Аллоҳ таолога беҳисоб ҳамду санолар, Росулуллоҳга саловот ва саломлар бўлсин.
Аллоҳ таоло Рамазон ойини кўп фазилатлар в хусусиятлар билан афзал қилди. Уларнинг бири, балки энг улуғи бу Қурьони Каримни шу ойда нозил қилинишидир.
Аллоҳ таоло айтади:
شهر رمضان الذي أنزل فيه القرآن هدى للناس وبينات من الهدى والفرقان فمن شهد منكم الشهر فليصمه… (سورة البقرة الآية ١٨٥)
Рамазон ойики, унда ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб Қуръон туширилган. Сиздан ким у ойда ҳозир бўлса, рўзасини тутсин…(Бақара сураси 185-оят)
Имом Ибн Касир айтганлар: «У Зот бошқа ойларни ичида рўза ойини мақтади, чунки уларнинг орасида бу ойни Қуръон нозил қилишга ихтиёр қилди. Бу билан хослаганидек, бу ойда бошқа пайғамбарларга илоҳий китоблар тушгани борасида ҳадис ҳам келган.
Имом Аҳмад Восила розияллоҳу анҳудан Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганларини ривоят қилганлар: «Иброҳимнинг саҳифалари Рамазоннинг биринчи кечасида нозил қилинган. Таврот Рамазондан олти кеча ўтганда нозил қилинган. Инжил Рамазондан ўн уч кеча ўтганда нозил қилинган. Ва Аллоҳ Қуръонни Рамазондан йигирма тўрт кеча ўтганда нозил қилган.»» (Тафсирул-Қуръан ил-Азим – Имом Ибн Касир)
Қуръони Карим Рамазон ойининг энг афзал куни «Қадр кечасида» нозил бўлган:
إنا أنزلناه في ليلة القدر (سورة القدر الآية ١)
Албатта Биз уни Қадр кечаси нозил қилдик. (Қадр сураси 1- оят)
إنا أنزلناه في ليلة مباركة (سورة الدخان الآية ٣)
Албатта Биз уни муборак кечада нозил қилдик.(Духон сураси 3-оят)
«Қуръони Карим Қадр кечаси нозил бўлиши» дан мурод нима эканлиги борасида муфассирларда уч хил фикр бордир:
- Қуръони Карим нозил бўлишини бошланиши.
- Қуръони Карим дунё осмонидаги «Байт ул-Изза»га тўлиқ тушган, сўнг воқеларга кўра ажратилиб нозил бўлган.
- Нозил бўлишини бошланиши ҳам, дунё осмонига тушиши ҳам бир кечада бўлган.
Шу сабабдан Рамазон «Қуръони карим ойи» деб номланади. Шариат ҳикматлари ва сир-асрорларидан бири рўза билан Қуръон боғлиқлигидир. Оят ва ҳадислар тааммул қилинса бу нарса очиқ-ойдин кўрилади, масалан:
Имом Аҳмад Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганларини ривоят қилганлар:
«Рўза билан Қуръон Қиёмат куни бандага шафоат қилади. Рўза айтади: «Эй Роббим, уни кундузи таом ва шаҳватлардан тўсдим, мени унга шафоатчи қилгин». Қуръон айтади: «Эй Роббим, уни кечаси уйқудан тўсдим, мени унга шафоатчи қилгин».» «Ва уларга шафоатга изн берилади»,- деб айтдилар.
Имом Аҳмад Абу Қатода розияллоҳу анҳудан шундай деганларини ривоят қилганлар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам душанба куни рўзаси борасида сўралдилар. «У кунда мен туғилганман ва у кунда менга (Қуръон) нозил қилингандир», – деб айтдилар.
Тарих саҳифаларига назар ташласак, Рамазонда кўплаб олимлар барча ишларидан фориғ бўлиб Қуръони Каримни хатм қилиш ва тадаббур қилиш билан машғул бўлганлар. Бу борасида уларнинг хабарлари машҳурдир.
Яна бир ажиб нарсалардан бири Имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг Қуръони Карим борасидаги Аҳли Сунна эътиқодида Муътазилалар фитнасига қарши собит туришлари ҳам Рамазон ойида бўлган. Имом Заҳабий айтганлар: «Рамазонда Имом Аҳмаднинг Қуръон борасидаги синовлари бўлиб ўтган. Хушдан кетгунларича қамчилар билан урилган». (Сияр Аълам ин-Нубала – Имом Заҳабий)
Воқеъликда ҳам дунё бўйлаб кўпчилик Рамазон ойида Қуръон тиловат қиладилар, уни тадаббур қилиб унга амал қилишга шошадилар.
Айниқса, бугунги юртимиздаги карантин шароитида барчамиз уйда қолиб Қуръони Карим тиловати ва хатми билан машғул бўлсак, юқорида зикр қилинган савоб ва фазилатлардан баҳраманд бўлар эдик.
Тафсир китоблари асосида «Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юрти 4-курс талабаси Фозилов Юнусжон тайёрлади.






