Аллоҳ таоло ва Унинг расули буюрган барча катта ва киччик амалларда ўзига хос фазилатлар бор. Ҳажнинг ҳам фазилатини қуйидаги ҳадислар баён қилинади.
عَن أبي هُرَيْرَة رَضِي الله عَنهُ أَن النَّبِي صلى الله عَلَيْهِ وَسلم قَالَ » مَنْ حَجَّ لِلَّهِ فَلَمْ يَرْفُثْ وَلَمْ يَفْسُقْ خَرَجَ مِنْ ذُنُوبِهِ كَيَوْمِ وَلَدَتْهُ أُمُّهُ» مُتَّفَقٌ عَلَيهِ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳ учун ҳаж қилса, шунга кўра фаҳш сўзламасдан ва фисқ ишларни қилмасдан ҳаж қилса, онаси туққандек кундагидек гуноҳдан покланиб чиқади”, дедилар.Муттафақун алайҳ.
Ҳажни ният қилгандан бошлаб гуноҳлардан онадан туғилган пайтдагидек пок бўлиш ҳаракатига тушиш лозим. Тайёргарлик кўриб олиб, ҳаж давомида бирор оғиз фаҳш сўзларни айтмай, фисқу фасод қилмай юрса, мазкур ваъда қилинган фазилатга етади.
عَن أبي هُرَيْرَة رَضِي الله عَنهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ – صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ -: «الْعُمْرَةُ إِلَى الْعُمْرَةِ كَفَّارَةٌ لِمَا بَيْنَهُمَا، وَالْحَجُّ الْمَبْرُورُ لَيْسَ لَهُ جَزَاءٌ إِلَّا الْجَنَّةُ» مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умра умрагача бўлган ўртадаги гуноҳлар учун каффаротдир. Мабрур ҳажнинг мукофоти фақат жаннатдир”, дедилар.Муттафақун алайҳ.
Мабрур ҳаж:
1. Гуноҳ аралашмаган ҳаж.
2. Аллоҳ таолонинг ҳузурида қабул бўлган ҳаж.
3. Одамлар кўрсин ва эшитсиндан, фаҳш сўзлардан ва фисқ-фасод ишлардан холи бўлган ҳаж.
4. Ҳаждан кейин гуноҳ қилинмаган, ҳақиқий тавба қилинган ҳаж.
5. Киши дунёга тақволи ва охиратга рағбатли бўлиб қайтган ҳаж.
Аллоҳ таоло барча ҳожиларнинг ҳажжини мабрур ҳажлардан қилсин!
Холмўминов Жалолиддин “Кўкалдош” ўрта махсус билим юрти мударриси






