Мамлакатимизда илму маьрифат, беқиёс маьнавият ёйилишига сабабчи бўлган неча – неча азиз зотлар, алломаларнинг қабрлари бор.
Юртимизда кўплаб зиёратгоҳлар қайта бунёд этилди, айримлари эса таьмирланиб, халқимизнинг, азиз зиёратчиларнинг маьнавий мулкига айланди.
Ҳар бир мўъмин-мусулмон муборак зотларнинг, шунингдек, ўз ўтган яқинларининг қабрларини зиёрат қилиб, савоб топишни умид қилади. Зеро, қабр зиёрати мустаҳаб, савобли амалдир.
Ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Қабрларни зиёрат қилишни истаган киши зиёрат қилсин. Чунки қабр зиёрати бизга охиратни эслатади”.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти 1-курс талабаларининг дарсдан сўнг бўш вақтларни мазмунли ўтказиш ҳамда аждодлар мероси билан яқиндан танишиш мақсадида гуруҳ раҳбарлари бошчилигида Ҳазрати имом мажмуасига зиёрат уюштирилди.




Мажмуадаги Қаффол аш-Шоший мақбараси зиёрат қилинди, Бароқхон мадрасасида фаолият юритиб келаётган ҳунармандлар фаолияти билан таништирилди. Шунингдек, Тошкент ислом институтига ташриф буюриб, институт фаолияти билан танишдилар. Мўйи Муборакда сақланаётган “Усмон Мусҳафи” номи билан машҳур қўлёзма билан танишишди. Талабалар тадбир доирасида тарихий ёдгорлик билан танишиш билан бирга унинг тарихий аҳамияти, жаҳон тарихида тутган ўрни ҳақида қизиқарли маълумотларга эга бўлдилар.





Зиёрат мобайнида 2007 йил Тошкент шаҳрининг “Ислом маданияти пойтахти” деб эълон қилинишида юртимизда “Усмон Мусҳафи” нинг асрлар мобайнида сақланиб келаётганлиги ҳамда 1997 йил “Усмон Мусҳафи” ЮНЕСКО халқаро ташкилоти томонидан жаҳон дурдоналари рўйхатига киритилганлиги каби ҳозирги кунда талабалар учун муҳим ҳисобланган маълумотларни билиб олишди.
Раҳматуллоҳ САИДЖАЛОЛОВ
«Кўкалдош» ЎМИБЙ Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими ходими






