Мана, муборак Рамазон ойининг охирги дақиқаларида турибмиз. Ушбу ойлар султонининг фазилатларини юрак-юрагимиздан ҳис қилмоқдамиз. Имкон борича яхшилик қилишга, савоблардан кўпроқ олиб қолишга интилдик. Чунки, бу ойдаги кичиккина қилган яхшилигимиз ҳам кўплаб савоб ва ажрларга сабаб бўлади.
Муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш арафасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев халқимизга хос меҳр-оқибат, эзгулик, хайр-саховат каби олижаноб фазилатларнинг ёрқин ифодаси сифатида «Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида»ги Фармонни имзолади. Фармонга мувофиқ, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 258 нафар фуқаро афв этилди.
Ушбу инсонпарварлик, кечиримлилик ва ғамхўрлик рамзи бўлган эзгу иш 258 нафар оилани янги ҳаётга қайтаришга, ушбу хонадонлардаги моддий ва маънавий муҳитни соғломлаштириш, мунғайган кўнгиллар шод ва хотиржам бўлишига хизмат қилади.
Афв этилганларга тиконли сим орқасида ўтириш эмас, балки ўз ҳалол мехнати билан ўз номини оқлаш, жамиятда ўзининг муносиб ўрнини топишга тарихий имконият берилди. Энди ушбу фуқаролар ушбу имкониятдан самарали фойдаланишлари, оиласига бош-қош бўлишлари, ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланиб, ҳукуматимизнинг ишончига амалий шукрона билан жавоб қайтаришлари, шу юрт равнақи учун ўз ҳиссаларини қўшишлари лозим.
Афв туфайли озодликка чиққан фуқароларимизнинг ижтимоий мослашувига, тўғри йўлга тушиб олишларига маҳалла-куй, қариндошлар, дўст-биродарлар, имомлар, умуман кенг жамоатчилик яқиндан ва самимий кўмак кўрсатишлари керак. Қуръони каримда айтилганидек: “Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сиз (ёмонликни) гўзалроқ муомала билан даф этинг! (Шунда) бирдан сен билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ (қалин) дўстдек бўлиб қолур (Фуссилат сураси, 34-оят)”.
Афв этилганлар эса ушбу ишончни суистеъмол қилмасликлари, берган ваъдаларига ҳиёнат қилмасликлари нафақат фуқаровий бурчи, балки шариатимиз талаби ҳам ҳисобланади.
Бу воқеа юртимизда олиб борилаётган инсонпарварлик, халқимизга хос бағрикенглилик, йиқилганни суяш, адашганга тўғри йўл кўрсатиш, кечиримлилик сиёсатининг, олийжаноблик ва меҳр-мурувват кўрсатиш каби эзгу фазилатларини муборак Рамазон ойида янада юксак намоён бўлишининг ёрқин ифодаси бўлди.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти Матбуот хизмати






