Намоздан сўнг имом дуо қилади ва қолганлар омин деб туришликнинг шаръий эканлиги ҳақида
Бу ҳақда бир нечта ҳадислар ва асарлар ворид бўлган. Масалан, Ибн Касир тафсирида: “Ибн Можа ривоят қилади ва унинг лафзи қуйидагича: “Яҳудийлар сизга намоздан кейинги салом ва (дуога) омин деб туришингиздан кўра бирон нарсага ҳасад қилмадилар”.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Яҳудийлар сизга намоздан кейинги салом ва (дуога) омин деб туришингиздан кўра бирон нарсага ҳасад қилмадилар, шундай экан Омийн деган сўзни кўпайтиринг, деб марҳамат қилдилар”.
Ибн Мардовайҳ Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алай васаллам: “Омийн сўзи Оламлар Парвардигорининг Ўз мўмин бандаларига бўлган муҳридир”, деб марҳамат қилдилар.
Анас розияллоҳу анҳудан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менга мендан олдин ҳеч кимга (бирон бир пайғамбарга) берилмаган нарса берилди у намоздаги ва дуодаги омийн, магарам Мусо алайҳиссаломга дуо қилганлари ва Ҳорун омийн деб тургани бор. Шундай экан, сизлар дуоларингизни омийн билан тугатинг. Аллоҳ таоло дуоингизни ижобат қилади, деб марҳамат қилдилар.”
“Матолибул олийя” номли китобда, Анас Ибн Моликдан ривоят қилинади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Менга уч хислат: намозда саф бўлиб туриш, аҳли жаннатнинг таҳийяси бўлган саломни бериш ва мендан олдин ўтган пайғамбарларнинг биронтасига берилмаган омийн сўзи берилди, фақатгина Ҳорун алайҳиссаломга Аллоҳ таоло уни берди, чунки Мусо алайҳиссалом дуо қилсалар Ҳорун алайҳиссалом омийн деб турар эдилар.”
Имом Дайламийнинг муснадида (2 мужаллад/225 бет) Ибн Аббосдан марфуъ бўлиб ривоят қилинади: “дуо қилувчи ва омийн деб турувчилар ажр савобда шерикдурлар, (Қуръон) қироат қилувчи ва унга қулоқ солувчи ажрда шерикдурлар, олим ва таълим олувчи ажрда шерикдурлар.”
Муновий “Файзул қодир” номли китобда (1мужаллад/566 бет): “Қуръони карим ояти далолат қилганидек “(Аллоҳ) деди: «(Иккингиз менга қилган) Дуоларингиз ижобат бўлди. (Юнус сураси 89-оят)”. Ушбу суранинг 88-оятида “Мусо алайҳиссалом: «Парвардигоро….” деб дуо қилган эди. Бу Мусо алайҳиссалом дуо қилувчи ва Ҳорун алайҳиссалом омийн деб турувчи эканига далолат қилади. Аллоҳ таоло Ҳорун алайҳиссаломни дуо қилувчи деб номлади, чунки у зот омийн деб туришлари билан дуога шерик бўлдилар.”
Табароний мўъжамида (4 мужаллад/21 бет): (Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Ҳубайб ибн Маслама Фиҳрийдан ривоят қилдилар – у зот дуолари ижобат бўлгувчи кишилардан – у зот қўшинга амир эдилар, қўшин йўлга чиқиб душманга йўлиқди, шунда Ҳубайб инсонларга қарата: “Мен Раосулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: Бир қавм жамланиб бирлари дуо қилса ва қолганлари омин деб турса, Аллоҳ таоло албатта уларнинг дуосини ижобат қилади, деб айтдилар.”) Мажмаъул Фавоид китобида 1/266 : (Табароний ривоят қилган, унинг ровийлари саҳиҳ кишилар фақатгина Ибн Лаҳийъадан ташқари, ва у ҳасан ҳадисдир.)
“Мажмаъу завоид”да (9 мужаллад /497 бет) : Саъд Ибн Абий Ваққосдан Абдуллоҳ Ибн Жаҳшга Уҳуд куни Аллоҳга дуо қилмайсизларми?, деб айтди. Мусулмонлар бир холи жойга ўтиб Саъд розияллоҳу анҳу Ё Парвардигор агар менга душманни йўлиқтирсанг, менга жасур, ғазаби қаттиқ кишини рўбарў қил, мен у билан сенинг йўлингда урушай ва сен менга унинг устидан зафар бергин токи мен уни устидан ғолиб келиб ўлжасига эга бўлай, деб дуо қилдилар Абдуллоҳ Ибн Жаҳш омийн деб турдилар…. Табароний ривояти. Ҳоким 2/86 ривоят қилганлар: бу ҳадисни Муслимнинг шартига кўра саҳиҳдир, деб айтганлар. Улар ушбу ҳадисни тахриж қилишмаган. Заҳабий ўзларининг талхисларида бу ҳадисни Муслимнинг шартига кўра саҳиҳ деганлар.
Рустам Охунжонов
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом таълим муассасаси матбуот котиби






