар. Сўз ва гапларни ҳолат тақозосига кўра танлаб айтардилар. У зотга ҳар бир жумлани аниқ, тушунарли ва таъсирли ҳолда қисқа ва лўнда баён этиш қобилияти берилган эди. Ҳатто айтган ҳар бир сўзлари зарбулмасалга айланди. Имом Бухорий, имом Муслим, имом Термизий ва имом Насаий Абу Ҳурайра розияллоҳудан ривоят қилган ҳадисда у зот: «Мен жамловчи сўзлар билан юборилдим», дедилар.
Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ: «Менга етиб келишича, олдинги китобларда ёзилган кўп ишларни Аллоҳ таоло Ўз Росули учун бир ёки икки ишда жамлаши «жамловчи сўзлар», дейилган», деб изоҳлайди. Айниқса, фасоҳат ва балоғат бобида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дидлари баланд, нутқлари равон, сўзлари дона-дона бўлиб, ҳеч қачон унинг боши охирига номувофиқ бўлмаган. У зотнинг айтган ҳар бир сўзлари аниқ ва тиниқлиги, бенуқсон ва маънодорлиги билан эътиборни жалб этмай қолмасди. Лафзлари ёрқин, сўзлари тартибли ва бехато бўлиб, аниқ маънони билдириши билан бошқаларникидан ажралиб турарди. У зот керакли ўринда етказиш лозим бўлган маъноларни бетакаллуф ва ортиқча уринишсиз баён этишлари диққатни жалб қиларди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло: «Сен мен унинг учун сиздан ажр сўрамасман. Мен сохтакорлардан ҳам эмасман», дегин», дея марҳамат қилади. Абу Авфа: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам беҳуда гапларни гапирмас эдилар», деб алоҳида таъкидлаб келтиради. Пайғамбаримизга жуда қисқа ва мухтасар иборалар орқали кўп маъноларни ифодалаш маҳорати берилган эди. Бунга мисол тариқасида ҳар бири иккита сўздан иборат қирқта ҳадисни жамладим. Маълумки, тугал маъно англатадиган энг қисқа жумла икки сўздан ташкил топган бўлади.[1]
Шунингдек, Расули Акрамга ажойиб ҳикматлар, ўзларининг ва бошқа араб қабилаларнинг лаҳжасини билиш хусусияти берилди. Зотан, барчага пайғамбар қилиб юборилган ва ҳар бир қавмга ўзи тушунадиган тилда мурожаат қилиши учун у зотга тилларини ҳам ўргатилган эди. Бу Аллоҳ таолонинг: «Қайсики пайғамбарни юборган бўлсак, баён билиб бериши учун, ўз қавми тили ила юборганмиз», деган илоҳий кўрсатма услубига мувофиқдир. Пайғамбаримиз ҳар бир қабила билан ўз шевасида сўзлашиб, шева сўзларнинг асл ўзаги тўғрисида улар билан баҳслаша олардилар. Ҳаттоки кўп саҳобалар айрим ҳолатларда айтган сўзларининг маъноси ва изоҳини у зотнинг ўзларидан сўраб олишига тўғри келарди. Одамлар билан ўзлари билган тилда сўзлашиш лозимлигини эътиборда тутиб, Макка, Мадина, Ҳижоз, Нажд ва улар атрофида яшайдиган аҳоли билан мулоқот чоғидаги сўзлашувлари бошқа арабларникидан фарқ қилар эди. Яманнинг Наҳд қабиласига йўллаган мактублари машҳур бўлиб, унда: «… уларнинг моллари ва болаларига барака бер. Ким намозни қоим қилса, мусулмон бўлади. Ким закотни берса, муҳсин бўлади. Ким «Ла лаҳа иллаллоҳ», деб гувоҳлик берса, мухлис бўлади…», деган сўзлар битилган эди. Ундаги сўз ва иборалар уларнинг шевасига хос эди.
Имом Ҳоким, Байҳақий Атийя Саъдийдан келтирган ривоятда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Баланд қўл – берувчи, паст қўл – олувчидир», деган сўзларидаги «берувчи» деган маънони билдирадиган «муътия» сўзини Бани Саъд шевасида «мунтия» деб талаффуз қилганлар. Ҳадис ровийси Атийя Саъдий: «Росулуллоҳ билан ўзимизнинг шевамизда гаплашдик», дейди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатий гаплари, маълум ва машҳур чиройли нутқлари, қисқа жумлада кўп маъноларни ифодалаш маҳоратлари, тенги йўқ балоғату фасоҳатлари ҳақида уламолар кўплаб китоблар таълиф этиб қолдиришган. Имом Абу Довуд, Насоий ривоят қилган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмонларнинг қонлари тенг[2]. Уларнинг зиммалари учун (нуфузи) энг паст бўлганлари ҳам ҳаракат қиладилар. Улар бошқаларга қарши бир қўлдир[3]«, дедилар. Яъни, барча мусулмонларнинг қонлари дахлсизликда баробар бўлиб, қасос олиш борасида аслзода билан насаби паст, катта билан кичик, илмли билан илмсиз, эркак билан аёл ўртасида фарқ йўқ. Қулнинг ҳам барча мусулмонларга омонлиги ва ҳимояси бирдай ўтади. Мусулмонлар душманга қарши бир-бирларини қўллаб-қувватлайдиган ягона куч ва ягона жамоадир. Ибн Лол «Макоримул Ахлоқ» китобида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Одамлар тароқ тишларидек бир хил», деган сўзларини келтиради. Яъни, шаръий ҳукмларни татбиқ этишда барчалари тенг ва улар ҳамма учун баробар. Бошқа бир ривоятда: «Одамлар тароқ тишларидек бир хил. Арабнинг ажамдан, ажамнинг арабдан афзаллиги йўқ. Афзаллик фақат тақвога қараб бўлади», дейилган.
Имом Бухорий ва имом Муслим келтирган ривоятда: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Киши яхши кўргани билан биргадир»[4], дейдилар. Яъни, маҳшарда ёки жаннатда. Икки шайх ривоятида Пайғамбаримиз шундай марҳамат қилади: «Одамлар тилла ва кумуш маъданларига ўхшаган маъданлардир. Жоҳилиятда яхшилари, агар фақиҳ бўлсалар, Исломда ҳам яхшидир». Яъни, илм билан шуғулланса, ўзида яхши фазилатларни намоён этса, табиатан гўзал феъл-атворлар эгаси бўлиш баробарида шариат кўрсатмаларига ҳам амал қилса. Тўрт сунан соҳиблари ва имом Ҳоким ривоят қилган ҳадисда: «Маслаҳат сўралган киши омонат қўйилгандир. Модомики, гапирмаса, у ихтиёрлидир»,[5] дейилган.
Абу Шайх ибн Ҳиббон «Савоб» китобида ва Дайламий келтирган ривоятда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Яхши гапни айтиб, фойда қилган ёки сукут сақлаб, саломат бўлган бандага Аллоҳнинг раҳмати бўлсин», дедилар. Икки шайх ривоят қилган ҳадисда: «Исломни қабул қил, саломат бўласан. Исломни қабул қил, Аллоҳ ажрингни икки ҳисса қилиб беради», дейдилар. Яъни, насроний одамга Исо пайғамбарга иймони учун бир ҳисса, Муҳаммад соллаллуҳу алайҳи васалламга иймон келтиргани учун яна бир ҳисса ажр берилади. Имом Термизий келтирган ривоятда: «Албатта сизларнинг менга энг севимлиларингиз ва Қиёмат кунида менга энг яқин жойда ўтирадиганингиз ахлоқи чиройли, юмшоқ феълли, улфат тутадиган ва улфат тутиладиганларингиздир», деганлар.
Бундан мақсад хулқи гўзал, камтар, қалби тоза, ҳеч кимга озор бермайдиган, оқкўнгил бўлгани учун одамларни улфат тутадиган, одамлар ҳам унга улфат бўлишга интиладиган ҳалим кишилардир.
[1] Бу Мулла Али Қори раҳматуллоҳи алайҳнинг сўзлари. Ўша ҳадисларни «Шамоили Термизий»га ёзган шарҳларида келтирган.
[2] Жоҳилият даврида бундай адолат йўқ эди. Ҳар бир инсоннинг ҳаёти дахлсизлиги кафолатланмаган, эркак-аёл, катта-кичик, бой-камбағал, ҳур-қул, аслзода ва насаби паст ҳукмда бир-биридан ажратилган. Росулуллоҳ пайғамбар қилиб юборилганларидан кейин жамиятда тенг ҳуқуқлилик тамойиллари қарор топиб, адолат жорий бўла бошлади.
[3] Ўша даврда аёл зоти ва қулларга жуда паст назарда қаралган. Уларда ҳақ-ҳуқуқ бўлмаган. «Зимма» сўзи бу ўринда «аҳд», «омонлик бериш», «бировнинг хавфсизлиги учун кафил бўлиш» маъноларида келган. Ким бўлишидан қатъий назар мусулмон киши мусулмон бўлмаган одамга омонлик берса, бу кафолат эътиборга олинади ва уни бузишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадиснинг бошида «Мусулмонларнинг зиммалари биттадир», дейилган.
[4] Бу ҳадисда ким қайси инсонларни яхши кўрса, амаллари яхши кўрган одамлариникидек бўлмасада улар сафига қўшилишига ишора бор. Баъзилар яхши кўрилган инсонларнинг амалларига эргашиш шарт, дейишган. Лекин чин дилдан иймон келтириб, Росулуллоҳни тан олган ҳолда улуғ зотларга муҳаббат қўйилса, уларнинг мақомида бўлишга умид қилинади. Чунки Имом Муслим келтирган ривоятда: «Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Ё Росулуллоҳ, бир қавмни яхши кўриб, (амал жиҳатдан) уларга ета олмаган киши ҳақида нима дейсиз?, деди. У зот: «Киши яхши кўргани билан биргадир», дедилар», дейилган.
[5] Маслаҳат сўралган одам фикри ва таклифи бўлса, айтади. Чунки дин насиҳатдир. Билиб туриб яшриш ҳам хиёнатга киради. Билмаган одам узрини изҳор қилиши керак. Бировнинг сирини фош қилиш, иғво тарқатиш ҳисобланади.





