Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юртида, ўзининг анъаналарига содиқ қолган ҳолда, жорий йилнинг 21 апрель куни ижоза бериш тадбири ўтказилди. Ушбу тадбир, илмий ва диний таълим жараёнида талабаларимизнинг эришган ютуқларини эътироф этиш мақсадида ташкил этилди.



Тадбир бошида Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти мудири ва исломшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Маъмуржон Эркаев сўзга чиқди. У ўз нутқида илмнинг аҳамияти, Қуръоннинг мусулмонларнинг ҳаётидаги ўрни ва Қуръон илмлари ҳақида батафсил тўхталди. Ўқитувчи, илмни ўрганишнинг аҳамияти, ҳар бир мусулмон учун илмни эгаллаш зарурлигини ва бу жараёнда Қуръон ва суннатга таяниш зарурлигини таъкидлаб ўтди.
Билим юрти мудири ўз марузасида илмни ўрганиш ҳар бир инсон учун зарур эканлигини таъкидлаб ўтди. У илмнинг фақат назарий билимлар йиғиндиси эмас, балки инсоннинг руҳий ва маънавий ривожланишининг асоси эканини айтиб ўтди. Илм, инсонни ўзини англашга, жамиятда ўз ўрнини топишга ва ижтимоий муаммоларни ҳал этишга ёрдам беришини зикр қилиб ўтди.



Тадбир давомида ҳар бир талабалар хусусан Абдурасулов Элдор, Амиров Лочин, Сайфуллаев Адҳам, Раҳимов Муҳаммадазиз, Чориев Муҳаммадсодиқ ва Ўрозов Жавоҳир давра суҳбати давомида чақирилиб, билим юрти мудири ҳамда устози Аббосов Муҳаммадсодиқ тарафларидан ижозалар ва эсдалик совғалари топширилди. Бу жараён талабалар учун катта аҳамиятга эга бўлиб, уларнинг билим ва маҳоратларини эътироф этиш имконини яратди. Ижозалар, уларнинг қийинчиликларни енгиб ўтишлари, билимларини мустаҳкамлашлари ва ўз мақсадларига эришганликларини англатади.

Тадбир сўнгида, юртимиз тинчлиги, барқарорлиги ва китобхонлар учун яратилаётган шароитлар ҳақида сўзлар айтилди. Ўқитувчи ва талабалар биргаликда дуои хайрлар қилиб, юртимиздаги тинчлик ва фаровонликни тилаб, тадбирни якунладилар. Тадбир, талабалар учун илҳом манбаи бўлиб, уларнинг келажакдаги илмий ва диний фаолиятларига ижобий таъсир кўрсатиши кутилмоқда.
«Кўкалдош» ЎМИБЮ Матбуот хизмати






