


Бугун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари “Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида мадрасага ташриф буюрдилар. Муфтий ҳазратлари ҳамда уларга ҳамроҳлик қилиб келган меҳмонларни таълим муассасаси раҳбари бошчилигида мадраса жамоаси самимий кутиб олди.
Ташриф мажмуа шаклида қурилган XVI асрга оид кўҳна илм даргоҳи таркибига кирувчи масжид фаолияти билан танишувдан бошланди. Масжидда талабаларнинг кундалик намозларга имомликка ўтиши, жума намозида маъруза қилиш орқали ўзига хос амалиёт ўташлари ҳақида маълумот берилди.

Муфтий ҳазратлари дарс жараёнлари билан танишиб, талабалар билан суҳбатлашдилар. Талабаларнинг ҳадисларни араб тилида ўқиб, она тилимизга таржима қилиш, араб тилидаги матнларни таркиб қоидалари асосида изоҳлаб бериш борасидаги қобилиятларини юқори баҳоладилар. Айниқса, 4-курс талабаси А.Абдумавлонов мадраса тарихи ва ўзининг араб тилини ўрганиш жараёнлари ҳақида араб тилида равон сўзлаб берганлиги муфтий ҳазратлари томонидан алоҳида эътироф этилди.



Муфтий ҳазрат, шунигдек, таълим муассасаси қошидаги студия фаолияти, у ерда медиа маҳсулотларининг тайёрланиш жараёни билан ҳам қизиқдилар. Муассасанинг ахборот ресурс марказидаги шароитлар ҳамда марказ фондининг замонавий адабиётлар ва мутахассисликка оид дарслик ва қўлланмаларга бой эканлиги ҳам муфтий ҳазратларида катта таассурот қолдирди.



Шундан сўнг, таълим муассасасининг маънавият залида ўқитувчи ва талабалар иштирокида муфтий ҳазратлари билан учрашув ташкил этилди. Ҳазрат ўз маърузаларида ҳозирги кунда мамлакатимизда диний соҳада амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар, сўнгги йиллардаги диний таълимдаги ижобий ўзгаришлар ҳақида гапирар экан, собиқ иттифоқ даврида Мир Араб мадрасасида иттифоқ бўйича бор йўғи 16 нафар талаба таҳсил олганлигини эслаб ва буни ҳозирги кун билан таққослар эканлар, бу хайрли эврилишлар учун Яратганга шукр қилиш, дориломон замона имкониятларидан унумли фойдаланиб, билим ва малакаларимизни мустаҳкамлаш борасида қатэият кўрсатиши лозимлиги борасида насиҳатлар қилиб, «Толиби илмда тақво бўлса Аллоҳ таоло илмни қалбига жойлайди», деган илоҳий ҳақиқатни эслатиб ўтдилар.




Тадбир сўнггида бир қанча жонкуяр мударрис ва фаол талабалар муфтий ҳазратлари томонидан тақдирландилар.

Таълим муассасаси раҳбарияти ҳамда у ерда фаолият олиб бораётган устозлар ва ходимларга миннатдорлик билдириб, барчанинг ҳаққига дуойи хайрлар қилинди.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси
матбуот хизмати






