«Бас, тунга киришингизда ҳам, тонгга киришингизда ҳам Аллоҳни поклаб ёд этинг. Осмонлару ердаги ҳамду сано Уникидир. Оқшомда ва пешинда ҳам (поклаб ёд этинг). У ўликдан тирикни чиқарур ва тирикдан ўликни чиқарур ва ерни ўлимидан кейин тирилтирур. Шунга ўхшаш, сиз ҳам чиқарилурсиз» (Рум сураси, 17–19-оятлар).
Баъзи муфассирлар: “سبحان الله (Субҳаналлоҳ)дан намоз ирода қилинган ва бу оятда беш вақт намозга ишора бор”, дейдилар. Айрим муфассирлар эса: “سبحان الله (Субҳаналлоҳ)дан мурод Аллоҳ таолони ҳар қандай ноқис сифатлардан поклаб ёд этишдир”, дейдилар. Имом Розий раҳматуллоҳи алайҳ “Тафсирур Розий”да шу иккинчи тафсирни қувватли деганлар.
Аллоҳ таоло бандаларига меҳрибонлик қилиб “тасбеҳ” айтишни баъзи вақтларгагина татбиқ этди. Инсон дунёда яшар экан, ейиш, ичиш, касб қилиш каби ишларга муҳтож бўлгани учун барча вақтини зикрга сарфлашга имкон тополмайди.
Оятда яна бир нозик нукта бор: Аллоҳ таоло кечани кундуздан муқаддам зикр қилди. Чунки каломнинг аввалида ҳам, охирида ҳам охират, қайта тирилтиришнинг зикри келди. Кечаси ҳам охир ҳисобланади. Охиратни эслатиш учун ҳам охирни зикр қилмоқда.
Бу дунёда доимий равишда ўликдан тирик, тирикдан эса ўлик чиқиб туради. Ҳар бир сонияда қандайдир ўсимлик қурийди, бошқаси уруғдан чиқади. Кимдир ўлади, кимдир туғилади. Аллоҳ таоло марҳамат қилди: «Шунга ўхшаш, сиз ҳам чиқарилурсиз». Бунинг маъноси: ўлиб ётган ер ёмғирдан кейин тирилгани каби сиз ҳам ўлганингиздан кейин қайта тирилтирилиб, қабрингиздан чиқариласиз. Бу иш ўлик ерни ёмғир ила тирилтирган Аллоҳ таоло учун жуда осондир. Шундай экан, ўша кунга ҳозирдан тайёргарлик кўраверинг. Атрофга ибрат кўзи билан қараган киши Аллоҳ таолонинг комил сифатларига далолат қилувчи жуда кўп оят, белгиларни кўради.
“Кўкалдош” ўрта махсус
ислом билим юрти мударриси






