«У зот саводсизлар ичидан, гарчи улар бундан аввал очиқ залолатда бўлсалар ҳам, уларга оятларини ўкиб берадиган ва уларни поклайдиган ҳамда китобни ва ҳикматни ўргатадиган Пайғамбарни юборди»
(Жумьа сураси, 2-оят).
Яъни, Аллоҳ таоло аксар инсонлари ўқишни ва ёзишни яхши билмайдиган арабларга ўзларидан бўлган уммий элчини юборди. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда: “Албатта, биз ёзишни ва ҳисобни билмайдиган уммий умматмиз”, дейилган
(Имом Буҳорий, Имом Муслим, Имом Абу Довуд ва Имом Насоий ривояти).
Анкабут сурасининг 48-оятида Аллоҳ таоло: «Сиз илгари бирор китобни тиловат қилувчи эмас эдингиз ва қўлингиз билан хат ҳам ёзган эмас эдингиз. Акс холда, бузғунчилар, албатта, шубҳага тушган бўлур эдилар», деб марҳамат қилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўқишни ҳам, ёзишни ҳам билмайдиган, бирор кишидан таълим олмаганликларига қарамай, умматларига уларни дунёю оҳират яхшилигига йўллайдиган,куфр, гуноҳлар ва жоҳилият иллатларидан поклайдиган Қуръон оятларини тиловат қилиб берар эдилар. Гарчи қавмлари жоҳилият замонида очиқ-ойдин залолатда бўлсалар-да, у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга Қуръон, суннат ва шариат аҳкомларидан таълим берар эдилар. Зеро, улар қадимда Иброҳим алайҳиссаломнинг динини маҳкам тутган эдилар. Лекин аҳли китоблар каби у (дин)ни ўзгартириб, тавҳидни ширкка алмаштирган ва Аллох таоло изн бермаган нарсаларни ўйлаб топган эдилар.
Сўнгра Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни арабларни ёлғиз ўзига эмас, балки бутун инсониятни қамраб олувчи комил шариат билан расул қилиб юборди. У зотга нозил қилган каломида эса инсоннинг дунё ва оҳирати учун муҳтож бўладиган барча нарсаларни баён қилиб, уларни жаннатга ва Ўзининг розилигига олиб борадиган нарсаларга чақирди. Жаҳаннамга ва Ўзининг ғазабига олиб борадиган нарсалардан эса қайтарди.
Ояти каримада уммий арабларга юборилди деб зикр билан хосланди. Чунки Пайғамбар алайҳиссалом уларга хоссатан, жамики инсонларга эса омматан расул қилиб юборилганлар. Аъроф сурасининг 158-оятида: «Айтинг (Эй Муҳаммад!): “Эй одамлар! Мен сизларнинг барчангизга (юборилган) Аллоҳнинг расули (Элчиси)дирман..’”» дейилган. Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рисолатлари фақат арабларга эмас, балки қиёматгача келадиган барча инсонлар учундир.
Имом Мовардий раҳимаҳуллоҳ Набий алайҳиссаломнинг уммий элчи қилиб юборилишида учта сабабни зикр килган: биринчиси, олдинги анбиёлар башоратларига мувофик, бўлишлари учун; иккинчиси, у зотнинг ҳолатлари умматларининг ҳолатига ўхшаш бўлиши учун; учинчиси, у зотга ваҳий қилинган Қуръонни ва сир-асрорларни таълим беришлари борасидаги ёмон гумонни кетказиш учун.
Манбалар асосида “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Авазбек ЖУМАБОЕВ тайёрлади.





