Мутаассиблик (арабча متعصب ва грекча фаватионус, яъни фанатизм) – маълум бир мафкура ва қарашларга, айниқса, диний-фалсафий, миллий ва сиёсий соҳаларда ҳаддан зиёд, кўр-кўрона ва ҳиссиётларга берилиб эргашиш ва уларга амал қилиш. Қандайдир тушунчаларга, эътиқодга ёки дунёқарашга содиқликнинг энг сўнгги даражаси. “Кашшофу истилоҳотил фунун” китоби–да “мутаассиблик, гарчи далил кўриниб турган бўлса ҳам, бир томонга мойиллик туфайли ҳақни рад этишдир” деб таърифланган.
Дунё яратилибдики, Аллоҳ таоло инсониятга кетма-кет шариатларни юборди ва бу шариатлар элчилар, яъни пайғамбарлар орқали бизларга етказилди. Ҳар бир келган шариат ўзидан олдингисининг ҳукмини кетказиб, янада мукаммал қилган ҳолатда ўзгараверди, шу ўринда бизда нотўғри тушунча пайдо бўлмаслиги учун шуни айтишимиз керак-ки, Аллоҳ таолонинг ҳукми ислоҳотларга муҳтож эмас ва ўзгаришликлар биз инсонларни Ўзига яқинлаштиришлик учун Роббимизнинг босқичма-босқич берган тарбияси эди. Аллоҳ таоло ниҳоят ўзининг сўнгги расули Муҳаммад с.а.в.га охирги шариати исломни юборди. Ислом кўплаб қийинчиликларни бошидан ўтказган ҳолатда бугун улуғ мақомига эришди, лекин минг афсуслар бўлсинки, шайтон ва унинг инсон кўринишидаги малайлари исломни ёмон қилиб кўрсатишлик мақсадида соф эътиқоддаги мўмин-мусулмонларга ҳар тарафдан ҳужум қилмоқда.
Бугунги кунда диний мутассиблик, экстремизм, терроризм каби сўзлар кўпайиб кетишлиги мана шу ҳужумларнинг оқибатидир. Натижада дунёда исломофобия деган тушунча кучайиб, инсонларнинг исломга нисбатан нафрат ва ғазаб билан қарайдиган қатлами пайдо бўлишига сабаб бўлди. Ўзи мутассиблик нима ва унинг замонавий кўриниши қандай?
Диний мутаассиблик, бу ғулувга кетишлик деганидир ва бу нарсадан бизни Пайғамбаримиз с.а.в. ҳам қайтардилар. Чунки биздан олдинги насоролар ҳам Аллоҳ буюрмаса ҳам роҳиблик йўлини тутди ва бу бугун Европада кенг тарқалган баччабозлик иллатини келтириб чиқарди. Исо а.с.ни инсонлик мақомидан илоҳийлик даражасига чиқаришлик билан эса ҳақ йўлдан адашиб кетдилар. Аллоҳ таоло уларни ҳаддан ошишдан қайтариб: “Эй китоб аҳли, динингизда ғулувга кетманг ва Аллоҳ ҳақида фақат ҳақ сўзнигина гапиринг!” деди (Нисо сураси, 171-оят).
Бу каби ҳаддан ошишлик афсуски, бизларга ҳам бегона эмас. Тарихдан яхши маълумки, кўплаб адашган тоифа ва фирқалар, залолатга кетиб қолган одамлар динда, эътиқодий масалаларда ҳаддан ошиб, ғулувга кетганлари учун тўғри йўлдан озиб, жоҳиллик ботқоғига ботдилар. Диний мутаассиблик динни яхши тушунмасдан, шариат ҳукмлари, фиқҳ илмини ва ақидани тушунмасдан Аллоҳга чинакам ибодат қилиш каби олий мақсадлар туфайли юзага келган. Яъни инсон илмсизлик ва жаҳолат билан Аллоҳга ибодат қилса, у инсоннинг нияти гарчи ўз кўнглида гўзал бўлмасин, тўғри йўлдан адашишлиги муқаррардир.
Расулуллоҳ с.а.в. ҳам динда ғулувга кетишдан қайтариб: “Динда ғулувга кетишдан эҳтиёт бўлинг! Зеро, сизлардан аввалги қавмларни ҳалокатга туширган нарса бу динда ғлувга кетиш эди”. Сўнгра, уч марта: “чуқур кетувчилар ҳалок бўлдилар”, “чуқур кетувчилар ҳалок бўлдилар”, “чуқур кетувчилар ҳалок бўлдилар”, – дедилар (Имом Муслим ривояти).
Демак пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в. бизни ҳаддан ошишликдан қайтараётган эканлар, иншааллоҳ, амалларимизни ислоҳ қилиб, ибодатларимизда мўтадилликни лозим тутайлик. Зеро, Аллоҳ таоло: “… Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди”, (Бақара сураси, 185-оят) – деб марҳамат қилади.
Анваржон Абдуғаниев
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом таълим муассасаси 4-курс талабаси






