Тарихдан маълумки, жамиятда бирор йирик ҳодиса – тарихий воқеа юз бериши, хусусан, бирор илм-фаннинг юзага келиши учун даставвал шунга зарурат, сўнгра шунга имкон берадиган шарт-шароит бўлади. Араб тилшунослик илмининг, хусусан, унинг сўз ва жумлалар таркибини ўрганадиган қисми – наҳв ва сарфнинг шаклланиб, ривожланиши ҳам бундан мустасно эмас. Аксар олимлар: “Араб тилининг грамматикаси, яъни наҳв илмининг пайдо бўлиб ривожланиши ислом дини юзага келиши ва шаклланиши билан бевосита боғлиқдир. Чунки араблар исломдан олдин бундай қоидаларга муҳтож бўлмаган. Бунга қисман Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳаётликларида ва хулафои рошидинлар замонларида содир бўлган баъзи воқеалар сабаб бўлган”, деган фикрни илгари сурганлар.
Дарҳақиқат, наҳв илми ислом дини шарофати ила юзага келди ва ривожланди. Каломуллоҳ – Қуръони карим Ҳижоз арабларининг, аниқроғи, Қурайш қабиласининг тилида нозил бўлди. Муборак оятлар дастлабки пайтларда уларни Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўз қулоғи билан эшитган саҳобаларнинг ёдларида сақланар эди.
Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва саллам билан бевосита мулоқотда бўлган саҳобаларнинг кексайиб, оламдан ўтиб бораётганларини кўрган халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу Қуръони карим сураларини ишончли манбаалардан тўплаб қоғозга туширишни буюрди. Бу вазифа ҳижрий 25-йилда бажарилди. Қуръони каримнинг тарихга “Мусҳаф Усман аш-шариф” (Усмон Мусҳафи шарифи) номи билан кирган бу дастлабки нусхаларида фақат ундош товушларни билдирувчи ҳарфлар нуқталарсиз ва “ҳаракат” – унлиларни билдилувчи белгиларсиз ёзилган эди. Бу даврга келиб ислом динини кўпгина миллат ва элатлар қабул қилганди. Мусулмонларни Қуръони каримни тўғри ўқиш, тушунишга ўргатиш керак эди. Бунинг учун биринчи галда араб тилининг қонун-қоидалари, яъни наҳвни ишлаб чиқиш зарур бўлиб қолди.
Араб тилининг ажралмас қисмига айланган наҳв илмининг юзага келиш омиллари, ҳамда унинг асосчилари борасида манбааларда турли хил ривоятлар мавжуддир. Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу унинг асосчиси, у билан содир бўлган воқеа наҳвнинг пайдо бўлишига сабаб, деган фикр улар ичида энг машҳуридир. Бу ҳақида Шайх Муҳаммад ат-Тантовий “Нашъатун-наҳв ва тариху ашҳарин-нуҳат” (Наҳв илмининг пайдо бўлиши ва машҳур наҳвшунослар тарихи) асарида наҳв илмининг пайдо бўлиш сабаблари қаторида ушбу ривоятни ҳам келтириб ўтади. Бир куни Али розияллоҳу анҳу бир кишини Қуръони каримнинг “Тавба” сурасидаги ушбу:
وَأَذَانٌ مِنَ اللَّهِ وَرَسُولِهِ إِلَى النَّاسِ يَوْمَ الْحَجِّ الْأَكْبَرِ أَنَّ اللَّهَ بَرِيءٌ مِنَ الْمُشْرِكِينَ وَرَسُولُهُ ٍ
(Шунингдек, (бу) Аллоҳ ва (Унинг) Пайғамбаридан «Ҳажжи акбар» (Қурбон ҳайити) куни одамларга Аллоҳнинг ва Расулининг мушриклардан безор эканликларини эълони (ҳам)дир.)
3-оятидаги (росулуҳу — رَسُولُهُ) сўзини (росулиҳи-رَسُولِه) (унда оятнинг мазмуни “Аллоҳ мушриклардан ва Ўз Росулидан безордир” бўлиб қолади) деб ўқиётганини эшитиб қаттиқ ғазабланади. Шундан кейин Ҳазрати Али ўша замоннинг олимларидан Абул-Асвад ад-Дуалийни чақириб, мусулмонларга Қуръони каримни тўғри ўқиб, тўғри тушунишларига ёрдам берадиган қоида ва йўриқлар мажмуасини тузишни топширади.
Арабларнинг грамматика – наҳв илми ислом шарофати билан пайдо бўлди ва тарихан жуда қисқа вақт ичида – VIII-IХ- асрларда шаклланди, ҳамда Х-асрдаёқ тўлиқ бир фан сифатида юзага келди. Хусусан, халифалар Мансур, Ҳорун ар-Рашид, Маъмун даврларида халифаликнинг марказий шаҳарлари бўлган Басра, Кўфа ва Бағдод иқтисодий ва маданий жиҳатдан ривож топди. Маданият, илм-фан тараққий этди. Дастлаб наҳв илми Ироқнинг Басра шаҳрида шаклланди. Балки шунинг учун ҳам бўлса керак, наҳв илмида Басра шаҳри мактаби кенг оммалашди.
Бизнинг Мовароуннаҳр ўлкаларида ҳам айнан Басра йўналишига амал қилинган, басралик наҳвшунос олимларнинг асарлари кенг кўламда ўқиб ўрганилган.
Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, наҳв илмининг юзага келиши ислом дини билан чамбарчас боғлиқдир. Зеро, мусулмон олимлари бу ҳақида: “Қуръони каримнинг ўзи мўжиза, унга боғлиқ илмлар, жумладан, наҳв илми ҳам Аллоҳ таолонинг иродаси ва мадади ила мўжизавий тарзда юзага келди”, — дея эътироф этадилар.
“Кўкалдош” ўрта махсус
ислом билим юрти мударриси
Аҳмедов Охунжон.