Биринчи ҳикмат. Аллома Ибн Мунир айтади: «Пайғамбар алайҳиссаломнинг кўкраклари ёрилган пайтдаги сабрлари билан Исмоил алайҳиссаломнинг Аллоҳдан синов келган пайтда кўрсатган сабрлари бир-бирига ўхшайди. Бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сабрлари Исмоил алайҳиссаломнинг сабрларидан оғирроқ ва даражаси юқорироқ бўлган. Чунки Исмоил алайҳиссаломдаги ҳолат у кишининг иймонларини имтиҳон қилиб кўриш мақсадида бўлган. Аммо ўша ҳодиса (яъни Аллоҳ йўлида оталари томонидан қурбон қилинишлари) воқеликда амалга ошмаган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўкраклари ёрилгани эса ҳақиқатдир. Қолаверса, бундай воқеа у зотда бир марта эмас, балки такрор-такрор юз берган. Устига-устак, бу воқеа оналари, боболари ва яқинларидан узоқда, ҳали улғайиб улгурмаган етим чоғларида бўлиб ўтган».
Иккинчи ҳикмат. Шайхулислом Абулҳасан Субкий раҳимаҳуллоҳдан Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг кўкраклари ёрилиши ва юракларидан қора қоннинг олиб ташланиши ҳамда фариштанинг «Бу шайтоннинг сендаги насибаси эди» дегани ҳақида сўрашганда шундай жавоб берган: «Инсоният қалбида бўладиган, шайтон васвасаларини қабул қилиш учун яратилган қон ул зотнииг муборак қалбларидан бутунлай чиқариб ташланган. Шундан кейин у зотнинг қалбларига шайтон васваса қила олмаган. Аслини олганда, ундан олдин ҳам у зотга шайтон васваса қилишига ҳеч қандай имкон йўқ эди. Чунки Аллоҳ таолонинг Ўзи Набий алайҳиссаломни шайтон васвасасидан муҳофаза қилиб қўйган. «Ундай бўлса, шайтоний қонни у зот алайҳиссаломда яратиб, яна олиб ташлашдан мақсад нима эди?» деб сўралса, биз бунга қуйидагича жавоб берамиз: «У зотдан олиб ташланган қон Аллоҳ таоло барча инсонни яратиш пайтида қўшиб яратадиган табиий қон эди. Бинобарин, Пайғамбаримиз алайҳиссалом буюк Расул бўлишлари билан бирга, оддий инсон ҳам эдилар. Шундай экан, у зотнинг таналарида бундай қоннинг мавжуд бўлганига ажабланмаса ҳам бўлади. Аллоҳ таолонинг амри билан у зотнинг таналаридан ушбу қоннинг чиқариб ташланишига келсак, бу билан Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломнинг шайтон васвасасидан бутунлай холи эканликларини кўрсатиб қўйишни ирода қилган. Валлоҳу аълам».
Учинчи ҳикмат. Шайх Абу Муҳаммад ибн Абу Жамра айтади: «Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломнинг кўкракларидан шайтоний насибани олдириб ташламай туриб ҳам у зотнинг қалбларини иймон ва ҳикматга тўлдириб қўйишга қодир эди. Лекин шунга қарамай, кўкраклари ёрилишидан Аллоҳ таолога бўлган ишончлари янада зиёда бўлиши мақсад қилинган. Қолаверса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай оғир ҳолатни бошдан кечиришлари келажакдаги машаққатли синовларга бардошли бўлишга замин яратган».
Тўртинчи ҳикмат. Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалоний раҳимаҳуллоҳ кўкрак ёрилиши ҳодисасининг бир неча марта юз берганини шундай изоҳлайди: «Биринчи, учинчи ва тўртинчи марта кўкрак ёрилишининг ҳам ўзига хос ҳикмати бор. Биринчи марта содир бўлишида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёшлик чоғларида шайтондан муҳофаза қилиниб, комил ва бенуқсон ҳолда вояга етишлари назарда тутилган. Учинчиси рисолат келган пайтда бўлиб, бундан ваҳийни пок қалбга жо қилиш орқали Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳурматга лойиқ эканликларини билдириш кўзда тутилган. Тўртинчиси эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Меърож кечаси осмонга кўтарилишларидан олдин содир бўлган. Бундан Аллоҳ таоло билан мулоқот қилишга тайёр бўлишлари мақсад қилинган».
Ҳофизи Шомий айтади: «Мендан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак кўкраклари иккинчи марта ёрилганининг ҳикмати ҳақида сўрашганида: «Cаккиз-ўн ёш тамйиз-таклиф ёши ҳисобланарди. Одамларда айб деб саналадиган ҳар қандай қабиҳ ва гуноҳ ишлардан сақлаш мақсадида қалблари ёрилиб покиза қилинган бўлса, ажаб эмас», дея жавоб бердим. Ҳақиқатини Аллоҳ таоло билувчироқдир».
Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалоний раҳимаҳуллоҳ кўкрак ёрилиши воқеасининг учинчи марта содир бўлиши ҳақида яна шундай дейди: «Ҳар бир иш учинчи марта бажарилишида тўлиқ бўлгани каби, «Кўкрак ёрилиши» воқеаси ҳам тўлиқ бўлиши учун учинчи марта содир бўлган. Бундан Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳар бир ишни уч марта бажариш суннатлари эътиборга олинган бўлса ажаб эмас».
«Кўкрак ёрилиши» воқеасининг қайта-қайта содир этилганини таҳоратли кишининг намоз учун яна янгидан таҳорат қилишига ҳам ўхшатса бўлади.
Қуръони Каримда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
«Кимки Aллoҳ шиoрлaрини ҳурмaт қилсa, aлбaттa, (бу) қалбларнинг тaқвoсидaндир» (Ҳаж сураси, 32-оят).
Ушбу ояти каримадаги «шиорлар» сўзининг араб тилидаги шакли «شعائر» – «шаъоир» бўлиб, унинг луғавий маъноси «белгилар», «аломатлар»дир. Истилоҳда эса жумла маъносининг оқимига қараб, «Каъбатуллоҳ», «ҳаж амаллари», «қурбонлик қилинадиган ҳайвонлар», «Аллоҳнинг буйруқлари» ёки «Аллоҳнинг қайтариқлари» деган маъноларда ишлатилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалблари ёрилиши ҳодисаси ҳам Аллоҳ таолонинг нишоналаридан бири ҳисобланади. Шу эътибордан Пайғамбар алайҳиссаломнинг умматларидан «шаққус содр» воқеасига иймон келтириш, бу воқеа хусусида билиб-билмасдан ҳар хил ножўя сўзларни сўзламаслик талаб қилинади.
Бешинчи ҳикмат. Суҳайлий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалблари айнан олтин жомда ювилганига сабаб, эҳтимол, олтиндан қасд қилинган маънога муносиб бўлиши назарда тутилган бўлса керак. Чунки араб тилида – «заҳабун» лафзи «олтин» маъносини билдиради. Бу калима араб тилидаги «кетказиш», «кетиш» маъносини англатадиган «ذَهَابٌ» – «заҳобун» ўзагидан олинган. Шундан кўриниб турибдики, Аллоҳ таоло бу олтин жом билан Пайғамбар алайҳиссаломдан ёмонликларни кетказишни ҳамда ул зотни том маънода поклашни истади. Ҳақиқатда ҳам, таркиби ва хусусиятларига кўра олтин барча ашёлар ичида тоза ва мусаффо эканини кўриш мумкин».
Олтинчи ҳикмат. Ибн Абу Жамра раҳимаҳуллоҳ айтади: «Пайғамбар алайҳиссаломнинг қалблари жаннатдан алоҳида сув олиб келиб ювилмади, балки ердан чиқадиган замзам суви билан ювилди. Чунки замзам сувининг асл келиб чиқиши жаннатдан бўлган ва у кейинчалик ер юзида қарор топган. Бу сув ер юзида қолгани учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баракалари ҳам ер юзида қолиши ирода қилинган».
Бошқа бир олим айтади: «Замзам суви Исмоил алайҳиссаломга ато қилинган бўлиб, у киши замзам сувига ва муборак қадамжонинг соҳиби бўлишдек улкан шарафга эга эдилар. Кейинчалик бундай шарафга эгалик қилиш у зотнинг авлодларидан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга насиб этди. Пайғамбар алайҳиссалом ёшлик чоғларидан замзам сувини ичиб вояга етдилар. Қалблари ва ҳаттоки бутун таналари бу сувга тўлалигича қонган эди. Шунга қарамай, қалблари замзам суви билан ювилишида Исмоил алайҳиссаломдан мерос бўлиб қолган шарафга фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам лойиқ кўрилганларига ишора бор. Ҳақиқатда ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка фатҳидан кейин бу шарафга тўлиқ эгалик қилганлар».
Еттинчи ҳикмат. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалблари ерни покловчи, шифо манбаи ҳисобланмиш қор суви билан ювилганлиги ҳақида ҳам ривоятлар бор. Пайғамбар алайҳиссаломнинг қалблари қор суви билан ювилиши ул зотнинг хотиржам бўлишлари ва қалблари таскин топишини билдиради. Баъзи ривоятларда келишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалблари олтин жомда жаннат суви билан ювилган. Бундан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жаннатнинг хушбўй ҳидидан баҳраманд бўлишлари, завқини туйишлари ҳамда дунёдаги энг зоҳид инсон ва башариятни жаннатга даъват этишга энг иштиёқли киши бўлишлари кўзда тутилган. Ислом тарихидан маълумки, Пайғамбар алайҳиссаломнинг шаънларини ерга уриш ниятида нолойиқ гап-сўзларни тўқиб чиқарадиган кўп душманлари бўлган. Аллоҳ таоло ул зотда хафа бўлиш, сиқилиш ва нолойиқ гап-сўзлардан аччиқланиш каби хусусиятлар бўлмаслигини истади, олижаноблик ва бағрикенглик хислати билан зийнатланиб, гина, адоват, ҳасад каби иллатлардан йироқ бўлсин деб, қалбларини жаннат суви билан ювдирди.
Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
«Шaксиз, биз улaрнинг (сизни мaсxaрa қилиб) aйтaётгaн сўзлaридaн дилингиз сиқилишини билурмиз» (Ҳижр сураси, 97-оят).
Шунинг учун ҳам у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалблари бир неча марта ювилиб, мусаффо ҳолга келтирилди. Натижада қалблари шундай ҳолатга келдики, мушриклар у зотга ҳар қанча азият берсалар ҳам, уларни кечириб юбордилар. Ҳатто Уҳуд куни бошлари ёрилиб, тишлари синганда ҳам: «Аллоҳим, қавмимни мағфират қил, чунки улар нима қилаётганларини билмаяптилар», деб дуо қилдилар.
Саккизинчи ҳикмат. «Ҳикмат» сўзининг қандай маънони ифодалаши ҳақида олимлар турлича фикр билдиришган. Баъзи олимлар: «Ҳикмат – бу Аллоҳ таолони таниш, ақлу заковатли, фаросатли бўлиш, нафсни тарбиялаш, ҳақни рўёбга чиқариш ва унинг зиддига иш қилишдан тийилишни қамраб олган илмдир», дейишган.
Баъзан Қуръонга нисбатан ҳам «Ҳикмат» атамаси қўлланади. Чунки Қуръон барча ҳикматни ўзида жамлаган Китобдир. Гоҳида пайғамбарлик ҳам ҳикмат деб аталади. Баъзида эса «ҳикмат» сўзи фақат илм-маърифатга нисбатан қўлланилади. Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалоний айтади: «Бу хусусда келтирилган таърифларнинг энг саҳиҳи (тўғрироғи) шуки, ҳикмат бир нарсани ўз ўрнига қўймоқ ёки Аллоҳ таолонинг Китобини тўғри фаҳмламоқдир».
Саййид Али Ҳабаший Пайғамбар алайҳиссаломнинг кўкраклари ёрилиши ва ундан шайтоний доғнинг олиб ташланиш ҳодисаси ҳақида шундай деган: «Фаришталар ул зотнинг қалбларидан зарарли нарсани олиб ташламадилар, балки ул зотдаги мавжуд поклик устига яна қўшимча покликни зиёда қилдилар».
Китоб муаллифи Саййид Муҳаммад Ҳасаний айтади: «Шу ўринда «Кўкрак ёрилиши» воқеаси ҳақида шахсий фикримни айтиб ўтмоқчиман. Саййидимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалблари раҳматга тўла эди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:
«(Эй Муҳaммaд,) Биз сизни (бутун) oлaмлaргa aйни рaҳмaт қилиб юбoргaнмиз» (Анбиё сураси, 107-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг раҳматлари барча нарсани қамраб олади. Чунки ул зотнинг раҳматларининг манбаи Аллоҳ таолонинг барча махлуқотларини қамраб олувчи комил раҳмат эди. Лекин Аллоҳ таоло саноқли кишиларнигина (яъни шайтонни, унинг гумашталарию дўстларини ҳамда тақдирига бадбахтлик битилганларни) ўз раҳматидан маҳрум этди. Шундай экан, улар учун Пайғамбар алайҳиссаломнинг кенг қамровли раҳматларидан ҳам ҳеч қандай насиба йўқдир. Мана шу эътибордан олиб қаралганда, Пайғамбар алайҳиссалом кўкракларининг ёрилиши ва ундан шайтоний насибанинг олиб ташланишини шайтоннинг Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг раҳматларидан бенасиб қолиши деб ҳам тушуниш мумкин. Валлоҳу аълам».
(Ушбу мавзу ниҳоясида ҳурматли ўқувчиларимизга бир нарсани таъкидлаб ўтишни лозим топдик. Пайғамбар алайҳиссаломнинг кўкраклари ёрилиши неча бор содир бўлгани ҳақида уламолар турлича фикр билдиришган. Баъзи уламолар тўрт марта содир бўлган деса, бошқа уламолар ушбу ҳодисанинг уч марта содир бўлганини таъкидлашади. Бу борада янада чуқурроқ изланган уламоларимиз «Пайғамбар алайҳиссаломнинг кўкраклари икки марта ёрилган», деган фикрни илгари суришади. Биз ҳам шу фикрга қўшилсак-да, илмий омонатга риоя қилиб, муаллиф раҳимаҳуллоҳ келтирган маълумотларни ўзгартирмаган ҳолда ўқувчиларга тақдим этиш учун кўкрак ёрилишининг учинчи ва тўртинчи бор содир бўлгани ҳақидаги маълумотларни ҳам келтирдик).






