#Долзарб_мавзу
#Раддия
Камолиддин Ибн Ҳумом Ҳанафий роҳимаҳуллоҳ (ҳижрий 861 йилда таваллуд топганлар): “Фатҳул қодир”ни ёзишда Ҳаж ҳақидаги сўзларининг охирида Набий (сав)нинг қабрларини зиёрати ҳақида шундай дейдилар: “Машойихларимиз роҳимаҳумуллоҳлар: “Набий (сав)нинг қабрларини зиёрат қилиш энг афзал мандуб ишлардан ҳисобланади. “Маносикул фикри ва шарҳил мухтор” номли китобида: “Албатта бу иш кенглиги бор инсон учун вожибга яқин амал ҳисобланади”, деб айтишган”. Имом Дору Қутний ва Имом Баззор Расулуллоҳ (сав)дан: “Ким менинг қабримни зиёрат қилса унга менинг шафоатим вожиб бўлибди”, деган ҳадисни ривоят қилишади. Имом Доруқутний Расулуллоҳ (сав)дан: “Ким зиёратчи бўлиб келса-ю ва унинг мени зиёрат қилишдан бошқа амали бўлмаса, Қиёмат куни у киши учун шафоатчи бўлишим менинг устимдаги ҳаққим бўлиб қолади” ва “Ким ҳаж қилса ва менинг бу дунёдан кейин қабримни зиёрат қилса, гўёинки мени ҳаётлик вақтимда зиёрат қилгандек бўлади”, деган ҳадисларини ривоят қилганлар.”
Ва гапларида давом этиб: “Сўнгра қабри шарифни олдига келади ва орқасини қиблага қилиб унинг деворига юзланади, деб айтадилар. Абу Лайсдан “Қиблага юзланади” деган сўз мардуд (яъни рад этилган, қабул бўлмаган) ҳисобланади, бунга далил: Абу Ҳанифа розияллоҳу анҳу ўзларининг муснадларида Абу Ҳурайрадан ривоят қилган сўзлар: “Набий (сав)нинг қабрларига қибла томондан келиш ва орқасини қиблага қилиб, қабр томонга юзланиш суннатдан ҳисобланади.”
Сўнгра Ибн Ҳумом қуйидаги гапни айтадилар: “Зиёратчи Аллоҳ таолодан Ўз Набийи (сав)нинг ҳузурида туриши билан тавассул қилиб ўз ҳожатларини сўрайди. Сўраладиган нарсаларнинг энг буюк ва аҳамиятлиги чиройли хотима, Аллоҳнинг розилиги ва мағфирати.” Сўнгра Набий (сав)дан шафоатни сўрайди ва қуйидагиларни айтади: “Ё Расулуллоҳ сиздан шафоат сўрайман, сизнинг миллатингиз ва суннатингизга кўра мусулмон ҳолимда вафот топишим ҳақида Сиз билан тавассул қиламан”, деб ҳар бир ялиниш ва мулойимлик йўли билан айтиладиган нарсаларни зикр қилади.”
Сўнгра Ибн Ҳумом сўзларида давом этиб: “Ҳар куни Бақеъ қабристонига чиқиб, “Бақеъул ғарқад”1 даги қабрларни зиёрат қилади. Сўнг пайшанба куни эрта тонгдан Уҳуд тоғига боради ва у ерда Уҳуд шаҳидларини зиёрат қилади. Ўз зиёратини Ҳамза розияллоҳу анҳунинг қабридан бошлайди ва Уҳудни ўзини ҳам зиёрат қилади. Расулуллоҳ (сав)дан саҳиҳ ривоят бор: “Уҳуд тоғи бизни яхши кўради ва биз ҳам уни яхши кўрамиз”. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (сав) Мусъаб Ибн Умайр (р.а) нинг қабрини олдида туриб: “Мен гувоҳлик бераманки, улар Аллоҳнинг ҳузурида тирикдурлар, бас, уларни зиёрат қилинглар ва уларга салом беринглар. Нафсим Унинг қўлида бўлган зотга қасамки, бирон киши уларга салом берса, улар албатта Қиёматгача (унинг) саломига жавоб берадилар”. Сўнгра Камолиддин Ибн Ҳумом айтадилар: “Ва ўзининг аҳлига қайтиши аниқ бўлган кишига “Қабри шарифга” бориб, у ерда Расулуллоҳ (сав)га салом бериб, ўзи ва ота-онаси учун маҳбуб бўлган дуоларни қилиш мустаҳаб бўлади”.
Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти матбуот котиби Рустам Охунжонов таржимаси
1.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан олдин зиёрат қилиб, қабрдагилар ҳаққига истиғфор айтган қабристон






