Бандаларининг манфаати учун турли жониворларни яратиб, уларнинг покизаларини ҳалол қилиб берган, жонлиқ сўйиб, Ўзига қурбат ҳосил қилиш имкониятини яратган Парвардигоримизга ҳамду санолар бўлсин! Инсониятга ейиш-ичишнинг ҳалол ва ҳаромини ўргатган, жонлиқни ҳалоллаш йўлини кўрсатиб берган Пайғамбаримиз алайҳиссаломга дуруду салавотларимиз бўлсин!
Ийд Қурбон кунлари ҳожилар Аллоҳнинг уйига бориб, жонлиқ сўйишади, бобокалонимиз Иброҳим алайҳиссалом ва ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини адо этиб, Яратганга қурбат ҳосил қилишади, иймонларини тасдиқлашади. Дунёнинг турли чеккаларида яшовчи миллионлаб мусулмонлар ҳам бу муборак ибодатни амалга ошириб, чексиз ажр-савобга мушарраф бўлишади. Ўрни келганда ана шу қутлуғ ибодат – курбонлик сўйишга оид баъзи маълумотларни келтириб ўтишни, аниқроғи, жониворларни шаръий тартиб-қоидага кўра сўйишни бераҳмлик деб ҳисобловчи кимсаларга берилган ўринли жавобни, сиз – азизларнинг эътиборингизга ҳавола этмоқчимиз.
Савол: Нима учун мусулмонлар ҳайвонларни шафқатсизларча сўйиб, уларни узоқ вақт давомида қийналиб ўлишга мажбур қилишади?
Жавоб: Ҳайвонларни Ислом шариатига кўра сўйиш усули («забҳ») кўпчиликнинг танқид тошларига учраб келадиган мавзу.
Исломни тушунмаган ёки тушунишни истамаганлар: «Нима учун сиз ҳайвонни тириклай бўғизлайсиз? Ахир ҳалқуми кесилаётган ҳайвоннинг жони оғрийди-ку! Нима учун уни кийнамай, бизга ўхшаб бир зарба билан ўлдириб, кейин бемалол гўштини нимталамайсиз?» дейишади. Бундай таъна-дашномларга жавобан куйидаги нуқталарни кўриб чикиб, забх усулининг нафақат шафқатли, балки илмий нуқтаи назардан афзал эканига эътиборингизни қаратмоқчимиз:
- Жонлик сўйишнинг исломий усули.
Аллоҳ таоло Моида сурасининг 3-оятида мусулмонлар учун ҳалол гўштларнинг баёнида, жумладан, бундай марҳамат қилади:«…сўйиб олсангиз (ҳалол)».
«Сўйиб олсангиз» деб таржима қилинган (ذَكَّيْتُمْ) сўз ояти каримада «заккайтум» деб келган. Бу сўз барчага маълум закот сўзига ўзакдош бўлиб, поклик, ўсиш маъноларини англатади. Унинг «тазкия» шакли эса «поклаш» деганидир.
Исломий жонивор сўйиш усули қуйидаги шартларнинг бажарилишини такозо этади:
а) Ҳайвон ўткир, жуда кескир тиғли асбоб билан сўйилиши лозим. Шунингдек, жонивор кийналмаслиги учун тигни тезтортиш шарт.
б) Сўйганда жониворнинг нафас йўли (ҳалкуми), томоғи ва кон томирлари кесилиши керак.
Араб тилидаги «забиха» феъли сўйишни англатади. Забхда ҳайвоннинг бўғзи, нафас йўли (трахея) ва бўйнидаги кон томирлари кесилади, орка мияси эса кесилмайди.
в) Жонлиқнинг қони окизиб юборилиши шарт.
Жонликнинг бошини узишдан аввал унинг кони имкон кадар тўлик окиб кетиши талаб этилади. Бундан максад ҳайвоннинг танасида турли микроорганизмнинг урчиши учун кулай муҳит яратувчи қоннинг чикиб кетишидир. Орка мия кесилмай турилади, чунки орқа мия кесилса, юракка борадиган нерв толалари узилиб, юрак тўхтаб колиши, натижада томирларда кон котиб колиши мумкин.
- Қон микроб ва бактериялар учун қулай муҳит.
Дарҳақиқат, қон микроб, бактерия ва токсинлар кўп учрайдиган жой. Шунинг учун қон тўлик окиб кетиши талаб этиладиган шаръий сўйиш усули гигиена талабларига тўлик жавоб беради. Шу тарзда сўйиш орқали гўштга кондаги бактерия, токсин ва микроб каби турли хил зарарли моддаларнинг ўтиб колишининг олди олинади.
- Шаръий усулда сўйилган гўшт узоқ вақт давомида бузилмай сақланади.
Шаръий талабларга кўра сўйилган гўшт узоқроқ вақтгача бузилмай сакланади, чунки унинг таркибидаги кон миқдори бошқа усулда сўйилган гўштга нисбатан камроқ бўлади.
- Шаръий усулда сўйилган ҳайвон оғриқни сезмайди.
Буйин томирлари биттада кесиб юборилса, миянинг оғрик сезувчи асаб толаларига кон бормай колади. Натижада ҳайвон огрикни сезишдан дарҳол тўхтайди. Шаръий усулда сўйилган ҳайвоннинг оёкларини типирчилатиб, бор кучи билан зўриқиши огрик туфайли эмас, мушакларнинг тез-тез кискариб, бўшашиши, танадан коннинг шитоб билан окиб чиқиши туфайли юз беради.
“КЎКАЛДОШ” ўрта махсус ислом таьлим муассасаси 4-курс талабаси Каримбердиев Ғовсиддин






