Шайх Юсуфхонтўра Шокиров 1926-йилда Қирғизистоннинг Тўқмоқ шаҳрида диндор ва зиёли оилада таваллуд топган. Унинг болалик ва йигитлик йиллари мураккаб тарихий давр — Иккинчи жаҳон уруши йилларига тўғри келиб, бу ҳолат унинг ҳаётга, сабр ва масъулиятга бўлган муносабатини эрта шакллантирди. Дастлабки диний таълимни у отаси Олимхонтўрадан олади. Оиладаги маърифий муҳит, эътиқод ва илмга бўлган ҳурмат ёш Юсуфхонтўранинг қалбида билимга чанқоқликни уйғотади. Оила бағрида олган сабоқларини мустаҳкамлаш мақсадида у 1948-йилда Мир Араб мадрасасига таҳсил олиш учун Бухорога кетади. Бу даргоҳ унинг маънавий камолотида муҳим ўрин тутади. Мир Араб мадрасасида таълим олаётган йиллари у диний илмларни пухта эгаллайди. Мадраса таълимининг учинчи йилида отаси Олимхонтўранинг муборак ҳаж сафарига отланиши унинг ҳаётида муҳим воқеалардан бири бўлади. Таълимни муваффақиятли давом эттирган Юсуфхонтўра кейинчалик, 1955-йилда марказнинг ижозати билан Мисрдаги Ал-Азҳар университетида таҳсил олиш имкониятига эга бўлади. Ал-Азҳар университетида ўқиш йиллари унинг илмий ва маънавий дунёқарашини янада кенгайтиради. Араб тили ва адабиётини чуқур ўрганиб, исломий манбаларни англашда мустаҳкам асосга эга бўлади. 1961-йилда ушбу олийгоҳни аъло баҳоларга тамомлаб, Ватанга қайтади. Шайх Юсуфхонтўра Шокиров умрининг кейинги йилларида илм ва маърифатни ёш авлодга етказиш ишига катта аҳамият беради. У Мир Араб мадрасаси ҳамда Тошкент Ислом институтида араб адабиёти, тафсир, ҳадис ва балоғат фанларидан дарс бериб, кўплаб шогирдларнинг шаклланишига ҳисса қўшади.
Шунингдек, у маънавий меросни халқ орасида тушунарли шаклда етказиш йўлида меҳнат қилиб, “Қиссаси Рабғузий” китобидаги оят ва ҳадисларни таржима қилади. Алишер Навоий асарлари тилининг изоҳли луғати устидаги ишларда иштирок этиши ҳам унинг илм ва маърифатга бўлган садоқатини яққол намоён этади. Шайх Юсуфхонтўра Шокировнинг ҳаёт йўли илмга муҳаббат, эътиқодга содиқлик ва маънавиятни улуғлаш билан йўғрилган бўлиб, у қолдирган илмий мерос бугунги авлод учун ҳам бебаҳо манбадир.
✍️ Raxmatulloh Abdumalikov
Koʻkaldosh OʻMIBY 2-kurs talabasi





